Абу Ҳафс Умар Насафий ҳаёти, илмий фаолияти ва мероси
Имом Насафий тақводор, пешқадам, пухта илм эгаси, ҳанафий мазҳаби фақиҳи, усулшунос, муҳаддис, муфассир, калом олими ҳамда инсонлар ва жинларнинг муфтийси тўлиқ исми: Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон ан-Насафийдир. У зот ўз давридаги инсонлар орасида мукаммал ҳифзи, табиати(ақли)нинг ўткирлиги, билан машҳур бўлган. Инсонлар ва жинларга таълим берганлиги сабабли «Муфтий ус-сақалайн» (икки олам муфтийси) деб ном берилган. У зот 1068 (ҳижрий 461) йил, Насаф (ҳозирги Қарши, Ўзбекистон) шаҳрида таваллуд топганлар.
Имом Насафий фиқҳ илмини Содр ул-Ислом Абул Юср Муҳаммад ал-Баздавийдан, у киши Абу Яъқуб Юсуф ас-Сайёрийдан, у киши Абу Исҳоқ ал-Ҳоким ан-Новқодийдан, у киши ал-Ҳиндувонийдан, у киши Абу Бакр ал-Аъмаш ва Абу Бакр ал-Искафдан, у киши Абул Қосим ас-Саффордан, ал-Аъмаш эса Абу Бакр ал-Искафдан, у киши Муҳаммад ибн Саламадан, у киши Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан, у киши эса раббоний олим, тақводор фақиҳ, ҳофиз Имом Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонийдан у киши эса Сағордан, у киши Насир ибн Яҳёдан, у киши Муҳаммад ибн Самоадан, у киши эса ҳофиз, фақиҳ, қози Имом Абу Юсуфдан (Аллоҳ таоло барчаларини раҳмат қилсин) таълим олганлар.
Аллома Насафий (Аллоҳ таоло у зотни раҳмат қилсин) Абу Муҳаммад Исмоил ибн Муҳаммад ат-Тунухий ан-Насафий ва Абу Али ал-Ҳасан ибн Абдулмалик ан-Насафийлардан (Аллоҳ таоло у иккисини раҳмат қилсин) ва улардан бошқа улуғ шайхлар ва олимлардан ҳадис эшитганлар.
У зотдан ўғли Абул Лайс Аҳмад ибн Умар ан-Насафий фиқҳ ўрганган бўлиб, у «Самарқанд» аҳли орасида «Ал-Мажд» лақаби билан танилган эди. Шунингдек, у зотдан Умар ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Уқайлий, «Ал-Ҳидоя» асарининг муаллифи Имом Бурҳонуддин Али ибн Абу Бакр ал-Марғиноний, Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Абдулазиз ал-Балхий, Абул Фазл Муҳаммад ибн Абдулжалил ибн Абдулмалик ибн Ҳайдар ас-Самарқандий, Аҳмад ибн Муваффақуддин Хатиб «Хоразм», Аҳмад ибн Мусо ал-Кишший ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Муҳаммад Бурҳонуддин ал-Косоний каби улуғ пешқадам зотлар илм ривоят қилганлар.
Самъоний айтди: «У фиқҳ ва ҳадисда мазҳабни (қоидаларни) яхши биладиган фозил фақиҳ ва адабиётчи эди. Ҳадис илмида "Ал-Жомиъ ас-сағир"ни назмга шеърий шаклга солди.
Муҳаддис аллома Муҳйиддин ал-Қураший ал-Ҳанафий "Ал-Жавоҳир ал-музийя" китобида айтди: «Унинг منظومة (шеърий тўплами) бор. Ибн Ан-Нажжор у ҳақда узоқ тўхталиб, зикр қилган ва айтганки: "У фозил фақиҳ, муфассир, муҳаддис, адиб ва муфтий эди. Тафсир, ҳадис ва шурут (ҳуқуқий ҳужжатлар) илмида китоблар тасниф этган"».
"Ал-Ҳидоя" китобининг соҳиби (Марғиноний) раҳимаҳуллоҳ айтди: «Нажмуддин Умарнинг шундай деганини эшитдим: "Мен беш юз элликта шайхдан ҳадис ривоят қилдим" Марғиноний айтди: "Мен у кишининг ҳузурида баъзи таснифларини ўқидим ва у кишидан Имом Заҳируддин Муҳаммад ибн Усмоннинг қироати билан Хассофнинг "Ал-Мусандат" китобини эшитдим. У ўзининг шайхлари (устозлари) исмларини "Таъдод аш-шуюх" (Шайхларнинг санаб ўтилиши) деб номланган китобида жамлаган"».
Аммо унинг таснифларига (асарларига) келсак, улар жуда кўп бўлиб, илмининг денгиздек чексизлигига, табиатининг ўткирлигига, зеҳнининг ва илмий қамровининг кенглигига далолат қилади.
Самъоний айтди: «У илмнинг ҳар бир туридан — тафсир, ҳадис ва шурут илмида китоблар ёзган. Юзга яқин асар тасниф этган. Мен унинг асарларини синчиклаб ўрганганимда, уларда кўплаб янглишишларни (ваҳмларни) кўрдим. Бундан билдимки, у ҳадис илмини яхши кўрган ва уни излаган, лекин унга тажрид (илмни бенуқсон, соф ҳолда етказиш) муҳлати ва имкони берилмаган». Бу ерда (Самъоний сўзи) тугади.
"Тож ат-тарожим" соҳиби айтди: «Ким ҳам бундан (хато ва янглишишлардан) омон қолибди дейсиз?!» (Яъни, кўп китоб ёзган одамда хато бўлиши табиий). Сўз тугади.
Тошкўпризода айтди: «Ушбу сўзда адолат қилинибди. Аллоҳ ундан ва барча мўминлардан рози бўлсин».
Ва унинг таснифлари 100 дан зиёда бўлиб баъзиларини номини айтамиз
- "Ал-Ижорот ал-мутаржама бил-ҳуруф ал-муъжама"
- "Ал-Ашъор" (Шеърлар)
- "Ал-Акмал ал-атвал фи тафсир ал-Қуръон" (Қуръон тафсиридаги энг мукаммал ва батафсил китоб)
- "Баъс ар-рағоиб ли-баҳс ал-ғароиб"
- "Тарихи Бухорий" (Бухоро тарихи)
- "Татвил ал-асфор ли-таҳсил ал-ахбор"
- "Таъаддуд аш-шуюх" (Шайхларнинг кўплиги)
- "Тайсир фи илм ат-тафсир" (Тафсир илмида енгиллик)
- "Ал-Жумал ал-маъсура"
- "Ал-Хасоил фил-масоил"
- "Ал-Хасоил фил-фуруъ"
- "Даъавот ал-мустағфирин" (Истиғфор айтувчиларнинг дуолари)
- "Ал-Қанд фи тарихи уламои Самарқанд" (Самарқанд уламолари тарихи) — 20 жилдда.
- "Мажмаъ ал-улум" (Илмлар мажмуаси)
- "Ал-Мухтор мин ал-ашъор" (Шеърлардан сараланмалар) — 20 жилдда.
- "Ал-Муътақад манзума фил-хилоф"
- "Минҳож ад-дироя фил-фуруъ"
- "Ан-Нажоҳ фи шарҳи ахбори китабис-саҳоҳ" (яъни "Бухорий" ва "Муслим" ҳадислари шарҳи).
- "Назм ал-Жомиъ ас-сағир лиш-Шайбоний фил-фуруъ"
- "Ёқута фил-аҳодис" (Ҳадислар ичидаги ёқут)
- "Ивақит ал-мавақит фи фадоил аш-шуҳур вал-айям" (Ойлар ва кунларнинг фазилатлари)
- "Ал-Ақоид ан-Насафия" (Насафий ақоиди).
"Ал-Ақоид ан-Насафия" китоби одамлар орасида машҳур ва кенг тарқалгандир, "Ҳадиййат ал-орифин" китобида ҳам шундай келган. Бундан кўриниб турибдики, "Ал-Ақоид ан-Насафия" аллома Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафийнинг энг улуғ асарларидан биридир. Улуғ имом Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537-йилда Жумадул-ула ойининг 12-куни, милодий ҳисоб билан 1142-йил 2-Декабрда етмиш олти ёшда Самарқандда вафот этган. Машҳур Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган. Аллоҳ таоло Умар Насафий бобомизни Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.
Тўхтаев Насрулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar