25.11.2022

ҚИШ ФАСЛИ

Падид этди жаҳон ичра фавосил,

Қилур ҳар фасл турлук нашъа ҳосил.

(Сўфий Оллоҳёр)

 Қодири мутлақ тўрт фаслни яратиб, ҳар бир фаслни ўзига хос, ўзига мос об-ҳаво, турли неъматлар билан зийнатлади.Ҳар бир фаслнинг ўзига яраша фазилатлари бор. Аммо улар ичида қиш фасли алоҳида фазилатга эгадир. Қиш фасли мўмин киши учун энг яхши фасл ҳисобланади. Чунки бу фаслда бошқа фаслларга қараганда турли нафл ибодатларни кўплаб адо этиш осонлашади. Кечалари узун бўлгани сабабли ҳам уйқуга тўйиш, ҳам енгиллик билан ибодат қилиб олиш имкони туғилади. Кундузлари қисқа бўлгани сабабли рўза тутиб олиш ҳам ниҳоятда енгил бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фаслни ғанимат билишга ундаб бундай деганлар:Омир ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қишда (тутилган) рўза салқингина ўлжадир”, дедилар”.Термизий ривоят қилган.Яъни, одатда ўлжани қўлга киритиш учун тер тўкиб ҳаракат қилинади. Аммо баъзи вақтларда уни тер тўкмасдан, қийинчиликсиз қўлга киритиш ҳам мумкин бўлади. Қиш фасли ана шундай қийинчилик ва машаққатларсиз кўплаб ажр-мукофотларни қўлга киритиш фурсатидир.Шу маънода баҳор фаслини деҳқонлар учун уруғ қадаш мавсуми бўлганидек, қиш фаслини толиби илмлар учун илм эгаллаш мавсумидир, дейиш мумкин.Бундан аён бўладики, қиш фаслининг қаҳратони ва қор-ёмғирлари бизнинг баҳоримизни, ёзимизни, кузимизни сероб қилиш учун экан. Биз эса ана шу ғанимат фаслда Қуръони каримни мутолаа қилайлик, Қуръони каримни қанчалик кўп ўқисак, қалбларимиз шифо топади, кўнглимиз роҳатланади, кўзимиз равшанлашади, хотирамиз мустаҳкам бўлади. Қалб шифо топса, тананинг бошқа аъзолари ҳам соғлом бўлиши машҳур ҳадисда ворид бўлган. Зикрни кўпайтирайлик, амри маъруфлар, наҳйи мункарлар эшитиш учун муҳтарам олимларимизнинг суҳбатига бориб файз олайлик. Зотан, улуғларимизнинг тавсиялари ҳам шу ўзи.Қишда қор ёғишини томоша қилиш завқли иш.Биз қорни уч ёки тўрт кўринишда тасаввур қиламиз: майда қор,ўртача қор, лайлак қор ва ёмғир аралаш ёғадиган қор.Демак, билганларимиз шу тўрт хил қор экан. Уларни ҳажмига қараб ажратамиз. Аммо Аллоҳ таолонинг мусаввирлигини қарангки,  ушбу қор зарраларининг бирортаси бошқа бирига ўхшамайди ва уларнинг ҳар бири алоҳида санъат асаридир.Олимларнинг таъкидлашича, ер юзини буткул қор қопласа ҳам ҳеч бир қор заррасига бошқасига ўхшамайди.Ҳар бир қор зарраси осмондан тушган мукаммал санъат асаридир. Ана шу бир дона қор заррасининг ўзиёқ инсон зотига Буюк Яратувчини танишга кифоя қилади. Яъни, Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Наҳл сураси, 11-оят).Қорнинг мўъжизаси шу билан тугамайди. Ҳар йили қишда тоғларда муз захираси йиғилади. Муз қалин бўлиши учун қор кўп ёғиши керак. Агар тоғлар меъёрида муз захирасини тўплаб ололмаса, ўша йили дарёларнинг суви кам бўлади. Шунингдек, яйловларга ва далаларга ҳам қор кўп ёғса, ўша баҳорда ўт-ўлан мўл бўлади, экин-тикин баракали бўлади.Хулоса қишда ёғаётган қор парчалари, тунларнинг қуюқлиги биз бандаларга ана шу ҳикматларни эслатиб, ибодатга маҳкам бўлишимизга ундайди.Мўминлар баҳори бўлган ушбу фаслни гўзал амаллар билан ўтказиш бахтига Аллоҳ таоло барчаларимизни муваффақ қилсин!

 

Сариосиё туман "Имом Низомиддин Сангардакий"

жоме масжиди имом хатиби Обиджон Исмоилов.

Izoh qoldirish

Izohlar