Аллоҳнинг зикри қалбимизда нақш бўлади
Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида:“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар”, деб марҳамат қилган. (Аҳзоб сураси, 41-42-оятлар).Зикр деганда, биринчи навбатда Аллоҳни зикр қилишни тушунилади. Аллоҳни зикр қилиш қалбни унга боғлаш демакдир. У мени кузатиб турибди, деган фикр доимий инсон хаёлида бўлиши бу – зикрдир. Банда Аллоҳни кўп зикр қилиш билан турли гуноҳлардан узоқлашади. Унинг қалбида беҳуда фикрларга ўрин қолмайди. Дунёга ҳирс қўйиш, унинг зикри билан банд бўлишдан халос бўлади.Зикр ҳар куни маълум вақт ичида Аллоҳни ёд этиб, ибодат қилмоқдир. Зикр нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири ҳисобланади. Қуръон тиловатидан кейин банданинг тили учун энг афзал ибодат Аллоҳ таолонинг зикридир. Зикр ила банда Аллоҳ таолога ихлос билан дуо қилади ва ҳожатларини сўрайди. Зикр сўзи луғатда эслаш, хотирлаш, тилга олиш ва баён этиш каби маъноларни англатади. Аммо, умумий маънода зикр икки хил бўлади, тил билан зикр қилиш ва дил билан зикр қилиш. Уламолар истилоҳида, Зикр банданинг Роббини тили ва дили билан эслашидир. Банда қайси ўринда бўлишидан қатъий назар унинг қалби доимо Аллоҳни эслаб туриши лозим. Шунинг билан бирга банда тили билан ҳам зикрда бардавом бўлиши матлубдир.Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули! Ислом шариати мен учун кўпайиб кетди. Менга ўзим маҳкам ушлайдиган нарсанинг хабарини беринг”, деди. “Тилинг Аллоҳнинг зикридан ҳўл бўлиб турсин”, дедилар. (Имом Термизий ривояти).Имом Бухорий пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Эй одам боласи! Агар мени ўзинг танҳо эсласанг, мен ҳам сени ўзим танҳо эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, мен ҳам сени кўпчилик ичида эслайман”, деган.Абу Ҳурайра р.а.дан қилинган ривоятда Набий алайҳиссалом:“Қай бир қавм ўтириб, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилсалар, албатта, уларни фаришталар қуршаб олур, раҳмат ўраб олур, устиларидан сакийна нозил бўлур ва Аллоҳ уларни ўз ҳузуридагилар ичида зикр қилур”, дедилар. Қалби иймон билан музайян бўлган кишилар ўтириб Аллоҳни зикр қилишлари туфайли шундай буюк даражага эришса, мўминлар учун бундан буюкроқ саодат бўлиши мумкинми?Модомики, зикр Аллоҳни эслаш экан, бу баъзи одамлар ўйлаганларидек фақат намозда ёки масжидда ёхуд белгиланган бир манзилда бўлади дегани эмас. Аллоҳни зикр қилиш ҳар қадамда, ҳар жойда ва ҳар бир ҳолатда бўлади. Буюк тариқат пешвоси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари айтганларидай: “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Дилинг ҳамиша Аллоҳ билан, қўлинг эса меҳнат билан бўлсин”. Банда қайси ўринда бўлишидан қатъий назар унинг қалби доимо Аллоҳни эслаб туриши лозим. Шунинг билан бирга банда тили билан ҳам зикрда бардавом бўлиши матлубдир.Ислом шариати турли ҳолатларга кўра зикрларни тартибга солган. Мазкур зикрлар бир неча турга бўлинади:1. Замонга хос зикрлар (эрталаб, кеч кирганда, янги ойни кўрганда айтиладиган зикрлар).2. Маконга хос зикрлар (масжидга, уйга кирганда айтиладиган зикрлар).3. Ибодатларга хос зикрлар (намоз, рўза, ҳаж ва шунга ўхшаш ибодатларда айтиладиган зикрлар).4. Амал ва ҳолатларга хос зикрлар (кийим кийганда, уйқудан уйғонганда, ётганда, таомда, никоҳда, сафарда ва улов минганда айтиладиган зикрлар).Мазкур ҳолатларда қилинадиган зикрларни бизда дуо деб аташ одат тусига кирган. Инчунун, зикр ва дуо бир-бирини тўлдириб келадиган нарсалардир.Зикрнинг фойда ва самаралари ниҳоятда кўпдир. Жумладан, у туфайли қалб тирик бўлади, ризқни жалб қилади, у руҳга қувват бўлади, хатоларни ювади, у шукрнинг боши ҳисобланади, ғам-андуҳларни кетказади.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари ҳар доим зикр билан эди.Ўзлари обид ва зокир зот бўлганлар. Ул зот ўз саҳобаларига зикр айтиш илмини ўргатиб кетдилар. Саҳобаи киромлар орасида ҳам кўп зикр айтишни ўзига лозим тутган ва бошқалардан фарқли ўлароқ, зикрга муҳаббатли бўлган зотлар Пайғамбар алайҳиссаломдан зикрга оид илмларни чуқур ўргандилар.Шу тариқа зикр айтишнинг ўзига хос одоблари Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан то бизгача соф ва мусаффо ҳолида етиб келди.Соф Ислом ва хурофотни бир-биридан ажратиши учун кишига энг зарурий нарса шуки, у тинимсиз ўқиб ўрганиши ва тўғри йўлни кўрсатадиган олим ва тақволи устозни лозим тутиши, шунингдек, зикр хусусидаги оятлар, хадиси шарифларни ўрганиб, уларга амал қилиши лозим бўлади.Зикрларнинг ҳам ўзига яраша мақомлари бор. Уламоларимиз бир овоздан иттифоқ қилиб айтадиларки, зикрнинг энг афзали Қуръон тиловати. Нега? Чунки у Аллоҳнинг каломи. Қуръон ўқиш билан банда Аллоҳ билан маънан суҳбатлашади.Уламоларимиз яна айтадиларки, зикрларнинг энг афзалларидан бири: “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси. Кўчада бўламизми, ишдами, бекор ҳолатлардами, қўлимизда тасбеҳ бўлмаса ҳам шу калимани такрорлаб турсак, Аллоҳни зикр қилаётган бўламиз. Аллоҳнинг буйруқларини бажариш энг олий зикрлардан бири ҳисобланади. Намоз ўқиш Аллоҳнинг зикри, закот бериш ҳам шу мақомга эга. Мўмин-мусулмонларга ёрдам қўлини чўзиш ҳам Аллоҳ таолонинг зикридир.Хулоса ,ҳамиша Аллоҳни фазлини сўрайлик, бизларни зокирлардан қилсин. Зикр инсонни нажотга олиб борадиган йўл, зикр мўминлар учун шифо ва раҳмат, зикр жаннат кўчатларини кўпайтиришлик, зикр амалларнинг энг енгили ва амалларнинг энг яхшиси ва энг осонидир. Балоларни кўтаришлигигасабаб, зикр ризқини баракали бўлишлигига сабаб, зикр шайтоннинг васвасасидан қўрғон, машақатларни кўтаришлигига сабаб. Кимни ҳаётида машаққат йўқ дейсиз?. Ҳаммани ўзига яраша машаққати бор, зикрда бўлайлик машаққатлар кўтарилади.Ана шунда буюк ватандошимиз ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек, Аллоҳнинг зикри қалбимизда нақш бўлади. Чунки нақш бўлган нарса ҳеч қачон унутилмайди.Барча буюк инсонлар етукликка зикр ва одоб билан етишганлар. Бизларни ҳам ушбу шарофатдан умид қилишни ва амал қилишни Ўзи насиб айласин!
Сариосиё туман"Имом Низомиддин Сангардакий"
жоме масжиди имом хатиби Обиджон Исмоилов.
Izohlar