НАФС ПОКЛИГИ АҲАМИЯТЛИ
Жумҳур уламолар нафсни поклаш, қалб касалликларини ўрганиш уммат учун фарзи кифоя эканлиги, лекин кимда бирор қалб касаллиги бўлса, уни кетказиш йўлларини ўрганиши фарзи айнга айланишини баён қилишган.
Нафсимизни поклаш учун қуйидагиларга амал қилишимиз керак экан:
1. Нафсни риё, ужб (ўзидан фахрланиш), бахиллик, очкўзлик, таъма, охират ҳисоб-китобидан хотиржам бўлиб қолиш каби ёмон хислатлардан поклаш;
2. Нафсни ихлос, инобат (Аллоҳ таолога қайтиш), Аллоҳдан қўрқиш, шукр ва камтарлик каби чиройли хислатлар билан гўзал қилиш;
3. Фарз ибодатларни доимий адо этиб юриш, чунки Аллоҳ таолога фарзлардан кўра севимли амал йўқ;
4. Нафл ибодатларни кўп қилиш, чунки банда нафл ибодатлар билан Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиб бораверади, ҳатто Аллоҳ таоло бандасини яхши кўриб қолади;
5. Қуръони каримни тадаббур билан қироат қилиш. Зеро, Қуръон тиловати қалбни поклайди, қалб покланса, нафс ҳам покланади. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам:
“Бу қалблар ҳам худди темир сув текканда занглагани каби занглайди”, – дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг расули, қалбни сайқаллаш (зангини кетказиш) қандай бўлади? ” – дейилди. “Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон тиловат қилиш”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти);
6. Илм ўрганиш;
7. Нафсни тергаб туриш ва нафснинг шариатга зид хоҳишларига қарши курашиш. Бу орқали инсон ҳавои нафс, шайтон ва дунё лаззатлари устидан ғолиб келади. Ўтган солиҳлардан бири Ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ: “Киши ўз нафсини дўстини тергагандан ҳам қаттиқроқ тергаб турмагунча, ейиш-ичиши ва кийими (ҳалолдан ё ҳаромдан экани)ни билмагунича, тақводорлардан бўла олмайди”, – деганлар (Имом Термизий ривояти). Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бандага ўз нафсидан насиҳатчи бўлса ва нафсни тергаш эътиборида турса, у доим яхшиликда бўлади”, – деганлар;
8. Солиҳ инсонлар билан суҳбатлашиш ва хулқи бузуқ одамларнинг суҳбатидан четда бўлиш.
Нафсни поклаш натижасида инсон икки дунё саодати, қалб хотиржамлиги ҳамда дин ва тоат-ибодатда собитликка эришади.
Сариосиё тумани "Халифа Сафар" жоме
масжиди имоми Муҳаммадиев. Р
Izohlar