Беҳуда нарсаларни тарк қилиш
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан қисқа калималар ёрдамида кўп маъноларни ифодалаш фазилати берилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Киши исломининг гўзал бўлиши – ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир” (Имом Термизий ривоятлари). Ушбу ҳадиси шариф жумлалари қисқа бўлсада, унинг маъноси дунё яхшилиги ва охират саодатини ўз ичига олгандир.Мазкур ҳадиси шариф фойдасиз гапни гапириш, бефойда нарсага қараш, беҳуда нарсаларни эшитиш, фойдасиз нарсаларни ўйлаш каби барча фойдаси йўқ гап-сўз ва ишлардан тийилиш керак эканига ишора қилинмоқда. Мазкур ҳадиси шариф гўё бир мезонки, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзини ушбу мезонга қўйиб, исломи қандайлиги ва динининг қанча қисмига амал қилаётганини билиши мумкин. Шундай экан, кишини исломи гўзал бўлиши учун фойда бермайдиган барча нарсаларни тарк қилиб, фойдали иш ва амаллар билан машғул бўлиши керак бўлади. Табиийки, шариатга ҳамма ҳар хил амал қилади. Кимлардир нафс-ҳавосини хоҳишига юрмасдан эзгу амалларни кўпайтириш туфайли фариштадан ҳам юқори мартабага кўтарилса, кимлардир ҳавои нафс хоҳишларига эргашиб, эзгу амаллардан юз ўгириш сабабли паст мартабага тушади.Киши фойдали ишлар билан машғул бўлиб, бефойда нарсалардан ўзини тийиб, исломини гўзал қилса, қилган эзгу ишларига савоблар кўпайтириб берилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Қачон бирингизнинг исломи гўзал бўлса, қилган ҳар бир яхши амали учун ўн баробардан етти юз баробаргача ёзилади. Қилган ёмонлиги ўз ҳолича ёзилади” (Имом Бухорий ривоятлари). Ҳар бир мусулмонга бир яхшилиги учун ўн савоб ёзилиши – мавжуд ҳақиқатдир. Ўндан ортиқ бўлиб, то етти юзгача бўлган савоблар эса банданинг исломи, нияти, ихлоси гўзаллигига қараб бўлади. Киши ўзи учун муҳим ва керакли ишлар билан машғул бўлсагина, исломи гўзаллашади. Аксинча, кераксиз нарсалар билан банд бўлса, умри, ризқи ва вақтидан барака кетади. Қолаверса, соғлигига ҳам путур етади. Дарҳақиқат, баъзи инсонлар ўзларига алоқаси йўқ сўзларни гапириб юришлари ёки ўзлари учун муҳим бўлмаган саволларни кўп сўрашларига гувоҳ бўламиз. Бу уларнинг динлари сустлигидан далолат. Афсуски, ҳозирги кунда кўпчилик ўзаро мулоқот ва ўтиришларида бефойда, беҳуда сўзлар билан вақтларини зое қилмоқдалар.Ўзаро ўтириш ва мажлисларимизда дунё ва охиратга фойдаси бор масалалар ҳақида гаплашиб, беҳуда ва лағу гап-сўзлардан ўзимизни тийишимиз – динимиз талабидир. Қолаверса, ҳар бир гап-сўзимизни фаришталар ёзиб турадилар.Оғзимиздан чиққан ҳар бир сўзимизга Қиёмат куни ё савоб ёки жазо олишимизни асло унутмаслигимиз керак! Хулоса шуки, мўмин-мусулмон инсон Роббиси олдидаги бурчини ва жамият олдидаги масъулиятини англаб етиб, ана шу бурч ва масъулиятни мукаммал адо этиш учун ҳаракат қилади. Унинг бекорчи ишларга, олди-қочди гапларга, сафсаталарга тоқати бўлмайди.Аллоҳ таоло барчамизни Исломимизни гўзал қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!
Сариосиё туман "Имом Низомиддин Сангардакий"
жоме масжиди имом хатиби Обиджон Исмоилов.
Izohlar