ЖАЛОЛИДДИН СУЮТИЙНИНГ ИСЛОМ ОЛАМИДАГИ ТУТГАН ЎРНИ
Жалолиддин Суютий нафақат Мамлуклар даврининг алломаси, балки ўз даврининг илоҳиётчиси ва мужтаҳид олими сифатида ҳам катта шуҳрат қозонган буюк сиймолардан биридир. Шу боисдан ҳам Яманнинг энг кўзга кўринган уламоларидан бири Муҳаммад ибн Али Шавканий (1173-1255/1759-1839) ўзининг “Ал-Бадр ат-Толиъ” номли асарида у киши ҳақида: “Ўзининг замондошларидан ўзиб кетди. Зикри ва шон-шуҳрати машҳур бўлди. Фойдали китоблар тасниф қилди” деб алломанинг илмий салоҳиятига юксак баҳо берган.
Жалолиддин Суютий ўтган кўплаб уламолар сингари ўз даврининг кенг тарқалган илмларини ўзлаштирган кўп қиррали сиймолардан бири ҳисобланади. Аммо унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганган олимлар Жалолиддин Суютийнинг тафсир, ҳадис, фиқҳ, улумул Қуръон, тарих, наҳв, балоғат каби кўплаб илмларида пешқадам бўлганликларини ва мазҳаб ичидаги мужтаҳидлик даражасига чиққан етук камоли илм соҳиби бўлганлигини таъкидлайдилар.
Манбалардан маълумки, ўша вақтда Мамлуклар давлати ҳақиқий маънода ислом дунёсининг марказига айланди ва мана шу тарихий вазиятда ислом оламини маълум маънода тўлиқ тормор бўлишидан сақлаб қолди. Бу ҳолатда Мамлуклар билан Амир Темур ва Темурийлар ўртасида сиёсий ва илмий соҳаларда ўзаро алоқалар мавжуд бўлиши табиий эди.
Жумладан, XV асрда яшаган Мамлуклар даврининг таниқли тарихнавислари, жумладан Ибн Халдун, Ибн Дуқмоқ, Жалолиддин Суютий, Қалқашандий, Саҳовий, Бадриддин Айний, Ибн-Ийос, Ибн Тағриберди, Ибн Ҳажар Асқалоний, Мақризий ва бошқалар ўз тарихий асарларида Амир Темурга, айниқса унинг шахсига, Ироқ, Шомга қилган ҳарбий юришлари, дипломатик алоқалари ҳақида кўпдан кўп қимматли маълумотларни келтирганлар. Бироқ зикр қилинган ушбу шахслар томонидан араб тилида ёзилган асл манбаларнинг аксарияти ҳали ҳануз юртимизда амалга оширилаётган илмий тадқиқотларда ўрганилиш жиҳатдан ўз аксини топганича йўқ.
Жумладан, Жалолиддин Суютийнинг ўттизга яқин турли-хил асарлар асносида ёзилган автобиографик “Ҳусн ал-муҳазоро фи ахбари Миср ва-л-Қоҳира” (Миср ва Қоҳира хабарлари тўғрисида гўзал маъруза) номли асарида XIV аср охири ва XV асрдаги Миср давлатидаги сиёсий ҳаёт, жумладан, Миср мамлуклари ва Амир Темур ўртасида бўлиб ўтган жараёнлар ҳақида тўҳталиб ўтганлиги ҳам бу икки давлат ўртасида ҳам сиёсий ҳам илмий узвий алоқалар мавжуд бўлганлигини кўрсатади.
Манбалардан маълумки, Амир Темур ўз давлати билан Миср мамлуклар султонлари ўртасида яхши қўшничилик ва нормал алоқалар ўрнатишга кўп саъй-ҳаракат кўрсатди. Нисбатан қисқа муддат – 1386 йилдан 1405 йил мобайнида Амир Темур билан Миср султонлари Барқуқ ва Фараж, шунингдек, уларнинг Суриядаги ноиблари ўртасида таҳминан 25 марта элчилар ва мактублар алмашилди. Масалан, 1393 йилнинг октябръ ойида Амир Темур Қоҳирага ўша даврда Мовароуннаҳрнинг кўзга кўринган аъёнларидан бири шайх Суваҳ бошчилигида эътиборли миссия билан кўпдан кўп қимматбаҳо совғалар ва султон Барқуққа мактуб ҳам юборган.
Бу нарсалардан кўринадики, мамлуклар ҳукм сурган вақтдаги араб дунёси ҳамда Амир Темур ва Темурийлар салтанати ўртасида илмий ва сиёсий нуқтаи назардан узвий алоқалар мавжуд бўлган. Бироқ бу элчилик ва шартномалар тўғрисидаги маълумотлар устида тадқиқотлар олиб бориш бугунги кунда бутун мусулмон тарихчилар учун муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Шу жиҳатдан XIV асрлик тарихи Ислом диёри билан узвий боғлиқ бўлган юртимизда ҳам фақатгина Мамлуклар даври эмас, балки бутун Ислом оламининг етук илоҳиёт олими бўлмиш Жалолиддин Суютийнинг ҳаёти ва у қолдирган улкан илмий мерос қимматли ва қадрлидир. Дарҳақиқат, унинг асарларини ўзбек тилига ўгириш ҳамда бу тўғрисида илмий тадқиқотлар олиб бориш юртимиз тадқиқотчиларининг бугунги кундаги энг муҳим вазифаларидан бўлиб қолмоқда.
Фойдаланилган адабиётлар
- Муҳаммад ибн Али Шавканий. Ал-Бадр ат-Толиъ. – Қоҳира: “Дорул исламий тасвир”. 1429/2009. III.
- Убайдулло Уваттов. Соҳибқирон Амир Темур араб муаррихлари нигоҳида. – Тошкент: “Шарқ нашриёти” . 1997.
Имом Термизий ўрта махсус ислом
таълим муассасаси АРМ кутибхоначиси
Нуралиев Умид
Izohlar