ТИЛ ЎРГАНМОҚ ЭЛ ЎРГАНМОҚДУР
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга яҳудийларнинг ёзувини ўрганишни амр қилдилар ва Аллоҳга қасамки, мен яҳудийларнинг ёзишидан эмин эмасман», дедилар.
Ярим ой ўтгандан сўнг мен ўша нарсани у зот учун таълим олдим. Мен ўрганиб бўлганимдан сўнг қачон яҳудийларга мактуб ёзадиган бўлсалар, мен ёзадиган бўлдим. Қачон улар у зотга ёзсалар, мен у зотга уларнинг ёзганини ўқиб берадиган бўлдим».
(Термизий ривоят қилган.)
Шарҳ:
Ушбу ҳадиси шариф бошқа халқларнинг тиллари ва ёзувларини ўрганиш лозимлигига катта ва асосли далилдир. Модомики, бошқа халқлар билан бир оламда яшалар экан, улар билан алоқа қилиш эҳтиёжи бўлади. Бунинг учун эса, уарнинг тилини яхши биладиган одамлар керак бўлади. Агар ҳар бир жамиятнинг бу соҳада ўз одамлари бўлмаса, бошқаларга муҳтож бўлинади. Бошқалар эса бировга мухлис бўлиши қийин. Улар қасддан нотўғри таржималар қилиб, зарар етказиши турган гап. Шунинг учун ҳар бир жамият бу соҳада ўз одамларини тарбиялаб олмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор берганлар.
Муҳиддин Мусулманов – Имом Теризий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Izohlar