11.05.2026

Машҳур ҳанафий фатво тўпламлари (2-қисм)

10) “Фатовои Аттобийя” (Аттобийнинг фатволари). Ушбу фатво тўпламининг бошқа номлари “Жавомеул фиқҳ” (Фиқҳ тўпламлари) ва “Жомеул фиқҳ” (Фиқҳ тўплами) ҳам деб аталади. Унинг муаллифи Зайниддин Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар Аттобий Бухорий (ваф. 586/1190). “Кашфуз зунун” (Гумонларни очиш)да унинг тўрт жилддан иборат экани айтилган. Муаллиф асари муқаддимасида ҳодиса ва воқеаларда эҳтиёж тушадиган масалаларни йиғишга ҳаракат қилганини баён этган ва 30 нафарга яқин ҳанафий фақиҳларининг номларини тилга олиб, уларнинг фатволаридан фойдаланганини, истифода асносида уларнинг фақат номлари ёки нисбаларини зикр қилиб кетганини қайд қилган. Мазкур фатво тўплами ҳам ҳанузгача нашр этилмаган.

11) “Фатовои Қозихон” (Қозихоннинг фатволари). Уни манбаларда “Фатовои Хония” ёки қисқача “ал-Хония” номлари билан ҳам зикр этилади. Унинг муаллифи Фахриддин Қозихон Ҳасан ибн Мансур ибн Маҳмуд Ўзгандийдир (ваф. 592/1196). Унда воқе'ликда кўп содир бўладиган масалалар тўпланган. Асар “Фатовои Сирожийя” ҳамда “Фатовои Оламгирия” билан биргаликда нашр этилган. Асарнинг муқаддима қисмида фатво олиш одоблари, расм-русумларига тўхтаб ўтилган.

12) “Фатовои Динорий” (Динорийнинг фатволари). Абу Наср Алоуддин Абдулкарим ибн Юсуф ибн Муҳаммад ибн Аббос Динорий (1123-1197) асари бўлиб, Динор Астробод яқинидаги шаҳарча номига нисбатдир. Мазкур асар ҳанафийлик фиқҳидаги энг қадимий форс тилидаги фатво тўпламларидан биридир. Асарда муаллиф “Навозил” ва “Воқеот” масалаларини форс тилида жамлашга киришганини ва унга “Ужубатул фатово” деб ном қўйганини қайд қилган. Аввалига асар муаллифга келган саволларга жавоблар тарзида, китоб, боб ва фаслларга ажратилмасдан тузилган. Кейинчалик уни 40 та китоб ва ички жинсларга ажратиб, муаллифнинг ўзи уни “Ал-Мутажонис мин Ужубатул фатово” (Ажабланарли фатволардан ҳамжинслари) деб номлаган. Мазкур фатво тўплами “суила” (сўралди), “ужоба” (жавоб берилди) тарзида савол-жавоб шаклида тартибга солинган. Тошкент давлат Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари маркази фондида мазкур фатво тўпламининг учта нусхаси бўлиб, (иккитаси ХVI асрда кўчирилган) муаллиф номи негадир Алоуддин Абу Бакр Ҳусайн ибн Ҳасан Ахсикатий Самарқандий Динорий деб берилган.

13) “Фатовои Темуртоший” (Темуртошийнинг фатволари). Абул Аббос Заҳириддин Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад Темуртоший Хоразмий (ваф. 601/1205) асари. Тошкент давлат Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари маркази фондида унинг қўлёзма нусхаси мавжуд. Мазкур фатво тўплами ҳам нашр қилинмаган.

14) “Захиратул фатово” (Фатволар захираси). Бурҳониддин Садрул ислом Маҳмуд Бухорий (1156-1219) асари бўлиб, “Захиратул бурҳония фил фатово” номи билан ҳам юритилади. Муаллиф буни ўзининг катта ҳажмли “Муҳитул Бурҳоний” асаридан қисқартириб тузган, бунинг ўзи ҳам икки жилддан иборат. Муаллиф ушбу асарида наводир масалалари ва ундан кейинги э'тиборли фатволарни тўплашга ҳаракат қилган. Мазкур фатво тўплами нашр этилмаган. Тошкент давлат Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари маркази фондида унинг Темурийлар даврида китобат қилинган ноёб нусхалари мавжуд.

15) “Татимматул фатово” (Фатволар тугалланмаси). Бурҳониддин Садрул ислом Маҳмуд Бухорий (1156-1219) асари. Уни “Тамматул фатово” ҳам дейилади. Асар фиқҳ соҳасида муҳим бўлган бўлимлар: таҳорат, намоз, закот, ҳаж, никоҳ, талоқ, бай ва зиёратул қубурга оид фатволар мажмуасидан иборат. “Кашфуз зунун”да айтилишича, мазкур асар аслида Ҳусомуш шаҳид (1090-1141) қаламига мансуб бўлиб, мавзуларга, китоб ва бобларга ажратилмаган бўлган. У кейинчалик нома'лум кимса томонидан чала тартибга солинган. Садрул ислом уни бирма-бир тузатиб, тартибга солган, янги мавзулар ва масалалар қўшиб қайта ишлаган. Мазкур фатво тўплами нашр қилинмаган.

16) “Фатовои Заҳирия” (Заҳириддиннинг фатволари). Заҳириддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар Бухорий (ваф. 619/1222) асари. У Бухорода муҳтасиблик қилган таниқли ҳанафий олимидир. У Заҳириддин Абул Маҳосин Ҳасан ибн Али Марғинонийнинг (ХII аср) шогирдларидан бўлиб, унинг ҳам фатво тўплами мавжуд. Бироқ Заҳириддин Бухорийнинг фатво тўплами машҳурроқ ва “Фатовои Заҳирия” номи билан шуҳрат топган. Унда Заҳириддин Марғиноний ва унинг отаси Заҳириддин Кабир номи билан танилган Али ибн Абдулазиз Марғиноний (ваф. 506/1112) номлари ҳурмат билан тилга олинган. “Фатовои Заҳирия”нинг муқаддимаси илмнинг фазилати ҳақидаги иборалар билан бошланган: “Илмнинг фазилати махфий бўлмаган фазилатдир, жаҳолатнинг разолати эса инкор қилинмайди. Илмли киши олий даражаларга эришади. Жаҳолат билан эса пасткашликнинг жарликларига тушиб кетилади. Илмнинг навлари ва синфлари жуда кўп. Уларнинг ичида энг кўп учрайдиганлари иложсиз фиқҳга муҳтож бўлади. Аллоҳ фиқҳ билан қадрли қилган кимсага кўп яхшилик берган бўлади…”. Асардаги ҳар бир китоб аввалида бу китоб нечта боб ёки фаслдан иборат экани, уларнинг номлари бирма-бир зикр қилинган. Китоблар гоҳида қисм, нав ва муқаттаот номли бўлимларга ҳам ажратилган. Фатво тўплами “Фароиз китоби” билан тугаган.

17) “Ятиматуд даҳр фий фатово аҳлил аср” (Аср аҳолисининг фатволарида замона ягонаси). Алоуддин Абдурраҳим ибн Умар ибн Абдуллоҳ (Муҳаммад) Таржумоний (ваф. 645/1247) асари. Мазкур фатво тўплами 33 китобдан иборат бўлиб, савол-жавоб тарзида тузилган. Муаллиф асар муқаддимасида ўз отаси Умар ибн Муҳаммад Таржумоний ва бошқа ўндан ортиқ таниқли ҳанафий фақиҳларининг номларини тилга олиб, уларнинг фатволаридан фойдаланганини баён этади. Айниқса, “Воқеот” масалаларидан кўпроқ фойдаланганини зикр қилган. Фиқҳий масалалар кимлардан сўралгани, улар қандай жавоб берганлари ёзилгандан сўнг муаллиф ўз фикрини ҳам бериб кетган ва жавобларга ўзининг муносабатини ҳам билдирган. Мазкур фатво тўплами нашр қилинмаган. Фиқҳий манбаларда уни қисқача “Ятима” ёки “Ятиматул фатово” ҳам дейилади. Мазкур асар хоразмлик Алоуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Хоразмий Таржумоний Маккийга (1197-1257) ҳам нисбат берилган.

18) “Фатовои Татархония” (Татархоннинг фатволари). Фаридиддин Олим ибн А'ло Ҳанафий (ваф. 786/1384) асари бўлиб, Ферузшоҳ Туғлуқ (1351-1388) даврида унинг ташвиқоти билан битилган ва унинг амирларидан бири Таторхонга бағишланган. Мазкур фатво тўплами 777/1375-76-йилда ёзиб тугатилган бўлиб, уни “Зодул мусофир” (Мусофир озуқаси) ёки “Зодус сафар” ҳам дейилади. “Ал-Ҳидоя” каби китоб ва бобларга бўлинган бўлиб, унда “Муҳитул Бурҳоний”, “Захиратул Бурҳония”, “Фатовои Қозихон”, “Фатовои Заҳирия” китобларидаги масалаларни тўплашга ҳаракат қилинган.

19) “Фатовои Баззозия” (Баззознинг фатволари). Муҳаммад ибн Муҳаммад Кардарий Баззозий Хоразмий (ваф. 827/1424) қаламига мансуб ушбу фатволар тўпламининг яна бир номи “Жомеул Важиз” (Мўжаз тўплам) ва “Фатовои Кардарий” (Кардарийнинг фатволари)дир. Муаллиф уни 812/1409-йилда ёзиб тугатган, унда воқеот ва фатово жанрларида келтирилган масалаларнинг энг муҳимларини 52 та китобда жамлашга ҳаракат қилган. Бошқа мазҳаб фикрлари ва мазҳаб масалаларининг далилларига тўхталиб ўтирмаган. Қозон, Булоқ ва Қоҳирада нашр этилган.

20) “Фатовои Шайбоний” (Шайбонийнинг фатволари). Али ибн Муҳаммад Али ибн Али ибн Маҳмуд Мухторий Кубровий Хоразмий (ХVI аср) асари бўлиб, муаллиф уни Шайбонийхонга (1500-1510) бағишлаб 1496-йилларда ёза бошлаган. Ҳанафийлик фиқҳига оид ушбу фатво асари араб тилида ёзилган бўлиб, 43 та китобга бўлинган. Асарнинг Тошкент давлат Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари маркази фондида 15 га яқин нусхалари бор ва улар илмий тавсиф этилган. Улардан иккита нусха автограф эканлиги тахмин этилган. “Фатовои Шайбоний” асарининг 960/1553-йилда Муҳаммад Темур номли котиб кўчирган нусхасида муаллиф шу йили Тошкент ҳокими Наврўз Аҳмад (1544-1552) саройига борганлиги қайд этилади. Демак, у ХVI асрнинг 50-йиллар охирида вафот этган. Муаллиф кейинчалик “Фатовои Шайбоний”нинг қисқа вариантини яратади, у “Фатовои Алия” (Алининг фатволари) деб аталган бўлиб, Убайдуллоҳхонга (1487-1540) бағишлаган.

21) “Фатовои Зайния” (Зайниддиннинг фатволари). Зайниддин (Зайнул обидин) ибн Нужайм Мисрий (1519-1563) асари бўлиб, у машҳур “Баҳрур роиқ”нинг муаллифи ҳамдир. Мазкур фатво тўпламини унинг ўғли Аҳмад тартибга солган. Асар “Фатовои Ғиёсия” (Ғиёсиддиннинг фатволари) билан биргаликда Булоқда 1322-йилда нашр этилган.

22) “Фатовои Хайрия” (Хайрли фатволар). Хайриддин ибн Аҳмад ибн Али Айюбий Рамлий (1585-1671) асари бўлиб, тўла номи “Фатовои Хайрия фий наф'ил барийя” деб аталган. Икки жилдли ушбу фатво тўплами муаллифнинг ўғли ва шогирди томонидан тартибга солинган. Асар Булоқ, Истанбул ва Қоҳирада бир неча мартадан нашр этилган.

23) “Фатовои Оламгирия” (Оламгирнинг фатволари). Унинг яна бир номи “Фатавойи Ҳиндия” бўлиб, Бобурийлар (1526-1858) сулоласи вакили Аврангзеб Оламгир (1659-1707) буйруғига биноан бир гуруҳ салоҳиятли фақиҳлар томонидан ёзилган ва унинг шахсий назорати остида тугатилган[1]. Мазкур йирик ҳажмли фатво тўплами 1663-1670-йиллар (айримлар фикрича, 1682-1690-йиллар)да Низомиддин Бурҳонпурий (Шайх Низом) раҳбарлигида 40 нафарга яқин олимлар гуруҳи томонидан тайёрланган. Тўпламни яратишда тўрт гуруҳга бўлиниб ишланган: аввалги тўртдан бирига Шайх Важиҳиддин, иккинчи қисмига Шайх Жалолиддин, учинчи қисмига Қози Муҳаммад Ҳасан, охирги бўлагига Мулла Ҳамид Жунпурий бошчилик қилган ва Шайх Низом раҳбарлиги ва муҳаррирлигида муваффақиятли тугатилган. Кейин эса 500 нафар маҳаллий уламоларнинг назаридан ўтказилган.

“Фатовои Оламгирия” қозилик ишларини бажариш ва давлатни бошқариш учун асосий қонун ўрнида ишлатилган. Мазкур асар урду тилига ҳам таржима этилган бўлиб, у 1889-йилда Лакнауда нашр этилган. “Фатовои Оламгирия” Ҳиндистонда, Байрутда бир неча марта нашр қилинган.

24) “Уқудуд дуррия ли танқиҳил Фатовои Ҳомидия” (Ҳомиднинг фатволарини поклаш учун дурли маржон). Ибн Обидин (1783-1836) “Фатово Ҳомидия” асаридаги масалаларни саралаб танлаб олган. “Фатово Ҳомидия” асари Ҳомид ибн Али ибн Иброҳим Имодий Димишқий (1692-1757) қаламига мансуб. Муаллиф 1725-1742-йилларда 18 йил Шомда қозилик қилган вақтда тушган саволларга жавобан ёзилган “Фатовои Ҳомидия” асарининг тузатилган, қайта ишланган варианти ҳисобланади. “Уқудуд дуррийя” Булоқ ва Қоҳирада нашр этилган.

25) “Мажмуатул фатово” (Фатволар мажмуаси). Абдулҳай ибн Абдулҳалим Лакнавий (1847-1886) асари. Мазкур фатво тўплами муаллиф муфтий бўлиб турганида тушган саволларга жавоб сифатида тузилган бўлиб, савол арабча бўлса араб тилида, урдуча бўлса урду тилида, форсча бўлса форс тилида фатво берилган. Айрим фатволарнинг аниқлиги учун бошқа уламо ва фақиҳлардан тақризлар олингани мазкур фатво тўпламининг аҳамиятини оширади. Фатволар машҳур ҳанафий олимлари ва уларнинг асарлари асосида ёзилган бўлиб, аксар ўринларда ҳар бирининг Қур'он ва ҳадисдан далиллари ҳам келтирилган. Уч жуз қилиниб алоҳида ва қисқартирилиб “Хулосатул фатово” ҳошиясида Ҳиндистонда нашр этилган[2].

 

Мухторов Исроилжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] Maosiri Olamgiriy (Olamgirning xayrli ishlari). Muhammad Mustaidxon Soqiy. / Fors tilidan tarjima, lug‘at va izohlar muallifi: I.Nizomiddinov. – T.: Movarounnahr, 2013. – 414-415-bet.

[2] Fiqhiy yo‘nalishlar va kitoblar. Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf. – Toshkent: Sharq; 2011. – 131-bet.

Izoh qoldirish

Izohlar