15.04.2025

НАЖМИДДИН КУБРО — ТАСАВВУФ ОЛАМИ ЮЛДУЗИ

Нажмиддин Кубро (тахминан 1145–1221-йиллар) Марказий Осиёда яшаб ўтган машҳур тасаввуф намояндаси, мутасаввуф олим ва муршид бўлиб, "Кубравийлик" тариқатининг асосчиси ҳисобланади. У Хоразм воҳасида туғилган ва умрининг катта қисмини диний илм, тасаввуфий тарбия ҳамда халққа хизмат қилишга бағишлаган.

Нажмиддин Кубро чуқур билимли, донишманд зот бўлган. У нафақат Қуръон ва ҳадис илмларини, балки фалсафа, мантиқ, табиатшунослик каби фанларни ҳам яхши ўзлаштирган. Айниқса, унинг тасаввуф соҳасидаги қарашлари ва руҳий тарбия услублари ўз даврида ҳам, кейинги асрларда ҳам катта таъсир кўрсатган.

Унинг асосий ғояси — инсон қалбини поклаб, уни Аллоҳга яқинлаштириш, руҳий камолот сари йўл кўрсатишдир. Нажмиддин Кубро ўзининг асарлари орқали муридларни сабр, шукр, тавба, ихлос каби ахлоқий фазилатларга чақирган. Унинг "Фавоиҳ ул-жамал", "Усул ал-ашара" каби асарлари тасаввуф адабиётининг бебаҳо дурдоналари ҳисобланади.

Нажмиддин Кубро ҳаётининг сўнгги йиллари мўғуллар истилоси даврига тўғри келади. У ватанни ташлаб кетмай, истилочиларга қарши курашда фаол қатнашади ва шу йўлда шаҳид бўлади. Унинг жасорати, илмга садоқати ва халқга хизмат йўлидаги фидойилиги ҳанузгача эҳтиром билан эсланади.

Нажмиддин Кубро — халқимиз маънавий меросининг бебаҳо дурдонаси, тасаввуф оламининг забардаст сиймоларидан биридир. Бугунги кунда унинг издошлари бутун дунёда тарқалган бўлиб, у қолдирган мерос руҳий тарбия ва маънавий камолот йўлида хизмат қилишда давом этмоқда.

 

Улашов Шамсиддин - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar