30.09.2026

УСТОЗНИНГ ЎРНИ

Мусулмон уммати барча илмларни мударрис ва устозлардан ўрганишга одатланишган ва бу ишга алоҳида, катта аҳамият бериб, илмни китоблардан ва қоғозлардан ўзича ўрганишни ёқтиришмаган, хатто буни ўта макруҳ иш деб ҳисоблашган. Зотан, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримни ва бошқа керакли илмларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳийнинг амини бўлган Жаброил алайҳиссалом орқали ўргатган ва у зот алайҳиссаломга мазкур илмларни ўз умматларига ўргатишни вазифа қилиб топширган. Агар динни ҳар ким ўзича, устозсиз, китобдан ўқиб ўрганиб олиши мумкин бўлганида Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил қилиб, ҳар ким ўзи ўқиб олсин, деган бўлар эди. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ундай қилмади. Қуръони Каримни Жаброил фаришта алайҳиссалом оркали нозил этди. У зот Аллоҳнинг каломини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб берди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, ўз навбатларида, уни умматта ўқитдилар ва амал қилдирдилар. Хозиргача мусулмон уммати илмларни мударрис, муаллим ва устозлардан ўрганиб келмоқда. Хозиргача мусулмон умматида мударрис, муаллим ва устозлар эъзозланиб келмоқда. Ибн Ажийба раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Энг улкан балолардан бири – саҳифаларни шайх қилиб олишдир». Мусъаб ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтадилар: «Одамлар ўзлари энг яхши ёд олган нарсаларини гапирадилар. Улар энг яхши ёзган нарсаларини ёд оладилар. Энг яхши эшитган нарсаларини ёзадилар. Қачон одоб оладиган бўлсанг, одамларнинг оғизларидан ол, фақатгина танланган ва сочилган лавҳнигина эшитасан»

«Китобуш-Шакво»»да айтилади: «Кимнинг шайхи бўлмаса, дини ҳам бўлмас. Устози йўқнинг устози шайтондир». Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Ким китоблар қаридан фиқҳ ўрганса, ҳукмларни зое қилади». Шунинг учун ҳам мусулмон умматида мударрис, муаллим ва устозлар доимо катта эътибор ва эҳтиромда бўлганлар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Самарқанднинг сара уламолари” китоби асосида тайёрланди.

 

Олимжон Хусанбоев - Имом Термизий номидаги ислом институти ўқитувчиси 

 

 Имом Термизий НИИ матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar