“Ал-мубаррид”ми ёки “Ал-мубаррад”? Ном талаффузи ва унинг келиб чиқиши ҳақидаги қарашлар
Абу ал-Аббос Муҳаммад ибн Язид ал-Мубаррид милодий 825-йилда Басрада туғилган ва 899-йилда шу шаҳарда вафот этган. У балоғат, наҳв ва адабий танқид илмларининг йирик намояндаларидан бўлиб, Басра илмий мактабининг энг машҳур олимларидан бири ҳисобланади.
Ал-Мубарриднинг илмий мероси ниҳоятда бой бўлиб, унинг энг машҳур асарлари қаторига “ал-Камил фи-л-луғати ва-л-адаб”, “ал-Муқтадаб”, “ал-Фозил” ва “Шарҳу Ламийяти-л-араб” каби асарлар киради. Унинг “ал-Камил” асари кейинги давр олимлари томонидан ҳам кенг ўрганилган ва шарҳланган. Жумладан, ал-Мурсифий (ваф. 1889) мазкур асарга бир неча жилддан иборат шарҳ ёзган.
Бироқ олимнинг илмий меросидан ташқари, унинг машҳур “ал-Мубаррид” лақаби қандай талаффуз қилиниши масаласи ҳам араб тили тарихида муайян баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Асосий масала — ر ҳарфининг касра биланми ёки фатҳа биланми ўқилиши ҳақидадир.
1. “Ал-Мубаррад” — ر ҳарфини фатҳа билан ўқиш ҳақидаги қараш
Р ҳарфини фатҳа билан ўқишни қўллаб-қувватловчи қарашларга кўра, тўғри шакл المُبَرَّد (ал-Мубаррад) бўлади.
Ибн Абд Раббиҳ ал-Мубарриднинг “ар-Равда” номли асари билан боғлиқ ҳолда қуйидаги маълумотни келтиради. Унинг таъкидлашича, Муҳаммад ибн Язид замонавий шоирларнинг шеърларидан ташкил топган “ар-Равда” номли асарини ёзганида, унинг танлови айрим кишиларга маъқул келмаган. Чунки у ҳар бир шоирнинг шеърларидан энг “совуғи” ёки заифроқ қисмини танлаган, деган мазмунда танқид қилинган.
Ибн Абд Раббиҳ шундай дейди:
“...Муҳаммад ибн Язид (Мубаррид) наҳвчи бўлиб, тилни яхши билишига қарамай, “ар-Равда” деб номланган китоб ёзди ва унда кейинги давр шоирлари ҳақидаги маълумотларни жамлади. Бироқ ҳар бир шоир учун ундан топган нарсаларининг энг “совуғи”ни танлади... Менимча, унга бу ном — “ал-Мубаррад” — айнан унинг “совуқлиги” сабабли берилган”[1].
Ушбу маълумотдан кўринадики, Ибн Абд Раббиҳ лақабнинг المُبَرَّد шаклида, яъни р ҳарфи фатҳа билан талаффуз қилинишини назарда тутади.
Маҳмуд Мустафо “Иъжам ал-аълом” асарида шу масалага тўхталиб, ал-Мубарриднинг ўзи ушбу лақабни ёқтирмаганини қайд этади. Унинг маълумотига кўра, ал-Мубаррид “Аллоҳ мени ъбарадаъ қилган кишини совутсин” деган мазмунда ибора ишлатган[2]. Яъни у ўз лақабини исми фоил вазнида, р ҳарфи касра билан — المُبَرِّد шаклида тушунишни истаган.
Бироқ манбада таъкидланганидек, кишининг лақабини қандай талқин қилиши унинг дастлаб қандай сабаб билан берилганини ўзгартирмайди.
Саолибий ҳам “Латоиф ал-маориф” асарида р ҳарфи фатҳа билан ўқилган шаклга мос равишда ал-Мубаррид ҳақида қуйидаги байтларни келтиради:
إنَّ المبرَّدَ ذو بَرْدٍ على أدبهِ
في الجِدِّ منه إذا ما شئتَ أو لعبهِ
Мазмунан: “Ал-Мубаррад ўз адабида ъсовуқликъ соҳибидир, хоҳ жиддий ҳолатда бўлсин, хоҳ ҳазил ва ўйинда”[3].
2. Ибн Халликон ривоятидаги “ал-Мубаррад” шакли
Лақабнинг фатҳа билан талаффуз қилинишини қўллаб-қувватловчи яна бир машҳур ривоят Ибн Халликоннинг “Вафаёт ал-аъён” асарида келтирилади.
Ибн Халликон ал-Мубаррид номини مُبَرَّد тарзида изоҳлайди ва унинг лақабининг келиб чиқиши борасида олимлар ўртасида турли қарашлар мавжудлигини қайд этади.
Абу ал-Фараж Ибн ал-Жавзий “ал-Алқоб” асарида келтирган ривоятга кўра, ал-Мубарриддан: “Нима сабабдан сизга бу лақаб берилган?” деб сўралган.
У қуйидагича жавоб берган: “Бунинг сабаби шуки, шаҳар ҳокимининг амалдори мени суҳбатлашиш ва илмий мунозара қилиш учун ҳузурига чақирди. Мен унинг олдига боришни истамадим. Шунда Абу Ҳотим ас-Сижистоний ҳузурига кирдим. Ҳокимнинг элчиси келиб, мени сўради. Абу Ҳотим менга бўш музаммала қопининг ичига киришни буюрди. Мен унинг ичига кириб, бошимни ёпдим.
Абу Ҳотим элчининг олдига чиқиб, ъУ менинг ҳузуримда эмасъ, деди. Элчи эса: ъУ сизнинг ҳузурингизга кирганини менга айтишдиъ, деди. Шунда Абу Ҳотим: ъУйга кириб, ҳамма жойни текшириб кўръ, деди. Элчи уйга кириб, барча жойларни айланиб чиқди, бироқ қопнинг ичида яширинган ал-Мубарридни пайқамади.
Элчи чиқиб кетгач, Абу Ҳотим қарсак чалиб, қоп томон қараб: ъАл-Мубаррад! Ал-Мубаррад!ъ деб чақира бошлади. Бу воқеани одамлар эшитиб, ушбу номни унга нисбатан қўллай бошладилар.”
Ибн Халликон яна ал-Мубарридга ушбу лақабни унинг устози Абу Усмон ал-Мозиний бергани ҳақида ҳам бошқа бир қараш мавжудлигини қайд этади. Демак, лақабнинг келиб чиқиши борасида ягона ривоят мавжуд эмас[4].
3. “Ал-Мубаррид” — ر ҳарфини касра билан ўқиш ҳақидаги қараш
Иккинчи қарашга кўра, тўғри талаффуз المُبَرِّد (ал-Мубаррид) бўлиб, бунда р ҳарфи касра билан ўқилади.
Бу фикрнинг машҳур далилларидан бири Ибн Жинний томонидан келтирилган ривоятдир. Ибн Жиннийга кўра, Абу Усмон ал-Мозиний “Алиф ва лом” асарини ёзганида, унинг шогирдлари китобдаги масалаларни ўзлаштиришда бир-бирига яқин даражада эдилар. Шундан сўнг Абу Усмон ал-Мозиний Абу ал-Аббос ал-Мубарриддан китобдаги нозик ва мураккаб масалалар ҳақида сўради.
Абу ал-Аббос саволларга жуда яхши жавоб берди. Шунда Абу Усмон унга: “قم فأنت المبرِّد”, яъни “Тур, сен — ал-Мубарридсан!” деган.
Бу ерда المُبَرِّد сўзи “ҳақиқатни мустаҳкамловчи, масалани равшанлаштирувчи, далил билан тўғри фикрни қарор топтирувчи” маъноларида талқин қилинади.
Ал-Мубарриднинг ўзи эса: “Куфаликлар менинг исмимни ўзгартириб, уни ъал-Мубаррадъ, яъни р ҳарфи фатҳа билан айтадиган бўлдилар. Аслида эса у касра билан — ъал-Мубарридъдир”, деган.
Бу ривоят ас-Суютийнинг “Ал-Музҳир” асарида ҳам, Ибн Жиннийга нисбат берилган ҳолда, ас-Сирофийдан келтирилади[5].
Мазкур қараш тарафдорлари المُبَرِّد шаклини мазмун жиҳатидан ҳам асослашга ҳаракат қиладилар. Уларнинг фикрича, ал-Мубаррид илмий мунозарада ўз рақибини кучли далил билан сукутга мажбур қилган. Жаҳолат ва иккиланиш гўёки инсон қалбида ёнаётган оловга ўхшайди; илм ва қатъий далил эса унга келган “совуқ” каби бу ҳолатни бартараф этади.
Шайх Абд ал-Холиқ Азиманинг ал-Мубарриднинг “Ал-Муқтадаб” асарига қилган таҳқиқида ҳам ушбу масалага ишора қилувчи байт келтирилади:
والكسر في راء المبرِّد واجبٌ
وبغير هذا ينطق السفهاء
Мазмуни: “Ал-Мубаррид сўзидаги р ҳарфини касра билан ўқиш вожибдир, бундан бошқача талаффуз қилувчилар нодонлардир.”
4. Замонавий тадқиқотларда масалага муносабат
Усома Широни “Ал-Мубаррид” сўзидаги р ҳарфи: касра баҳси ва фатҳанинг тўғрилиги” номли мақоласида икки қарашни таҳлил қилиб, фатҳа билан талаффуз қилишни афзал кўради.
Унинг фикрича, мавжуд ривоятларнинг умумий мазмуни р ҳарфининг фатҳа билан ўқилиши ал-Мубарриднинг ўз давридаёқ кенг тарқалганини кўрсатади. Ҳатто Ибн Жинний келтирган касрали талаффуз ҳақидаги ривоятнинг ўзи ҳам фатҳа билан талаффуз қилиш шаклининг ўша даврда кенг тарқалган бўлганини кўрсатади.
Шундай қилиб, масала бўйича манбаларда икки асосий талаффуз шакли учрайди: 1) المُبَرَّد — ал-Мубаррад: р ҳарфи фатҳа билан; 2) المُبَرِّد — ал-Мубаррид: р ҳарфи касра билан.
Биринчи шаклнинг изоҳи кўпроқ лақабнинг кейинчалик танқидий ёки ҳазиломуз мазмунда қўлланганлиги билан боғланади. Иккинчи шакл эса ал-Мубарриднинг илмий мавқеи, далил билан масалаларни аниқлаштириши ва илмий ҳақиқатни қарор топтириши билан боғланади.
Хулоса
Ал-Мубаррид лақабининг талаффузи масаласи араб тили ва унинг тарихий манбаларида турлича изоҳланган. Бир гуруҳ манбаларда المُبَرَّد — ал-Мубаррад, яъни р ҳарфи фатҳа билан талаффуз қилиниши қайд этилган. Ушбу шакл, хусусан, Ибн Абд Раббиҳ, Саолибий ва Ибн Халликон келтирган маълумотларда намоён бўлади.
Бошқа манбаларда эса المُبَرِّد — ал-Мубаррид, яъни р ҳарфи касра билан талаффуз қилиниши таъкидланади. Ибн Жинний орқали етиб келган ривоят ушбу шаклни ал-Мубарриднинг илмий салоҳияти ва баҳс-мунозарада далил билан ҳақиқатни қарор топтириш хусусияти билан боғлайди.
Манбалардаги маълумотларни умумлаштирганда, фатҳа билан талаффуз қилиш шакли тарихий жиҳатдан кенг тарқалган бўлган, деган қараш мавжуд. Бироқ касра билан талаффуз қилиш ҳам муҳим манбавий асосга эга бўлиб, айниқса, олимнинг ўз лақабига муносабати ва унинг илмий мавқеига мос мазмун билан изоҳланади.
Шу жиҳатдан, ал-Мубарриднинг лақабини المُبَرِّد — “ал-Мубаррид” тарзида, р ҳарфини касра билан талаффуз қилиш илмий-мазмуний жиҳатдан асосли талқин сифатида кўрилиши мумкин. Бунда, бир томондан, олимнинг илмий мақоми ва ўз лақабига берган изоҳи, иккинчи томондан эса лақабнинг ижобий маъноси ҳисобга олинади.
Шунингдек, ал-Мубарриднинг қоп ичига яширингани ҳақидаги ривоятни тарихий жиҳатдан баҳолашда эҳтиёткорлик талаб этилади. Чунки ушбу ҳикояда ҳокимнинг уни нима сабабдан қидиртиргани масаласида етарлича аниқ маълумот мавжуд эмас. Ал-Мубаррид ҳаётининг бошқа жиҳатлари ҳақида батафсил маълумотлар сақланиб қолган бўлса-да, мазкур воқеанинг сабаби ва унинг тарихий асоси тўлиқ равшан эмас. Шу сабабли ушбу ривоятни лақабнинг қатъий тарихий келиб чиқиши сифатида эмас, балки манбаларда келтирилган ривоятлардан бири сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқдир.
Фойдаланилган адабиётлар
- Ибн Абд Раббиҳ. Ал-Иқд ал-фарид. 6-жилд.
2. Ас-Саолибий. Латоиф ал-маориф.
3. Ибн Халликон. Вафаёт ал-аъён ва анбаъу абнаъиз-замон. 4-жилд.
4. Ибн Жинний. Ал-Хасоис ва бошқа асарларда келтирилган ал-Мубаррид ҳақидаги маълумотлар.
5. Ас-Суютий. Ал-Музҳир фи улум ал-луғати ва анвоиҳа. 2-жилд.
6. Ал-Мубаррид. Ал-Муқтадаб. Абд ал-Холиқ Азима таҳқиқи.
7. Маҳмуд Мустафо. Иъжам ал-аълом.
8. Усома Широни. “Рўу-л-Мубаррид байна жадал ал-касри ва сиҳҳат ал-фатҳ”.
Низомиддинов Ҳошимжон - Имом Термизий номидаги ислом институти катта ўқитувчиси
Имом Термизий НИИ матбуот хизмати
[1] Ibn Abd Rabbih. Al-Iqd al-farid. 6-jild.- B. 77.
[2] Mahmud Mustafo. I’jam al-a’lom. - B. 178.
[3] As-Saolibiy. Latoif al-maorif. - B. 46.
[4] Ibn Xallikon. Vafayot al-a’yon va anba’u abna’iz-zamon. 4-jild. – B. 313.
[5] As-Suyutiy. Al-Muzhir fi ulum al-lug‘ati va anvoiha. 2-jild. – B. 427.
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar