27.10.2026

“Абу Ҳафс”, “Ал-Форуқ” ва “Амирул Мўминин” номларининг келиб чиқиши ва мазмуни

Ислом тарихида айрим буюк шахслар ўзларининг илмий салоҳияти, жасорати, адолати ва дин йўлидаги фидойилиги билан алоҳида ўрин эгаллаганлар. Уларнинг ҳаётини ўрганишда исм ва насаб билан бир қаторда, уларга берилган кунялар ҳамда лақаб-номларнинг келиб чиқиши ва мазмунини англаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки бундай номлар кўпинча шахснинг муайян фазилати, жамиятдаги мавқеи ёки тарихий фаолияти билан боғлиқ бўлади.

Шундай улуғ саҳобалардан бири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудир. У зот Ислом тарихида иккинчи рошид халифа, адолат ва қатъият тимсоли, мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилишда намуна бўлган раҳбар сифатида танилган. Тарихий ва биографик манбаларда у зот “Абу Ҳафс” (أَبُو حَفْصٍ), “ал-Форуқ” (الْفَارُوقُ)  ва “Амирул мўминин” (أَمِيرُ الْمُؤْمِنِينَ) номлари билан зикр қилинади.

Араб тилида шахсни ифодаловчи номлар бир неча турга ажратилади. Уларнинг асосийлари исм (اسم), куня (كُنْيَةٌ) ва лақаб (لَقَبٌ) ҳисобланади. Ушбу тушунчаларни бир-биридан фарқлаш тарихий матнларни тўғри англашга ёрдам беради.

Исм шахсни бошқалардан ажратиб кўрсатадиган асосий номдир. Куня, одатда, “Абу” (ота) ёки “Умм” (она) сўзлари билан бошланиб, шахсга ҳурмат кўрсатиш, уни танитиш ёхуд оилавий муносабатни ифодалаш учун ишлатилади. Масалан, Абу Ҳафс ва Абу Бакр номлари куня ҳисобланади.

Лақаб эса кишининг муайян сифати, фазилати, мавқеи ёки унга берилган тавсифни ифодаловчи номдир. Баъзан лақаб мақтов маъносини билдирса, айрим ҳолатларда танқидий маъно ҳам касб этиши мумкин. “Ал-Форуқ” лақаби Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг номи билан боғлиқ машҳур тарихий номлардан биридир.

Шу жиҳатдан, Умар розияллоҳу анҳуга нисбатан қўлланадиган номларнинг ҳар бири ўзига хос мазмунга эга бўлиб, у зотнинг шахсий фазилатлари ва мусулмонлар тарихидаги мавқеини англашга хизмат қилади.

1. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг “Абу Ҳафс” куняси

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу “Абу Ҳафс” куняси билан ҳам машҳур бўлганлар. Араб тилида “ҳафс” сўзи шер боласини англатади. Шу боис мазкур кунянинг жасорат, куч-қувват ва шижоат билан боғлиқ ҳолда изоҳланади.

Шайх Атийя Солим “Шарҳ ал-арбаин ан-нававийя” асарида ушбу куняни изоҳлар экан, Умар розияллоҳу анҳунинг жисмоний қуввати, чаққонлиги ва жасоратига доир тавсифларни келтиради. Жумладан, унинг отга эпчиллик билан миниши ва ҳаракатларидаги дадиллиги ҳақида ривоятларни баён қилади. Умар розияллоҳу анҳунинг ҳаёти ва фаолияти у зотнинг жасоратли, қатъиятли ҳамда масъулиятни зиммасига олишдан чўчимайдиган шахс бўлганини кўрсатади. У зотнинг Ислом тарихидаги ўрни фақат жисмоний куч билан эмас, балки иймон, адолат, қатъий қарор ва юксак масъулият билан ҳам белгиланади.

2. “Ал-Форуқ” лақабининг мазмуни ва тарихий аҳамияти

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг энг машҳур лақабларидан бири “ал-Форуқ”дир. Араб тилидаги “фарқ” (فَرق) сўзи ажратиш, фарқлаш маъноларини англатади. “Форуқ” эса ҳақ билан ботилни бир-биридан ажратувчи маъносида тушунилади. Шу сабабли бу лақаб Умар розияллоҳу анҳунинг ҳақиқатни очиқ намоён этиш, адолатни қарор топтириш ва Исломнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш билан боғлиқ фазилатларини ифодалаш учун ишлатилади.

Умар розияллоҳу анҳунинг Исломни қабул қилиши мусулмонлар тарихидаги муҳим воқеалардан бири ҳисобланади. Исломнинг дастлабки даврида мусулмонлар Маккада турли тазйиқларга дуч келган, динларини эркин намоён этиш имкониятлари эса чекланган эди. Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлишлари мусулмонлар жамоасининг руҳий қудратини оширган муҳим ҳодиса сифатида тарихий манбаларда акс этади.

Умар розияллоҳу анҳунинг Исломни қабул қилиши ҳақида машҳур сийрат ривоятларида қуйидаги воқеа баён қилинади: Умар розияллоҳу анҳу дастлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши кескин муносабатда бўлган. Бир куни у зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни излаб йўлга чиққанларида, синглиси ва куёвининг Исломни қабул қилгани ҳақида хабар топадилар. Уларнинг уйига бориб, Қуръон оятларини эшитадилар. Шундан сўнг Қуръон билан танишишлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига боришлари у зотнинг Исломни қабул қилишларига олиб келади.

Ушбу воқеа сийрат адабиётларида турли тафсилотлар билан келтирилган. Шу боис унинг ҳар бир тафсилотини бир хил даражада ишончли деб қабул қилмасдан, алоҳида ривоятларнинг манбалари ва санадларини ҳисобга олиш лозим.

Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлишлари билан боғлиқ яна бир машҳур ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таолодан Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом орқали қувватлантиришни сўраб дуо қилганлари зикр этилади. Бу мазмундаги ривоят ҳадис манбаларида ҳам учрайди. Жумладан, Имом Термизий “Сунан” асарида Умар розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақида ривоят келтирилган.

Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлишлари мусулмонлар жамоасининг ўз динини очиқ намоён этишига кучли таъсир кўрсатган. У зотнинг жасорати ва қатъияти туфайли мусулмонларнинг ижтимоий мавқеи мустаҳкамланган. Шу сабабли “ал-Форуқ” лақаби у зотнинг ҳақ ва ботилни фарқлаш, адолатни қарор топтириш ва ҳақиқатни ҳимоя қилиш билан боғлиқ тарихий қиёфасини ифодалайди.

3. “Амирул мўминин” унвонининг келиб чиқиши

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг тарихий мавқеини ифодаловчи энг муҳим унвонлардан бири “Амирул мўминин”дир. Ушбу ибора “мўминларнинг амири”, яъни мусулмонлар жамоасига раҳбарлик қилувчи шахс маъносини англатади. Кейинчалик у мусулмон давлатлари тарихида халифаларга нисбатан қўлланадиган машҳур сиёсий унвонга айланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа этиб сайланганларида, у зот “Расулуллоҳнинг халифаси” деб аталганлар. Умар розияллоҳу анҳу халифаликни қабул қилганларидан кейин эса “Расулуллоҳ халифасининг халифаси” каби узун ифода юзага келган. Бу номнинг узайиб бориши бошқа, ихчамроқ ва мазмунан тушунарли унвонни қўллаш заруратини келтириб чиқарган.

Тарихий манбаларда ушбу унвоннинг пайдо бўлишига доир бир неча ривоят мавжуд. Улардан бирида Ироқдан келган кишилар Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан мўминларнинг амири ҳузурига кириш учун рухсат сўраганлари баён қилинади. Амр ибн Осс бу иборани маъқуллаб, Умар розияллоҳу анҳуга нисбатан “Амирул мўминин” унвонини ишлатганлари зикр этилади. Шундан кейин ушбу унвон кенг қўллана бошлаган. Имом Табарийнинг “Тарих ар-русул ва-л-мулук” асарида ҳам Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу унвон билан аталиши ҳақида баён қилган.

“Амирул мўминин” унвони оддий шарафли ном бўлиб қолмаган. У мусулмонлар жамоасини бошқариш, давлат ишларини юритиш, хавфсизликни таъминлаш ва фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш каби вазифалар билан боғлиқ эди. Шу сабабли бу унвон раҳбарлик масъулиятини ҳам англатган.

Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик фаолияти мазкур масъулиятнинг амалий намунасидир. У зот давлат бошқарувида тартиб-интизом, ҳисобдорлик, адолат ва халқ манфаатини устувор қўйиш тамойилларига катта эътибор берганлар. Шу боис “Амирул мўминин” унвони у зотнинг сиёсий мақомини билдириш билан бирга, мусулмонлар тарихидаги масъулиятли раҳбарлик тушунчасини ҳам ифодалайди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг номларидан олинадиган сабоқлар

Умар розияллоҳу анҳунинг номлари ва унвонларини ўрганиш фақат тарихий маълумотларни билиш билангина чекланмайди. Улар инсон тарбияси, раҳбарлик масъулияти ва жамият ҳаётига оид муҳим хулосалар чиқариш имконини ҳам беради.

Биринчидан, инсоннинг ҳақиқий қадри унинг номи ёки мавқеи билан эмас, балки амаллари, ахлоқи ва зиммасидаги масъулиятни қандай адо этиши билан белгиланади. Умар розияллоҳу анҳунинг тарихий мероси адолат ва масъулиятнинг шахсий фазилатлар сифатидаги аҳамиятини кўрсатади.

Иккинчидан, ҳақиқатни англаш ва унга амал қилиш инсондан жасорат талаб этади. Умар розияллоҳу анҳунинг Исломни қабул қилишлари ҳақидаги машҳур ривоятлар инсоннинг ўз қарашларини қайта кўриб чиқиши, ҳақиқатни тан олиши ва тўғри йўлни танлашга интилиши зарурлигини эслатади.

Учинчидан, раҳбарлик шараф билан бирга катта жавобгарликни ҳам юклайди. “Амирул мўминин” унвонининг мазмуни раҳбарнинг фақат буйруқ берувчи эмас, балки жамоа манфаатини кўзловчи ва адолатни таъминлашга масъул шахс эканини англатади.

ХУЛОСА

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг “Абу Ҳафс”, “ал-Форуқ” ва “Амирул мўминин” номлари Ислом тарихида ўзига хос мазмун ва аҳамиятга эга. “Абу Ҳафс” куняси луғавий ва анъанавий изоҳлар орқали жасорат билан боғланган бўлса, “ал-Форуқ” лақаби ҳақ билан ботилни фарқлаш, адолат ва ҳақиқатни ҳимоя қилиш тушунчаларини ифодалайди. “Амирул мўминин” унвони эса у зотнинг мусулмонлар жамоасидаги раҳбарлик мақомини билдиради. Ушбу номлар Умар розияллоҳу анҳунинг тарихий қиёфасини турли жиҳатлардан ёритади. У зотнинг ҳаёти ва фаолияти иймон, жасорат, адолат, қатъият ва масъулият каби фазилатларни ўрганиш учун муҳим манбадир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1. Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала.

2. Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий. Тарих ар-русул ва-л-мулук. 

3. Муҳаммад ибн Исо Термизий. Ал-Жомиъ ал-кабир (Сунани Термизий).

4. Атийя Солим. Шарҳ ал-арбаин ан-нававийя. Ал-Мактаба аш-Шомила электрон кутубхонаси. ҳттпс://шамела.

5. Ад-Дурар ас-Санийя. Ал-Мавсуа ал-ҳадисийя. ҳттпс://дорар.нет

 

Ҳошимжон домла Низомиддинов - Имом Термизий номидаги ислом институти катта ўқитувчиси 

 

 

Имом Термизий НИИ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar