Илмни амал билан мустаҳкамлаш
Ислом динида илм энг улуғ неъматлардан бири ҳисобланади. Бироқ илмнинг ҳақиқий самараси уни ҳаётга татбиқ этиш, яъни амал қилиш билан намоён бўлади. Амал билан мустаҳкамланмаган илм инсон учун ҳужжат бўлиш ўрнига унга қарши далил бўлиб қолиши мумкин. Шу боис Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ва ислом уламолари илмга амал қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратганлар. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Нима учун ўзингиз қилмайдиган нарсани гапирасизлар? Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида қаттиқ ёмон кўрилгандир”. (Софф сураси, 2–3-оятлар). Мазкур оятлар илм ва амал бир-биридан ажралмас эканлигини кўрсатади. Инсон билган нарсасига амал қилиши билан илмнинг баракаси ва самарасига эришади.
Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “Биладиганлар билан билмайдиганлар баробар бўлурми?” (Зумар сураси, 9-оят). Муфассирларнинг таъкидлашича, бу оятда назарда тутилган “биладиганлар” илмига амал қиладиган кишилардир. Ҳадисларда илмга амал қилиш тарғиби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қиёмат куни банда умрини қаерда ўтказгани, ёшлигини нимага сарфлягани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлягани ва илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунча қадами жойидан силжимайди.” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадис илмнинг ўзи кифоя эмаслиги, балки унга амал қилиш зарурлигини очиқ ифодалайди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги дуони қилганлар: «اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عِلْمٍ لَا يَنْفَعُ “Аллоҳим! Фойда бермайдиган илмдан Сендан паноҳ сўрайман.”»(Имом Муслим ривояти). Фойдасиз илм – эгасини амалга етакламайдиган, ахлоқини тузатмайдиган ва Аллоҳга яқинлаштирмайдиган илмдир. Салаф уламоларининг илм ва амал ҳақидаги қарашлари Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу: Илм амал билан бирга бўлади.
Ким илм олса, унга амал қилсин. Илм амални чорлайди. Агар жавоб топса, қолади, акс ҳолда кетади.деганлар. Имом Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ: “Илм амал учун талаб қилинади. Агар унга амал қилинса, қолади, акс ҳолда йўқолади.” дея таъкидлаганлар. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ эса: “Амалсиз олим йўл кўрсатиб, ўзи ҳалокатга кетаётган кишига ўхшайди,” деб илмнинг масъулиятини юксак баҳолаганлар. Илмни амал билан мустаҳкамлаш йўллари.
1. Ихлосни тўғрилаш Илм Аллоҳ розилиги учун ўрганилиши керак. Риё, мансаб ёки дунёвий манфаат учун ўрганилган илмнинг баракаси камаяди.
2. Ўрганилган нарсани дарҳол татбиқ этиш Салафлар ўн оятни ўрганиб, ундаги амалларни бажариб бўлмагунча кейингисига ўтмаганлари ривоят қилинади. Бу усул илмнинг қалбда мустаҳкам ўрнашишига хизмат қилади.
3. Илмни бошқаларга ўргатиш Билган нарсани бошқаларга етказиш илмни зиёда қилади. Чунки таълим жараёнида инсон ўзи ҳам ўрганганларини такрорлайди ва амалда қўллайди.
4. Муҳосаба қилиш Киши ҳар куни ўзини ҳисоб-китоб қилиб, билган илмига қай даражада амал қилаётганини назорат қилиб бориши лозим.
5. Солиҳлар суҳбатида бўлиш Амал аҳли билан бирга бўлиш инсонни илмига амал қилишга рағбатлантиради.
Илм Исломда энг улуғ фазилатлардан бири бўлса-да, унинг ҳақиқий қадри амал билан намоён бўлади. Амал қилинмаган илм эгасига фойда бермаслиги, ҳатто унга қарши ҳужжат бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳар бир мусулмон илм талаб қилиш билан бирга, уни ҳаётига татбиқ этишга интилиши лозим. Зеро, илмнинг закоти унга амал қилишдир. Илм амал билан мустаҳкамлангандагина инсонни дунё ва охират саодатига элтувчи нурга айланади.
Имомиддин Бобоқулов – Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar