
НАЖМИДДИН КУБРО – ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИДА ЖАСОРАТ ТИМСОЛИ
Чингизхон Хоразмни истило қилишдан аввал, донғи ўз юртидан узоқларга ёйилган, халқ орасида улуғ мартабага эга бўлган Шайх Нажмиддин Куброга элчи юборади. У элчи орқали шундай дея мурожаат қилади:
“Мен Хоразмни босиб олиб, аҳолисини қатли ом қилмоқчиман. Сиз оила аъзоларингиз билан шаҳарни тарк этиб, истаган томонингизга кетишингиз мумкин.”
Бироқ ватанпарвар Шайх бу таклифга қатъий рад жавобини беради:
“Менинг 75 йиллик умрим шу тупроқда кечди. Мен шу халқ билан бирга ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотганман. Энди бу халқ бошига оғир кун тушганида уларни ташлаб кетиш мардликдан эмас!”
Шайх Нажмиддин Кубронинг қалби Ватанга, халққа, ҳақиқатга бўлган садоқат билан тўла эди. У бошқа юртлардан келган шогирдларини бегона заминда ҳалок бўлишларини истамай, уларни ўз юртларига жўнатади. Ўзи эса шаҳарнинг мудофаасига бел боғлайди. Шогирдларининг биргаликда кетиш ҳақидаги илтимосларига жавобан шундай дейди:
“Мен бу ерда шаҳид бўламан. Менга Хоразмни тарк этишга рухсат йўқ!”
Шамшир кўтариб, қўйнига тош тўлдириб, ёвга қарши чиқади. Душманларга қарата тош отади, найза билан бир нечтасини йиқитади. Унга қарши камондан ўқ узишади, ўқлардан бири кўкрагига санчилади. Ҳалокатли жароҳат олган бўлса-да, у душман қўлидан байроқни тортиб олиб, жонининг сўнгги дамигача маҳкам ушлаб туради. Душманлар ҳатто ўн киши бўлиб ҳам унинг қўлидан байроқни ола олишмайди ва охири бармоқларини кесишга мажбур бўлишади.
Бу жасорат — фақат жисмоний мардлик эмас, балки маънавий собитлик, иймон ва фидойилик тимсоли эди. Шайх Нажмиддин Кубронинг бу фазилати ҳатто душманини ҳам ҳайратга солган. Ушбу воқеа авлодлар оғзидан-оғизга ўтиб, афсоналашиб, халқ учун ибрат намунаси бўлиб қолган.
Нажмиддин Кубро нафақат жасорат, балки маърифат тимсоли ҳам эди. У халқни исломий қадриятлар асосида тарбиялаш, ҳақиқат ва адолат йўлида курашиш зарурлигини амалда кўрсатди. Бундай улуғ аждодларимиз билан фахрланиш — биз учун шарафдир.
Бугунги ёшларимиз ҳам ана шундай буюк зотларнинг руҳи, ғояси билан тарбияланмоғи лозим. Авлодларимиз илмда пешқадам, имонда собит, ватанга садоқатли бўлишлари учун уларни исломий булоқлардан суғоришимиз керак. Фақат шундагина биз улуғ келажак сари ишонч билан қадам қўя оламиз.
Имомиддин Бобоқулов - Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar