Мумтоз адабиётимизнинг йирик намоёндаси ҳазрат Алишер Навоийнинг 582 йиллиги.
Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси қарор топди. Улуғ сўз санъаткорининг асарлари мунтазам нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан бугун, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида ҳам “Мумтоз адабиётимизнинг йирик намоёндаси ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳаёт йўлига назар” номли тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда талим муассасаси директори Ш.Умаров, Ўзбек адабиётшунослиги кафедраси мудири, Филология фанлари бўйича фалсафа доктори PhD Aрслонов Aбдимурод, таълим муассасаси устоз ва ва талабалари иштирок этдилар.
Ушбу тадбирни Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Ш.Умаров кириш сўз билан очиб берди.
Таълим муассасаси директори Ш.Умаров Алишер Навоийнинг бой илмий ижоди, маънавий маҳзанлари билан таништириш, асарларини мутолаа қилишга ундаш бугунги куннинг муҳим жараёни ҳисобланишини таъкидлади.
Шунингдек, Филология фанлари бўйича фалсафа доктори PhD Aрслонов Aбдимурод ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Ўзбек тили ва адабиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, ёшларни юксак маънавиятли, теран тафаккурли инсонлар этиб тарбиялашда мутафаккир ижодининг аҳамияти хусусида сўз юритди.
Айниқса, шоирнинг серқирра ижодини ўзида қамраб олган видеороликлар барча талабаларнинг мутафаккир ҳақидаги билимлари бойитди ва қизиқишларини яна бир карра ошишига сабабчи бўлди.
Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, Алишер Навоий ижоди билан яна бир бор яқиндан танишишлари учун хизмат қилди.
Имом термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar