18.06.2026

ЖОНЛИҚ СЎЙИШНИНГ СУННАТ ВА ОДОБЛАРИ

Ислом дини жонлиқ сўйишда ўзига хос суннат ва одобларни белгилаб берган. Агар буларга амал қилмаса, сўйиш амалиётига таъсир қилиши, макруҳ ва манъ қилинган ишларга олиб боришини уқтиради. Сўйишга доир одоб ва суннатлардан энг муҳмларини келтириб ўтамиз:

1. Сўйишда ниятни тўғри қилсин. Яъни, сўяётган ҳайвони қурбонлик бўлсин, ёки назр бўлсин, ёхуд аҳлига таом улашиш мақсадида бўлсин, Аллоҳдан савоб умид қилиб сўйсин. Шунингдек сўйиш одобига риоя қилишда ҳам Аллоҳ таолодан савоб умидида бўлсин.

2. Сут бериб турган ҳайвонни сўймасин. Яъни, сути ичилиб фойдаланиб турилган ҳайвонни сўймасин. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сут берадиганини сўймагин”, деганлар. Бу одоб бизга исломнинг мусулмон киши фойдаланиши мумкин бўлган нарсадан маҳрум бўлмасликка ҳарис эканини кўрсатади.

3. Бир ҳайвоннинг олдида бошқасини сўймаслик. Товуқ бўлсин, ёки ўрдак, ёхуд бирор ҳайвонни бошқа шерикларига кўрсатиб сўймаслик керак. Чунки бу нарса уни қўрқитиб қўяди, ўлимнинг оғриқларини унга зиёда қилади. Хусусан боласини онасининг олдида, онасини эса боласининг олдида сўймаслик лозим. Бу нарсалар раҳимсизликнинг белгиларидандир. 

4. Пичоқ ёки қилич каби тиғи ўткир асбоб билан сўйиш лозим. Ўтмаси билан сўймаслик керак. Булар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзига хилоф бўлади: “Забиҳасини (яъни, сўядиган ҳайвонни) оромлантирсин” Муслим ривояти. Чунки пичоқнинг тиғи қанчалик ўткир бўлса, ҳайвонга шунчалик раҳим қилинган бўлади.

5. Сўйиш амалини тезлик билан бажарсин. Бунда ҳам ҳайвонда ором олиш бўлади.

6. Сўювчи ва сўйиладиган ҳайвоннинг бўғизланиши қибла тарафга қараган бўлсин. Чунки қибла Аллоҳ таолога тоат учун рағбат қилиб юзланадиган тарафдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳу қибладан ўзга тарафга қараб сўйилган гўштдан ейишни хуш кўрмасди.

7. Пичоқни сўйилувчи ҳайвонни ётқизмасдан олдин ўткирлаб олиш. Ҳайвонни сўйишга ётқизгандан сўнг пичоқни ўткирлаш макруҳдир.

Имом Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар: “Бир киши қўйни сўйишга ётқизди. Ва у пичоқни ўткирлаб турарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Уни ўлимлар билан ўлдиришни истадингми, пичоғингни уни ётқизишдан олдин ўткирламайсанми?”, дедилар.

8. Ҳайвонни чап тарафи билан мулойим, шафқат ила ётқизишлик. Уни қаттиқ йиқитмаслик, сўйиладиган жойга судраб олиб бормаслик.

9. Ҳайвонни сўйиладиган жойга оҳиста, мулойимлик билан ҳайдаб бориш.

10. Сўйишдан олдин ҳайвонга сув бериш.

11. Агар ҳайвон қурбонлик каби бирор қурбат учун сўйилаётган бўлса, тасмия айтишдан олдин уч марта такбир айтиб, сўнгра “Аллоҳумма ҳаза минка ва илайка, фа тақоббалҳу минний”. Яъни, “Аллоҳим бу Сендан, ва Сенгадир. Буни мендан қабул қилгин”, десин ва "Басмала" айтсин. 

12. Сўювчи сўйишни ўнг қўли билан бажарсин.

13. Сўйишда ҳаддан ошиб кетмасин. Яъни, ҳайвон ҳаракатдан тўхтаб тинчланмагунича орқа миясигача ёки бошини узиб юборгудек кесмасин, ёхуд бўйнини синдириб юбормасин, терисини шилишга ҳам киришмасин. Чунки булар ҳайвонга оғриқни зиёда қилади.

14. Кундузи сўйиш. Сўйиш одобларида камчиликларга йўл қўйиш мумкинлиги сабабидан тунда сўйиш Ҳанафий мазҳабимизга кўра макруҳи танзиҳий ҳисобланади. 

Сўйишликда макруҳ бўлган ишлар.

1. Қибладан бошқа тарафга юзлантириб сўйиш. Чунки бундай сўйиш суннатга хилоф бўлади.

2. Қўйни боғламасдан, ётқизмасдан сўйиш. Туяни эса ётқизиб сўйиш. Чунки бундай сўйиш суннатга хилоф бўлиб қолади.

3. Сўйишда ҳайвонга азоб бериш. Бошини бутунлай узиб юбориш, бўйнини синдириш каби. 

4. Ҳайвонни сўйиладиган жойга судраб олиб бориш.

5. Ҳайвонни боғлаб қўйиб ёнида пичоқни ўткирлаш.

6. Сўйишни бошқа ҳайвонларга кўрсатиб амалга ошириш. 

7. Ҳайвон ҳаракатдан тўлиқ тўхтаб, тинчланмасдан орқа миясигача ёки бошини узиб юборгудек кесиб юбориш, бўйнини синдириш, терисини шилишга киришиш.

8. Одатда сўйиш асбоби ҳисобланмайдиган тиш, тирноқ ва суяк кабилар билан сўйиш. Аммо ушбу нарсалар танадан ажраган бўлиши шарт. Агар ажрамаган бўлса мазкур нарсалар билан сўйилган ҳайвон гўшти ҳалол бўлмайди. 

 

Низомиддинов Ҳошимжон – Имом Термизий номидаги ислом институти катта ўқитувчиси 

 

Имом Термизий НИИ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar