Жаҳолатга қарши маърифат
Жорий йилнинг 26 октябр санасида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Ш.Умаров Термиз давлат университети талаба-ёшлари билан ташкил қилинган “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги тадбирида ўз маърузаси билан иштирок этди.
Тадбир давомида таълим муассасаси директори "Бугунги кунда муқаддас ислом динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш янада долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистондаги Ислом сивилизатсияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятларининг йўлга қўйилиши мамлакатимизда муқаддас Ислом дини қадриятлари ва анъаналарини янада ривожлантиришга замин яратмоқда. Айниқса мазкур соҳада давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар замирида юртимизда таълим, илм-фан, маданият ва маърифат, аждодлар меросини ўрганиш, қадрлашга бўлаётган юксак эътибор нафақат мамлакатимиз ва минтақа аҳолиси, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юксак тарзда эътироф этилаётганлиги аҳамиятга моликдир. Дунё тамаддуни бухорийлар, фарғонийлар, самарқандийлар, хоразмийлар, термизийлар, насафийлар таратган илм зиёсидан қанчалар баҳраманд бўлган бўлса, бугунги кунда ҳам бу баҳрамандлик давом этмоқда, аждоларимиз қолдирган бебаҳо мерос ўз қадри ва аҳамиятини асло йўқотгани йўқ".
Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар ва ёшлар ўртасида бу каби учрашувларни тез-тез ташкил қилиш ва ўтказиб боришга келишиб олинди.
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar