ҲАДИСЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТ БАРҚАРОРЛИГИДА ТУТГАН ЎРНИ (2-қисм)
Ислом тарихида ҳадисларни жамлаш ва уларни саралаш масаласига жиддий эътибор қаратилган. Бу масъулиятли ва шарафли вазифани адо этган энг буюк муҳаддис шубҳасиз ўтмишдлш аждодимиз Муҳаддислар султони Имом Бухорийдир. У зотнинг қолдирган илмий мерослари орасида “Ал-адаб ал-муфрад” (Одоб дурдоналари) ҳадис тўплами ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, жамиятда гўзал муносабатларни такомиллаштиришда улкан аҳамиятга эга. Ушбу мақолада мазкур тўпламга киритилган айрим ҳадислар шарҳлари ва уларнинг бугунги кундаги аҳамияти борасида тадқиқот олиб боришни ният қилдик.
حدثنا كسدد قال حجثنا يحي بن سعيد عن عبيد الله قال حدثني نافع عن بن عمر قال قال رَسولِ اللَّهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم: أخْبِرُونِي بشَجَرَةٍ مثلها مثل المُسْلِمِ تُؤْتي أُكْلَهَا كُلَّ حِينٍ، بإذن ربها لا تَحَتُّ ورَقُهَا فَوَقَعَ في نَفْسِي فَكَرِهْتُ أنْ أتَكَلَّمَ، و ثم أبَو بَكْرٍ وعُمَرَ رضي الله عنهما فَلَمَّا لَمْ يَتَكَلَّمَاِ، قالَ النبي صلَّى اللهُ عليه وسلَّم: هي النَّخْلَةُ، فَلَمَّا خرجت مع أبي قُلتُ يا أبَت وقَعَ في نَفْسِي أنَّهَا النَّخْلَةُ، فَقالَ: ما مَنَعَكَ أنْ تَكَلَّمَ؟ قالَ: لَمْ أرَكُمْ تَكَلَّمُونَ، فَكَرِهْتُ أنْ أتَكَلَّمَ أوْ أقُولَ شيئًا، قالَ عُمَرُ: لَأَنْ تَكُونَ قُلْتَهَا، أحَبُّ إلَيَّ مِن كَذَا وكَذَا.[1]
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гўёки мусулмон кишига ўхшайдиган бир дарахт бор. Шу ҳақда менга айтади? У (дарахт) Аллоҳнинг изни билан ҳар вақт мева беради. Барги тўкилмайди. Ўша қайси дарахт?» дедилар. Дилимга хурмо келди. Гапирмоқни кареҳ кўрдим. У ерда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар бор эди. Улар гапирмаганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У хурмодир», дедилар. Кўчага чиққанимизда отамга: «Ота! Ўша хурмо экани дилимга келган эди», дедим. «Нима сени уни сўзлашдан тўсди? Агар айтганингда мен учун фалон, фалон нарсалардан ҳам маҳбуброқ бўлар эди», деди. «Мени сўзлашдан тўсган нарса сиз ва Абу Бакрнинг гапирмаганларингиз бўлди холос. Шунинг учун гапиришни кареҳ кўрдим», дедим».
Ушбу ҳадиснинг одобга оид бир қанча муҳим жиҳатлари бор. Аввало, пайғамбарлар одамларни эсида қолсин учун, бир нарса ҳақида сўрайдилар ва уни жавобини ўзлари берадилар. Шунингдек, етказмоқчи бўлган фикрни образ воситасида жонлантириб, ташбеҳ, ўхшатиш орқали кўрсатиб берадиларки, натижада маъно ҳам ундан олинадиган манфаат ҳам дилга муҳрланади. Масалан, пайғамбаримиз дарахтни сифатини айтиб, бу қандай дарахт экан, ким айтади, деб сўраб ўтирмасдан. Бу хурмо дарахти у мусулмонга ўхшайди дея хулосани тўғридан-тўғри ўзлари берсалар ҳам бўлар эди. Бироқ мақсад бу ерда таълим. Таъбир жоиз бўлса, бугунги кунда таълим тизимида педагоглардан талаб қилинаётган вазифалардан бири ва асосийси ҳам шуки, ўқувчида билим ва кўникма ҳосил бўлиши учун янгича ёндошув, пед-технологиялар талаб қилинмоқда. Айтиш мумкинки, аввал савол бериб кейин шу саволга жавоб излатиб, тўғри жавобни айтиб бериш, янгича педогогик методлар орасидаги “фикрий ҳужумга” ўхшаб кетади. Ва албатта бу услуб ўзини аксар ҳолларда оқлайди.
Бошқа тарафдан ушбу ҳадисда одобнинг икки мукаммал шакли бор. Саҳобалар, жумладан улуғ саҳобалар Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоблар ҳам Аллоҳнинг элчиси саволига жавобни ўзидан тинглашни истадилар, билағонлик қилиб, хато қилиб қўйгандан сукут афзалдир. Иккинчи тур одобки, бу ёш йигитларнинг мажлисдаги одоби. Даврада ёши улуғлар ҳозир бўлганда улардан олдин маҳмадоналик қилиб, сўз айтиш дуруст эмас. Афсуски, биз ижтимоий одобларнинг ана шундай гўзал намуналарини бугунги кунга келиб йўқотиб қўймоқдамиз. Ёшлар даврадаги катталарни фикрини тинглаш ўрнига баъзан одобсизлик билан уларга ақл ўргатмоқчи бўладиганлари аҳён-аҳёнда бўлса ҳам учраб туради. Ушбу ҳадис матни мазмунидан эса, бундай иш қилган киши одобсиз бўлиб қолишини англашимиз мумкин.
Бундан ташқари, фарзанднинг билимдонлиги, фаросатли экани ҳар қандай отани қувонтирадиган ҳолат бўлиб, ушбу ҳадисда Ҳазрати Умар “Агар айтганингда мен учун фалон, фалон нарсалардан ҳам маҳбуброқ бўлар эди” дедилар. Агар ушбу фикрга эътибор қаратилса, гўёки улуғлар олдида билса ҳам сукут қилган гўзалроқ, деган сўзимизга зид бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш керакки, башарти шундай вазият тўғри келиб қолса, ёшлар аввало узр сўраб, фикри борлигини айтиб, агар изн берсалар сўзлаши лозим бўлади. Ана шунда киши нақадар тўғри тарбия топган эканини кўрсата билади.
Ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз қуйидагилар экан:
1) Кимгадир бирон нарсани ўргатар эканмиз, уни ҳаётий мисоллар орқали савол-жавоб усулида етказсак, унинг манфаати кўпроқ бўлар экан.
2) Даврада ёши улуғлар ёки илми бизникидан устунлар ҳозир бўлган чоғларида, улардан аввал, уларнинг фикрини тингламай ўз қарашларини баён қилиш, номақбул хулқ экан.
3) Бундай вазиятларда ёшлар жавобга қодир бўлсалар-да катталарнинг фикрини эшитишлари лозим бўлади.
4) Бирон бир қилган ёки қилмаган фаолиятимизни тўғри ёки нотўғри эканини билиб олиш учун бу борада катталардан кенгаш олиб туриш мақбул ишлардан ҳисобланади.
5) Фарзанднинг ақлли ва фаросатлиси ота-она учун шарафдир.
Ҳадислар илтимоий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасини қамраб олувчи муҳим манба ҳисобланади. Чунки, уларда нафақат ибодатларга оид соф диний масалалар, балки ахлоқий, маънавий, тарбиявий масалаларга оид муҳим тавсия ва кўрсатмалар берилган. Бу эса, уларни ҳеч замон эътиборсиз қолмаслигидан далолат беради.
Имом Бухорий тўплаган ҳадисларни тадқиқ этиш, уларга нафақат теологик балки чуқур фалсафий назар билан боқиш, турли илмларни тараққий эттириш учун пойдевор бўлади. Айниқса, жамиятда гўзал ахлоқни тарғиб этишда муҳим ва беназир манба ҳисобланади.
Насрулло Тўхтаев - Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1]الأدب المفرد. أبو عبدالله محمد بن إسماعيل البخاري. دار النشر "ماوراءالنهر". طشقند. 2012. ص. 90.
Izohlar