30.11.2022

ҲИДОЯТ АЛЛОҲДАНДИР

Бугунги кунда кимлардур ўзини мусулмон деб, бошқаларни сабабсиз фосиқу мунофиқ ва ҳатто куфрга нисбат бериб, ёшларга жиҳоду ҳижрат фарз деб ўз тузоқларига илинтирмоқлари долзарб масалалардан бўлиб турибди. Билмоқ керакки, агар улар “мени фикрим тўғридир” деб гумон қилаётган бўлса, демак умуман диний билимдан ўзоқдадирлар ё худ кимларнинг ноғорасига ўйнаётган бўлишлари мумкин. Ҳар ҳолда биз ҳушёр ва огоҳ бўлмоғимиз шарт ва лозимдир, Шунинг учун исломда мусулмон учун биринчи фарз бўлган нарса бу илмдир. Илм эса икки навга бўлинган - фиқҳ илми ва ақийда илми. Аммо ақийда илми фиқҳ илмидан зарурроқ деб билинган. Сўфий Оллоҳёр айтганларидек:

Ақийда билмаган шайтона элдир,

Агар минг йил амал деб қилса, елдир.

Соҳиб мазҳабимиз Имоми Аъзам (раҳимаҳуллоҳ) ақийда ҳақида ёзган “Фиқҳи акбар” китобида: “Оллоҳ таоло бандаларидан ҳечкимни куфр ва иймонга мажбур қилмаган ва уларни мумин ҳам кофир ҳам яратмаган балки, оддий бир шахс сифатида халқ қилган, (аммо уларни иймонга даъват этиб, куфрдан қайтарган) иймон ва куфр банданинг феълидур” (яъни қайсисини ихтиёр қилмоқ банданинг ихтиёридадир, ҳатто амалда ҳам)” деб келтирганлар. Шунинг учун одамларни жабру-зулм, қўрқитиш ва ё ўлум билан таҳдид қилиб, исломга даъват этиш ислом таълимотларига умуман тўғри келмайди. 

Исломда амри маъруф-наҳйи мункар яъни даъват этмоқ фарз амаллардан эканлигини инкор қилиб бўлмайди албатта. Аммо даъватни ҳам ўзига хос ахлоқ ва одоби бор. Оллоҳ таоло Наҳл сурасининг 125 чи оятида: “Рабингнинг йўлига ҳикмат (илм) ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар билан гўзал услубда мунозара қил”. Бақара сурасининг 83 чи оятида “ Ва одамларга яхши гапиринглар”.  Оли Имрон сурасининг 159 чи оятида эса: “Аллоҳни раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг(из). Агар қўпол, қаттиқ қалб бўлганинг(из)да, атрофинг(из)дан тарқаб кетар эрдилар” деб марҳамат қилган.

Мазкур ояаи кариймалардан кўриниб турбдики, аввалан даъват “Оллоҳнинг йўлига” бўлмоғи, иккинчидан ҳикмат яъни даъватчи мукаммал илм соҳиби бўлмоғи, (бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоъий, маданий савиясини эътиборга олиб, оғир келмайдиган, нафратланмайдиган даражада даъват этмоқ лозим). Учинчидан даъват ва мунозарани дағаллик, уруш-жанжал билан эмас балки, (агарчи у киши айбли бўлса ҳам авф этиб), ширинсўзлик, мулойимлик ва гузал ахлоқ билан олиб бориш керак экан. 

Абў Толиб Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га кўп яхшилик қилгани учун Пайғамбар (алайҳиссалом) уни вафот этаётган вақтида дунёдан  иймон билан кетишини истаб иймонга таклиф қилдилар. Аммо У қабул қимагани учун Пайғамбар (алайҳиссалом) кўп хафа бўлдилар. Шунда Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: “Албатта (сиз) ўзинг(из) севган кишинг(из)ни ҳидоят қила олмас(сиз). Лекин Оллоҳ кимни хоҳласа, ушани тўғри йўлга ҳидоят қилур”

Шунинг учун даъватчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини билиб, ҳидоят ва залолат Аллоҳга хос эканлигини ҳеч қачон унутмаслиги лозим. 

                                                                    

Фазлиддин Кароматуллоҳ - Сариосиё тумани 

“Хожа Алоуддин Аттор” жоме масжиди имом хатиби.

Izoh qoldirish

Izohlar