01.11.2022

Мўмин кишининг тили фаҳшли бўлмайди.

Анас розияллоҳу анҳу:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш сўз айтувчи, лаънатловчи ва сўкувчи бўлмаганлар. У зот итоб қилиш пайтида «У пешонанг ерга ишқалгурга нима бўлган?» дер эдилар», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бировдан аччиқлари чиққанда айтадиган гаплари шундан иборат эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, ҳар бир мўмин-мусулмон сўкиш, лаънатлаш ва фаҳш сўз айтишдан ўзини четга олмоғи лозим.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин кўп таъна қилувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўз айтувчи ҳам ва тили бемаза ҳам эмасдир», дедилар».

Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин киши йироқда бўлиши лозим бўлган тўрт хил ёмон ахлоқ ҳақида сўз юритмоқдалар: 

1. Кўп таъна қилувчи.

Кишиларга турли нарсалардан таъна қилавериш мўмин бандага лозим эмас. Бу одат кишилар учун озор бўлади. Мўмин киши ҳеч кимга озор бермаслиги лозим.

2. Кўп лаънатловчи.

Аввал ҳам ўрганиб ўтганимиздек, бировларни ва ҳатто нарсаларни ҳам лаънатлаш дуруст эмас. Кўпчилик ҳолатларда лаънат лаънатловчининг ўзига қайтиб келиши турган гап.

3. Фаҳш сўз айтувчи.

Баъзи бир одамларнинг оғзидан сал нарсага уятсиз сўзлар чиқаверади. Бундай одамлар бўлган-бўлмаган нарсага шармсиз, ҳаёсиз гапларни айтаверадилар. Мўмин банда бундай нарсадан мутлақо узоқда бўлиши лозим.

4. Тили бемаза.

Тили бемаза одамни баъзилар сассиқ сўзли одам ҳам деб атайдилар. Мўмин киши ширин каломли инсон бўлиши керак. Бемаза гапларни айтиш унга муносиб эмас. 

 

 

Муҳиддин Мусулманов – Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Izoh qoldirish

Izohlar