19.12.2022

“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” – ГЛОБАЛИЗМ ДАВРИ МУАММОСИ СИФАТИДА (1-қисм)

Бугун олам глобал буҳронларни бошидан кечирмоқда. Биргина COVID19 пандемияси инсониятнинг нақадар ожиз эканини кўрсатиб қўйди. Лекин, давримизда пневмания падемиясидан кўра, янада катта хавф бўлган ахборот хуражи пандемияси ҳам борки, ундан ҳимояланиш борасида камроқ ўйламоқдамиз, назаримда. Бугун ижтимоий тармоқлар воситасида жаҳоннинг турли бурчакларидан турфа ахборот оқими кириб келмоқда. Пневманиядан сақланиш учун, ниқоб тақамиз ёки қўлларимизни антисептик воситалар билан ювамиз ва яна бошқа талай тадбирларни амалга оширамиз. Хўш ахборот хуружидан ва унинг воситасида халқимиз маънавий дунёсига салбий воқеъликларни олиб кираётган “оммавий маданият” пандемиясидан сақланиш учун ҳаракат қилмоқдамизми?

Халқимизда ажойиб бир гап бор “Инсон бўлиш учун йиллар талаб этилади, ҳайвонга айланиш учун эса, бир лаҳза кифоя”. Дарҳақиқат, инсоният ўз тарихи давомида бугунги кун маданий даражасига етиб келиш учун узоқ масофани босиб ўтди. Лекин ана шу асрлар давомида шаклланган маданият тушунчаси ўзининг том маънодаги моҳиятидан чеккага чиқиш ҳолатлари ўқтин-ўқтин намоён бўлиб туради. Албатта, бу жараёнга жаҳон афкор оммаси бефарқ қарамайди. Бироқ, савол туғилади: “Ушбу ҳолат ниманинг сабабидан юзага келмоқда, умуман олганда бугунги кунда кўп такрорланаётган – “оммавий маданият” аслида нима? Унинг замирида ижобийлик ётадими ё салбийлик?” Дафъатан, аниқ жавобни айтиш балки осондир, аммо, масалани кўп жиҳатдан кўриб чиқиш зарурият талаб этади.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, ҳозирга қадар фалсафа ва маданиятшуносликда “антимаданият” ёки “ғайри маданият” тушунчасига на олим ва на файласуф ҳамда ёзувчилар томонидан аниқ таъриф бериб улгурилмади. Ёки бу борада етарли илмий тадқиқотлар мавжуд эмас. Биз бу атама нималарни ўз ичига олишини айтиб ўтишимиз шарт эмас, лекин аслида ушбу атамани бизга қолса, “номаданийлашув” – деб атаган бўлардик. Чунки, маданийлашув ижобий жараён, номаданийлашув эса, бунинг акси. Бироқ кишини ўйлатувчи бир нозик жиҳат борки, у ҳам бўлса, бугун биз “оммавий маданият” дея танқид остига олаётган жараёнларни бошқа бир нуқтаи назар эгалари том маънодаги маданиятннг намоён бўлиши, деб атамоқдалар. У ҳолда нима қилиш лозим? Аниқ айтиш мумкинки, ушбу муаммога чуқур илмий таҳлилий баҳо берилмас экан, одамларнинг фикри нисбийлигича қолаверади. Ахлоқсизлик ва маданиятсизлик деб умум эътироф этилган жараёнлар бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ҳимояси сифатида муҳофаза этилаётгани ўта муаммоли масалалардан биридир.

Илгари айрим чапани, ёки саводи ҳамин қадар кишилар ҳали гўдак фарзандларига сўкишни ўргатар эдилар – “амақингни бир сўкиб қўй” деб, яна уни тилидан учган ношойиста сўздан шодланардилар. Боланинг тили ширин у нима деяётганини билмаслиги аниқ. Аммо амакисини яхшилаб алла нималаргадир рўпара қилар экан, бундан амакиси ҳам хурсанд кулади. Мана шу кўриниш асли номаданийлашувнинг бир бўлаги, асоси десак, хатодан холи бўлмаса керак. Ҳозирги кунда эса, бундай дейишнинг кераги йўқ, чунки номаданийлашувни кузатиш мумкин бўлган жабҳалар сероб ва турфа хил. Бугун боламизга сўкишни ўратмасак-да, интернет тармоқлари, хорижий сериаллар, сунъий йўлдошдан узатилувчи фильм ва клиплар ваҳоказо. Уларда кишилар ўртасидаги муносабатдан тортиб, кийиниш ва жамиятда ўзини тутиш масалаларигача, барчаси турли мезонларда акс этиб турибди. Хўш, бунинг кимга ва нима учун заруррати бор? – деган ўринли савол туғилади. Бугунги кунга келиб, муайян мамлакатни забт этиш, бирор халқни бўйсиндиришга эҳтиёж қолмади. Қадимда бу мақсадга ҳарбий кучлар, қурол-аслаҳа, техника, минглаб аскар ва етарлича вақт воситасида эришилган. Ҳозирда эса бирор мамлакат ёки халқни бўйсиндириш учун оммавий ахборот воситаларининг ўзи кифоя қилмоқда. Куч ишлатиш, мажбурлаш, зўравонлик ахборот орқали таъсир қилиш, одамларни бирор бир ғояга ишонтириш, онгни бошқариш технологияларига ўрнини бўшатиб бермоқда.

Гегемониянинг ушбу кўриниши “маданий гегемония” деб номланади. Башарият гувоҳи бўлган ижтимоий тўнтаришлардан хулоса тарзида юзага келган бу зўравонлик ҳақида биринчи бор – италиялик сиёсатшунос Антонио Грамш ёзган эди. Унинг фикрича, гегемония жамиятнинг “маданий ўзаги”га таянади. Бу ўзак инсоннинг ҳаёт, яхшилик ва ёмонлик тўғрисидаги тасаввурларини,  билим ва тажрибани, анъана ва рамзларни ўз ичига қамраб олади. Маданий ўзак қанчалик барқарор бўлса, мавжуд тартибни сақлаб қолишни ихтиёр этган жамоанинг иродаси ҳам шу қадар қатьий бўлади. Маданий ўзакнинг кучсизланиши ёки қўпорилиши эса жамоа иродасининг емирилишига олиб келади ва инқилоб учун замин яратади.

Бу фикрдан келиб чиқадиган бўлсак, айни оммавий маданиятга айрим халқларнинг устидан бир гуруҳ ёки бошқа бир тизим вакилларининг ҳукм ўтказиши ҳамда бунинг воситасида халқнинг бойликлари ва имкониятларидан фойдаланиш усули деб баҳо бериш мумкин. Демак, муаммо аниқ. Хўш унга қарши қандай курашмоқ лозим? Бу саволга ҳам турли илмий-назарий жиҳатдан жавоблар бериб келинмоқда. Уларнинг ҳар бирида жон бор, албатта.

Аммо, асосий масала шундаки, қорни оч одам олдига келтирилган таомни суриштирмай паққос туширавергани каби, бирон бир маданий шакл ёки санъат турини салбий таъсир кўрсатиши ҳақида сўзлар эканмиз, унинг ўрнини босувчи инсоният, алалхусус, ҳамюртларимиз, қолаверса, ёшларимиз олдига шундай бир бошқа манбани қўя олишимиз лозимки, унинг ижобий таъсири билан биргаликда, осон ва қизиқиб қабул қилиниши жиҳатидан ҳам оммавий маданият тақдим этаётган манбалардан устунлик қила олсин. Ана шундагина, бу борада ижобий ютуққа эриша олган бўламиз.

 

Насрулло Тўхтаев - Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Izoh qoldirish

Izohlar