11.03.2026

ЗАКОТ – ИСЛОМ УСТУНЛАРИДАН БИРИ! (1-қисм)

Ўн саккиз минг оламни яратган, инсонларни бахтли ва бахтсиз қиладиган, ўлдириб ва тирилтирадиган, кулдириб ва йиғлатадиган, бор қилиб ва йўқ этдиган, фақир ва бой қиладиган, зарар ва фойда берадиган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ул зот баъзи бандаларни яхшилик билан хослаган, ҳамда уларнинг устидан бой ва беҳожат қиладиган неъматларини хослаганича ёғдирган. Айримларга эса имтиҳон ва синовларни кўрсатиб, ризқда умидсизлик ва машаққатга солганича муҳтож қилган.Сўнг закотни исломнинг учинчи рукни этиб, у орқали бойларга молиявий ибодатни адо этиш ва камбағалларга моддий ёрдам олиш имконини яратиб берган Аллоҳ таолога беадад ҳамду-санолар бўлсин!

        Закот ҳақидаги илоҳий таълимотларни ўз умматларига англатиб, уни татбиқ қилиш йўлларини кўрсатиб берган ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллоллоҳу алайҳи вассаллам)га энг пок саловоту-дурудлар бўлсин!

     Закот ҳақидаги аҳкомларни ва уларни тўғри татбиқ қилишни умматларнинг келажак авлодларига етказган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллоллоҳу алайҳи вассаллам)нинг оли байтларию асҳобларига Роҳману Роҳийм бўлган Аллоҳнинг розилиги бўлсин!

Исломнинг беш рукнидан учинчиси бўлмиш закот ибодати ҳақида керакли маълумотларни билиш ва уларга амал қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз , ҳам қарздир.

Ҳар биримиз закотнинг фарзлиги ва фазилати, закот бўладиган ва бўлмайдиган нарсалар ҳақида, кимларга закот бериш фарзлиги закотнинг фарзлиги ва закотнинг тўғри бўлиши шартлари ҳақида ҳам батафсил маълумотга эга бўлишимиз керак. 

         Ҳозирги кунда кўпчиликни қизиқтириб келадиган масалалардан бири ҳам бу-закотдир.

Қадимда закот асосан чорва молларидан чиқарилган. Закотни яна зироат маҳсулотларидан ҳам олишган. Зироат маҳсулотларидан олинган закотни “ушр” деб аташган.

  Ҳозирги кунда закот ҳақида сўз борганда, асосан, муомаладаги пуллардан закот чиқариш тушунилади. Қадимда эса тилло ва кумуш пуллардан закот чиқарилган. Демак, биз закотни чиқаришда, энг аввал уларни қайси маҳсулотдан ёки қайси пулдан чиқаришга қараган ҳолда тилло ва кумуш пулнинг закотини, нақд пулнинг закотини ҳам, тижорат моллари закотини, тақинчоқлар, етимнинг моли ва асалнинг закотини ҳам, ерости ва сувости бойликларининг закотини ҳам ўрганиб қўйишимиз керак.

Шаръий манбаларда зикр қилинган закоти чиқарилиши лозим бўлган моллардан қоидага биноан, закот чиқарилаверади. Аммо ҳозирги кунга келиб, номи шаръий манбаларда зикр этилмаган, аммо ўзи даромад келтирадиган нарсалар пайдо бўлди. Шунинг учун ҳам, кўп одамлар закотга оид турли масалаларни тинмай сўраб оладилар.(Чунки айнан мана шу мавзуни ўрганиш етарлича эмас).

Исломда молиявий ибодат фақат закот билан чегараланиб қолган эмас. Садақаи фитр ва бошқа садақалар ҳамда кўнгилли равишда қилинадиган хайрли эҳсонлар ҳам кўп. Ана ўша нарсаларни яхшилаб ўрганиб олсак, ўзимизга ҳам, бошқа (мулкдорлар, муҳтожлар, оила аъзоларимиз, танишларимиз) кишиларга ҳам яхши бўлади.

Қуръони каримда  “закот” сўзи 30 мартадан ортиқ келган бўлса, шундан 27 тасида намоз билан бирга зикр қилинган. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллоллоҳи алайҳи вассалламнинг суннатларида закотга алоҳида эътибор берилган.

Закот, садақа ва эҳсон тўғрисидаги оятларни жамласак, қуйидаги рўйхат келиб чиқади. Уни тушунишимиз осон бўлиши учун жадвал кўринишига келтирдик.

   Мол ва молиявий алоқалар инсонлар ҳаётида, хусусан, ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин тутади. Хусусан, ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин тутишини ҳеч ким инкор эта олмайди. Қайси бир шахс, қайси бир жамиат молиявий масалани, яъни иқтисодий масалани тўғри ҳал  этса, катта мувафаққиятга эришиши аниқ.

Шунинг учун ҳам бу масала ҳамиша кўпчиликни ўйлантириб келган ва келаётир. Ҳар  ким бу  масалани ўзича турли усулларда қўллаб кўрган. Баъзилар ўзи ишлаб иқтисодий ҳолатини  тўғрилашга уринса, бошқалар ўзгаларни ишлатиб иқтисодини яхшилашга интилган. 

Учинчи тоифа эса, кишилар ўртасида иқтисодий тафаккурни йўқ қилиш учун бойликларни йўқотиш зарур деб ҳисоблаганлар.

Тўртинчилар, солиҳ миршаби ишни ўз жойига келтириши мумкин дейдилар. Хулоса қилиб айтсак, бу масалада ҳар ким ўзича фикр-мулоҳаза юритиб, ҳатти-ҳаракат қилган ва қилмоқда. Лекин буларнинг ҳаммаси ҳам, аввалда энг тўғри йўл, энг муносиб омил бўлиб кўринсада бора-бора камчиликлари очилиб ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмоқда. 

Закот масаласи фақат Аллоҳ таолонинг ягона ўзига хос ишдир. Ким Аллоҳ таолонинг таълимоти ила иш кўрса, ниятига етади. Аллоҳ ўзининг охирги динида- Исломда иқтисодий муаммоларни ҳал  қилиш закот асосида бўлишини кўрсатиб қўйган. Бугунги кун тили билан айтганимизда, иқтисодга закот асос қилиб, олинса, сўнгра унга бошқа исломий-иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий масала ечилган бўлади. Закот қатъий фарз амали бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилинган. Унинг юксак ва беқиёс ҳикматларидан асосийлари қуйидагилардир: 

1) Бойларни нажот топганлардан бўлишлари учун баҳиллик касалидан поклаш, уларни фойдали ишларга ўргатиш. Чунки Аллоҳ таоло буйиради:

2) Фақир ва ожиз кишиларга ёрдам бериш  шу орқали ожиз ва муҳтож кишиларнинг дардларига дармон бўлиш, уларнинг ғам ва қайғуларини енгиллатиш. Мана шу тарзда бойлар билан камбағаллар орасида ҳурмат, муҳаббат, бирдамлик ва меҳр-шавқат пайдо бўлади ва яхшилик кучаяди. 

3) Закот тиланчилар ҳамда ишсизлар сонини  камайтиради ва шу туфайли жамиятдаги жиноятлар қабиҳликлар, тартибсизликлар йўқолади. Чунки, муҳтож бир камбағал оч қолгач, жамиятда тартибсизликлар чиқариб, ўғирлик қила бошлайди. Аммо бойлар томонидан берилган закот туфайли моддий эҳтиёжларини қондирса, жиноят қилишдан бошқаларга зарар беришдан воз кечиб, фойдали ва ҳайрли ишларга киришади. 

4) Закот бойларнинг жуда катта маблаг'лар йиғиб, камбағалларнинг иқтисодий маҳрум бўлишлар натижасида юзага келадиган тўнтариш каби тартибсизликлардан жамиятни ҳимоя қилади. Агар бойлар Аллоҳ таолонинг закот тўғрисидаги                                                                       амрига қулоқ солсалар, камбағаллар ҳам бойларнинг молларида ўзларининг ҳиссалари борлигини ҳис қила олсалар, бу ҳол жамиятдаги турли фалокатларнинг олдини олишга фақирлар бойларнинг мол-мулкини кўпайтиришда, уларга ёрдамчи бўлишларига ҳамда уни ўз мулкидек, ҳимоя қилишларига сабаб бўлади. 

5) Закот неъматнинг шукронасидир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига баданий-молиявий неъматлар берган. Бадан билан қилинадиган ибодатлар баданий, мол билан қилинадиган ибодатлар молиявий неъматларнинг шукридир. Шундай экан, бой-бадавлат киши камбағал ва даромади озлиги туфайли бошқаларга муҳтож одамларга қараб, Аллоҳ таоло берган неъматлар билан ўзининг тиланчиликдан, бошқаларга муҳтож бўлишдан қутқарган. Аллоҳ таолога шукр этиб, мулкидан жуда ҳам  оз қисмини фақирларга бермаса, у нақадар ҳасисдир.

6) Закот фарз бўлишининг бошқа ҳикмати эса, Аллоҳ йўлида курашаётганларнинг кучларига куч қўшиб ва аскарларга ёрдам бўлиб, исломнинг ёйилишидир. Фақир аскар Аллоҳ йўлида ўзини фидо қилган бўлса, бойларнинг ҳам мол-мулкидан бир қисмини уларга фидо қилиши бундан кам эмас.  Санаб ўтилганлардан ташқари закотнинг бутун инсоният учун ҳайрли ва фазилатли ҳикматлари бордир.

 

Давутов Саййидбурхон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar