ГЎШТИ ЕЙИЛАДИГАН ВА ЕЙИЛМАЙДИГАН ҲАЙВОНЛАР
Гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар. Озиқ тишлари ёки тирноқлари билан ов қиладиган ҳайвонлар гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар ҳисобланади. Чунки ҳадиси шарифда “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир озиқ тишли йиртқич ҳайвонни ейишдан қайтардилар.” дейилган. Мазкур озиқ тишли йиртқич ҳайвонларни уламоларимиз одатда тиши ёки тирноғи билан ов қилиб яшайдиган шер, йўлбарс, бургут ва калхат каби ҳайвонлардир деганлар.
Шунингдек, “Уларга нопок нарсаларни ҳаром қиладиган” (Аъроф 157) маъносидаги оятга биноан қурт-қумурсқа, сичқон, илон, чаён, суварак, ари, қурбақа, типратикон, бурга, пашша, тошбақа каби нопок ҳайвонларни ейиш ҳаром ҳисобланади. Сиртлон ва тулкилар ҳам ейилмайди.
Гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар (чўчқа ва одамдан ташқари) шаръий сўйиш қоидаларига риоя қилиб сўйилган бўлса, уларнинг терилари, жунлари, ёғларидан фойдаланиш мумкин. Масалан ит шариатга мувофиқ ҳолатда сўйилса, унинг гўшти ё ёғини ейиш ҳалол бўлмаса-да, терисидан ошлаб ё ошламасдан маҳси қилиб кийиш, ёғидан баданга суртиб фойдаланиш мумкин.
Қуруқлик тошбақаси ҳам, денгиз тошбақаси ҳам ейилмайди.
Шер, қирғий, тулки, калхат, айиқ, бўри, сувсар, олмахон, қарчиғай, сиртлон, қурбақа, бургут, гўнгқарға, фил, йўлбарс, бўрсиқ, маймун, типратикон, қоплон, мушук, жайралар каби озиқ тишлари ва тирноқлари билан ов қиладиган ёки нопок нарсалар таҳтига кирадиган барча ҳайвонларнинг гўштлари ейилмайди. Ўлакса ейдиган олақарға ейилмайди. Чунки у ҳам оятда баён қилинган нопок нарсалардан ҳисобланади.
Гўшти ейиладиган ҳайвонлар
Гўшти ейиладиган ҳайвонлар деганда шариъат ман қилмаган, “Уларга нопок нарсаларни ҳаром қиладиган” маъносидаги оятнинг таҳтига кирмайдиган қўй, эчки, қора мол, туя, зебра каби барча ҳайвонлар тушунилади.
От гўштини ейиш жоиздир. Қуён гўштини ейиш жоиз ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пиширилган қуён гўшти ҳадя қилинганда ундан еганлар ва асҳобларини ҳам ейишга буюрганлар. Зеро қуён йиртқич ҳам, ўлакса ейдиган ҳайвон ҳам эмасдир. Қуён гўштини ейишни саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар, тобеинлардан Икрима, фуқаҳолардан Муҳаммад ибн Абу Лайлоларгина макруҳ санашган. Сув ҳайвонларидан фақатгина балиқ ҳалол ҳисобланади.
Низомиддинов Ҳошимжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar