Қуръони карим нозил бўлгунга қадар араб тили (2-қисм)
Араб тили грамматикасининг "фитрий" (табиий) хусусиятлари. Жоҳилия даври араб тили ўзининг математик аниқлиги ва мураккаб ички қонуниятлари билан тилшунослик оламида ноёб ҳодиса ҳисобланади. Бугунги кунда араб тили грамматикасини (Наҳв ва Сарф илмларини) ўрганиш талабалардан йиллаб меҳнат ва қалин китобларни мутолаа қилишни талаб этади. Бироқ, Жоҳилия даври бадавийлари бу қоидаларни ҳеч қандай ёзма дарсликларсиз, мактаб ёки мадрасасиз, шунчаки кундалик ҳаётда, "фитрий" (туғма) инстинкт даражасида мукаммал қўллаганлар.
Ўша давр араб нутқининг энг ҳайратланарли жиҳати "Иъроб" тизимидир. Иъроб — бу гап таркибидаги сўзларнинг охирги унли товушлари (дамма, фатҳа, касра) орқали гапнинг маъносини ва сўзларнинг ўзаро муносабатини белгилашдир. Бадавийлар саҳронинг шовқинли шароитида ҳам, гапнинг бошида ёки охирида келишидан қатъи назар, ким ишни бажарганини (фўил) ва иш кимнинг устига тушганини (мафъул) фақат сўз охиридаги битта товуш орқали аниқ ажрата олишган. Масалан, "قتل عمرا زيد" деб айтилганда, гапнинг тартиби ўзгарган бўлса-да, "زيد" сўзи охиридаги "у" (дамма) товуши унинг қотил эканини, "عمرا" сўзи охиридаги "а" (фатҳа) товуши эса унинг ўлдирилганини билдиради. Бу тизим нутққа ниҳоятда катта эркинлик ва мосланувчанлик берган. Араб нотиқлари сўзлар тартибини ўзгартириш орқали тингловчининг диққатини ўзларига жалб қилишган, лекин грамматик аниқлик бир лаҳза ҳам йўқолмаган.
Жоҳилия араби сўз ясаш санъатида ҳам мислсиз маҳоратга эга эди. Улар биргина уч ҳарфли ўзакдан (масалан, ك-ت-ب) ўнлаб, юзлаб янги маъно ва шаклларни ясай олишган. Бу жараён улар учун қандайдир илмий лаборатория эмас, балки жонли ва табиий жараён бўлган. Ҳар бир феъл шакли (вазни) ўзига хос нозик маъно юкини ташиган. Масалан, оддий ҳаракат билан узоқ давом этадиган ёки шиддатли ҳаракатни ифодалашда феълнинг шаклини ўзгартириш орқали бутун бир тасвирни яратишган.
Нима сабабдан бадавийлар грамматикани шунчалик мукаммал билишган? Бунга асосий сабаб — изоляция. Чўлнинг чуқур ерларида яшаган қабилалар бошқа тиллар (форс, юнон, сурёний) билан деярли мулоқотда бўлишмаган. Уларнинг тили ташқи таъсирлардан ҳимояланган "лаборатория шароити"да ривожланган. Улар учун тил ўзлигининг асоси эди. Грамматик хато қилиш (лаҳн) ўша пайтда энг катта шармандалик, ҳаттоки насл-насабнинг пастлигига ишора деб қабул қилинган. Ҳатто кичик ёшдаги болалар ҳам катталарнинг маҳоратли нутқини тинглаб, қоидаларни миясига муҳрлаб боришган. Жоҳилия даврининг ҳар бир вакили, аслида, туғма тилшунос эди. Бу табиий грамматика кейинчалик Ислом даврида араб тили қоидаларини китобларга туширишда (Сибаивайҳ каби олимлар томонидан) энг ишончли манба бўлиб хизмат қилди. Биз бугун қоидаларни китобдан қидирсак, ўша давр араблари бу қоидаларни ўзларининг эркин ва нафис нутқларида яшатишган.
Табиат ва инсон мулоқотининг лингвистик инъикоси. Жоҳилия даври араб тили ўзининг синонимларга бойлиги ва маъно кўламининг кенглиги билан дунё тиллари орасида феноменал ўринга эга. Агар биз ўша давр лексикасини (сўз қатламини) таҳлил қилсак, тилнинг ривожланиши бевосита саҳро ҳаёти, табиат ҳодисалари ва бадавийларнинг кундалик эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлганини кўрамиз. Араблар учун табиат шунчаки атроф-муҳит эмас, балки улар билан доимий мулоқотда бўлган тирик бир мавжудот эди.
Жоҳилия арабининг тасаввури ва синчковлиги ҳайратланарли даражада бўлган. Улар ўз ҳаёти учун муҳим бўлган ҳар бир нарсани микроскоп остида кузатгандек тасвирлашган. Масалан, оддийгина "ёмғир" сўзини олсак. Саҳро аҳолиси учун сув — ҳаёт манбайи. Шунинг учун улар ёмғирнинг ҳар бир томчисини ўзига хос тарзда номлашган: الرذاذ - Энг майда, шабнам каби ёғадиган ёмғир. الوابل - Шиддатли ва ернинг чангини босувчи жала. الغيث - Айнан қурғоқчилик вақтида, нажот бўлиб келган ёмғир. الحيا - Ерга жон бахш этувчи, ўсимликларни ундирувчи ёмғир. Бундан ташқари, "арслон" учун 500 дан ортиқ (масалан: أسد، ليث، غضنفر، أسامة), "қилич" учун 200 дан ортиқ ном ишлатилгани тилшунослик тарихида кам учрайдиган ҳолатдир. Ҳар бир синоним шунчаки сўз эмас, балки предметнинг бирон-бир ҳолатини ифодалаган. Масалан, صمصام — эгилмайдиган, ўткир қилич бўлса, مهند — ҳинд пўлатидан ясалган қилич маъносини берган.
Бадавийнинг ҳаётини туясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун туя билан боғлиқ сўзлар бутун бир энциклопедияни ташкил этади. Туянинг ёши, жинси, юриш тезлиги ва ҳатто сув ичиш одатига қараб юзлаб атамалар шаклланган. Масалан: الناقة - урғочи туя, الجمل - эркак туя,الحوار - янги туғилган туя боласи,القعود - минишга ярайдиган ёш туя. Туянинг чанқоқ ҳолатининг ўзи учун 10 дан ортиқ сўз бўлган. Бу бадавийларга ўзаро мулоқотда ортиқча тушунтиришларсиз, битта сўз билан вазиятни тўлиқ тасвирлаш имконини берган.
Жоҳилия араблари вақтни ҳам ниҳоятда нозик бўлакларга бўлишган. Уларда "тонг" сўзининг ўзи қуёш чиққунига қадар бир неча босқичга бўлинган: الصبح, الفجر , الإشراق. Тун ва куннинг ҳар бир соати ўзининг махсус номи билан аталган. Бу эса уларнинг ҳаёт тарзида интизом ва табиат билан ҳамоҳанглик қанчалик кучли бўлганини кўрсатади.
Бу давр тили фақат конкрет нарсалар билан чекланмаган. Абстракт тушунчалар ҳам жуда нафис ифодаланган. Масалан, саховатли инсонни таърифлашда كثير الرماد ("кули кўп", яъни меҳмонлар учун доим овқат пиширади) ёки ботир инсонни لبس الثوب بالموت ("ўлимни кийим қилиб кийган") каби иборалар билан тасвирлашган. Бундай мажозлар нутқни гўзаллаштириш билан бирга, инсон тасаввурини бойитган.
Хулоса қилиб айтганда, Жоҳилия даври лексикаси — бу саҳро сивилизатсиясининг сўзлардаги харитасидир. Бу бойлик келгусида араб тилини жаҳоннинг энг илмий ва фалсафий тилларидан бирига айланишига пойдевор бўлди.
Риторика ва нотиқлик санъати: "Укоз" бозори мисолида. Жоҳилия даври араб жамиятида нотиқлик санъати (الخطابة) ва риторика нафақат санъат тури, балки қабилавий ҳаётнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий воситаси бўлган. Бадавийлар учун сўз қудрати қилич зарбидан ҳам ўткирроқ ҳисобланган. Урушларни тўхтатиш, сулҳ тузиш ёки қабиланинг шарафини ҳимоя қилишда нотиқлар (خطيب) асосий ролни ўйнаганлар.
Жоҳилия нотиқлари ўз нутқларида қофияли наср — سجع (сажъ) услубидан кенг фойдаланганлар. Бу услуб тингловчининг қулоғига мусиқий оҳанг бўлиб кирган ва айтилган фикрнинг хотирада муҳрланишини таъминлаган. Нотиқлар нутқ сўзлаётганларида баланд жойга (минбарга) чиқишган ва қўлларида асо ёки найза тутиб, ўз сўзларига салобат беришган. Уларнинг нутқи қуйидаги учта асосий устунга таянган: 1. Фасоҳа – сўзларнинг талаффузда енгиллиги ва луғат қоидаларига мослиги. 2. Балоғат – фикрнинг вазиятга мос бўлиши. 3. Ийжоз – "Қисқалик — гўзалликдир" тамойилига амал қилиш.
Нотиқлик санъатининг энг юксак намойиши ҳар йили Макка яқинида бўлиб ўтадиган “Уккоз” бозорида кўринган. Бу жой шунчаки савдо-сотиқ маркази эмас, балки бутун Арабистоннинг интеллектуал маркази эди. Бу ерда турли қабилалардан келган нотиқлар ўзаро беллашганлар. Бу ерда энг машҳур бўлган хатиблардан бири — Қусс ибн Сўида ал-Иёдий эди. Унинг нутқлари мантиқий қуввати ва фалсафий теранлиги билан ажралиб турган. Унинг: "Эй инсонлар, эшитинглар ва англанглар! Ким яшаса — ўлади, ким ўлса — ўтиб кетади ва келаётган ҳар бир нарса келади..." (أيها الناس، اسمعوا وعوا، من عاش مات، ومن مات فات، وكل ما هو آتٍ آت) деб бошланувчи нутқи жоҳилия риторикасининг энг юксак намунаси ҳисобланади. Жоҳилия даври риторикаси бир неча муҳим йўналишларга эга эди:
- Ал-муфохара - ўз қабиласининг аслзодалиги ва қаҳрамонликлари билан фахрланиш;
- Ал-мунофара - икки киши ёки қабила ўртасидаги низоларни нутқ орқали ҳал қилиш.
- Ал-ислоҳ - Урушаётган томонларни яраштириш ва сулҳга чақириш.
Нотиқлар ўз нутқларида тез-тез мақол ва маталлардан фойдаланишган. Бу эса нутқнинг халқчил ва таъсирли бўлишини таъминлаган. Масалан, "Энг яхши гап — қисқаси ва маъно берадигани" каби иборалар айнан ўша давр риторикасининг маҳсулидир. Хулоса қилиб айтганда, жоҳилия даври нотиқлиги араб тилининг грамматик ва лексик имкониятларини амалиётда намойиш этувчи майдон бўлган. Бу даврда шаклланган нутқий услублар, ташбеҳлар ва мантиқий қурилмалар келгусида Ислом дини нозил бўлганда, одамларнинг Қуръон фасоҳатини тезда англашларига ва қабул қилишларига катта ёрдам берди.
Эшбоев Шахзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar