АЛИШЕР НАВОИЙ АСАРЛАРИДА ИСЛОМИЙ МАЪРИФАТ
Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида маърифатпарвар, маънавият ва маданиятнинг ҳақиқий намояндаси сифатида улуғланган буюк шахсдир. У шоир, мутафаккир, давлат арбоби, шунингдек, тасаввуф бўйича етук аллома бўлган.
Алишер Навоий ўз ҳаётида ижодий фаолият билан бирга давлат ишларини ҳам олиб борган ва кўплаб исломий иншоатлар бино қилган. Ислом дини таълими тараққиёти учун мадрасалар барпо этган. Жумладан, Ҳиротдаги “Ихлосия”, “Низомия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган “Доруд-ҳуффоз” биноси, Марвдаги “Хусравия” мадрасаси, Машҳаддаги “Дорул-ҳуффоз” хайрия биноси ва бошқа кўплаб ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.
Алишер Навоийнинг асарлари ичида “Арбаъин” (Қирқ ҳадис тўплами) номли араб, турк тилларида ёзилган асари ҳам мавжуд. Бу асар аслида Абдураҳмон Жомийнинг форс тилида ёзилган назмий асари бўлиб уни ҳазрат Навоий турк тилига таржима қилганлиги келтирилган. Ўрта асрларда ижод қилган кўпгина олим, фозил ва мутафаккирларнинг илмий меросларига эътибор қаратадиган бўлсак уларнинг аксарлари қирқ ҳадисни жамлаб, унга ўз тилларида назмий, насрий шарҳлар ёзганлиги ананасини кўрамиз. Демак, Алишер Навоий ҳам бу ананани давом эттириб, бу асарни араб тилидан, ўзи мустақил назмий шарҳини яратган дейишимиз ҳам мумкин бўлади.
Мазкур асарда, Алишер Навоий одоб-ахлоқ, ҳақиқий диний эътиқод, илм, касб-корга бўлган меҳр-муҳаббат ва одамийлик фазилатларига эга бўлган комил инсонни шакллантиришга чақирувчи қирқта ҳадисни турк тилидаги назмий баёнини яратган.
Манбаларда келтирилишича, Алишер Навоийнинг ушбу асарини ёзилишидаги асосий сабаб, Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) нинг қуйидаги ҳадислари бўлган: “Кимки мени ҳадисларимдан қирқтасини умматларимга еткизиш учун ёд олса, қиёмат куни мен, у кишини шафоатимга оламан”. Ҳазрат Навоий мазкур ҳадисни эшитган ва унга амалий жавоб тариқасида ҳадислардан қирқтасини, ўзининг ҳаёти фаолиятида тадқиқ этиб, унга назмий баён ёзган.
Қуйида мазкур асарда келтирилган баъзи ҳадислар ва уларга битилган Навоийнинг туркий назмини таҳлил этамиз.
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига раво кўрган нарсани ўзга биродарига ҳам раво кўрмагунча, мўмини комил бўла олмайди” .
Мўмин эрмасдур, улки имондин
Рўзгорида юз сафо кўргай,
Токи қардошиға раво кўрмас
Ҳар наким ўзига раво кўргай
Алишер Навоий мазкур ҳадиснинг умумий мазмунига эътибор қаратиб унга бадиий талқин берган. Яъни, ҳадисдан кўзда тутилган асосий мақсад инсонларнинг бир-бирлари билан доимий меҳр оқибат, хайр-саховатда бўлиб, ўзларига лозим топган нарсалардан биродарига ҳам раво кўришлиги ҳақиқий мўминлик, комиллик сифати эканлигини назмий ифодалаб берган.
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Қўлидан ва тилидан ўзга мусулмонларга зарар етмайдиган кишигина ҳақиқий мусулмондир”.
Ким мусулмонлиғ айласа даъво
Чин эрмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмон дурурки, солимдур,
Тили-ю илгидин мусулмонлар.
Ҳақиқий мусулмон, комил инсон ушбу ҳадисда келтирилгандек, ўзининг қўли ва тилидан бошқаларга озор бермаслигидир. Назмда инсон жонини фидо қилиб мусулмонликни даъво қилса-ю, қўли ва тилидан ўзгаларга озор етиб турса, у ҳақиқий мусулмон бўлолмаслиги баён қилинмоқда.
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Одамларга раҳимли бўлмаган кишига, Оллоҳнинг ҳам раҳми келмайди”.
Тенгридин раҳм агар тамаъ қилсанг,
Аввал ўлмоқ кераксен элга раҳим.
Ҳар кишиким улусқа раҳм этмас,
Анга раҳм айламас раҳиму-карим.
Мазкур назмда Мутафаккир инсонларнинг бир-бирлари билан раҳм-шафқатли бўлиб, ўзаро ёрдамда бўлишлари, уларга тангри меҳрибонлигини келтиришига сабаб бўлишини баён қилиб, агар меҳр-шафқат, раҳмдиллик бўлмаса оллоҳнинг ҳам меҳрибонлиги бўлмаслигини назмий ифодаламоқда.
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Одамларга фойдаси кўпроқ тегадиган киши одамларнинг энг яхшироғидур”.
Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?
Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин.
Яхшироқ бил они улус ароким,
Етса кўпроқ улусқа нафъ андин.
Жамиятда инсонлар доимо бир-бирларининг ёрдамларига муҳтожлик сезиб яшайди. Шундай экан, Алишер Навоий мазкур назмда, агар халқ ичида энг яхшиси кимлигини билмоқчи бўлсанг, халқдан сўраб бил ва уларни қай бирининг фойдаси халққа кўпроқ етиб турган бўлса, кишининг яхшиси шу инсон деб таъкидламоқда. Бу сифат ҳам комил инсоннинг ажралмас хусусияти деб талқин этилади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Илмга бахиллик қилинмайди”.
Эй хиродманд олимеки, санга
Илмдин рўзий айлади сонеъ.
Киши ўрганса қилмағил маҳрум,
Ёки нафъ олса бўлмағил монеъ.
Алишер Навоий ушбу ҳадисда келтирилгандек, илмга бахиллик қилувчи олимларга нисбатан, агар Аллоҳ сенга илмдин бир насиба берган бўлса, уни сендан ўрганувчиларга бахиллик қилма ва илмдан фойдаланувчиларни қайтарма деб назмий кўринишдаги ифодасини баён қилган.
Алишер Навоий “Арбаъин” асарида келтирган ҳадисларнинг назмий шарҳини таълиф этиб, ҳадисларда олдинга сўрилган ғоялар, одамийлик, меҳр-мурувват, инсонпарварлик, илмга бўлган муносабат, мўминлик ва мумулмонликнинг асосини ифода этувчи, комил инсон бўлиб етишишдаги фазилатларнинг ёрқин баён қилиб берган.
Зеро, Навоийни англашда ҳақиқий маърифат ва маънавият бор. Алломанинг асарлари мазмунига ислом динининг асосий манбаси бўлган оят ва ҳадислар сингдирилган. Бу ҳақиқий маърифат ва ҳикмат бўлиб, ундан манфаат олиш ҳар бир шахс учун муҳим ва ҳаёти зарурат ҳисобланади.
Ш.Х.Умаров,
Ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича
фалсафа доктори,
Имом Термизий ўрта махсус ислом
таълим муассасаси директори
Izohlar