РАМАЗОН-ҚУРЪОН ОЙИ. ҚУРЪОН ИСМЛАРИ: БАШИР ВА НАЗИР
БИЛАДИГАН ҚАВМЛАР УЧУН ОЯТЛАРИ МУФАССАЛ БАЁН ҚИЛИНГАН КИТОБДИР. ХУШХАБАР БЕРГУВЧИ ВА ОГОҲЛАНТИРГУВЧИ БЎЛГАН ҲОЛДАДИР. ФУССИЛАТ, 3-4.
Қуръони Каримнинг башир ва назир исмлари “мўминларга жаннат хушхабарини берувчи, кофирларни эса дўзахдан огоҳлантирувчи” маъносидадир. Имом Мотуридий Қуръоннинг бу сифатларига тўхталар экан, дейдики, башорат ва огоҳлантириш (назир) – ишларнинг охир-оқибат қай тарзда яхшилик ва ёмонлик билан тугашини баён қилиб беришдир. Яна айтилишича, башорат – кишиларни охири гўзал ва яхши нарсаларга олиб борувчи нарсаларга чақириш, огоҳлантириш – уларни охири ёмон оқибатларга олиб борувчи нарсалардан қайтаришдир. Огоҳлантириш бу ўзи зажр – қайтаришдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни (Қуръон билан) яхшиликларга чақирувчи ва ёмонликлардан қайтарувчи ҳолда юборилдилар.
Албатта, Қуръони Каримнинг бир қанча оятларида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳам башир ва назир эканликлари келтирилади. Улардан бирида шундай дейилади:
“Албатта, Биз сени ҳақ билан суюнчли хабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик” (Бақара, 119).
Бу ҳам табиийки Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган Қуръон ва ваҳий билан боғлиқдир. У зот ўзларига ваҳий қилинган билимлар билан яхшилик башоратини бериб, ёмон оқибатлардан огоҳлантирганлар. “...ҳақ билан” жумласи ҳам шунга ишораки, бу Қуръони Каримдир.
Исмоил Ҳаққий Бурсавий ўзининг “Руҳул баён” номли тафсирида Қуръоннинг бу икки сифати борасида гўзал изоҳлар битиб дейдики, ким Қуръонни тасдиқ эса, унинг қадрини англаса ва ҳаққини адо этса, ўша кишига бу жаннат хушхабарини берур. Энди ким уни ёлғонга чиқариб, қадрини билмаса, ҳаққини адо қилмаса, уни дўзахдан ва (ҳақдан) айрилишдан огоҳлантиради.
Ёки бу Қуръон Аллоҳга (қалби билан) иқбол қилиб, шавқ сифати билан юзланган кишига башоратдир. Ўз нафсига юзланган ва тоатига (кибр ва ажабланиш ила) назар солган кишига эса огоҳлантирувдир.
Ёки Аллоҳнинг валийларига юксак мақомларга етишиш мумкинлигини башорат берувчи, уларни Қуръонга хилоф қилиб, улуғ даражалардан маҳрум бўлишдан эҳтиёт бўлишга чақириш билан огоҳлантирувчидир.
Ёки киши ражо (умид) туйса – башир, хавф туйса – назирдир.
Ёки осийларга шафоат ва ғуфрон (мўл-кўл мағфират) билан башорат бериш, итоатлиларга эса адаб ва Раҳмоннинг тоати арконларини (давомли) бажаришлари учун огоҳлантирувдир.
Ёки у Аллоҳ ихтиёр қилиб, танлаб олган бандалар учун башорат, йўлдан озган бандалар учун огоҳлантирувдир.
Бу тафсирдан Қуръоннинг комил ва шомиллиги маълум бўлади. У ҳар қандай кишига: хоҳ у, мўмин бўлиб, итоатли тақводор бўлсин, кофир бўлиб, осию гуноҳкор бўлсин, ҳам башорат, ҳам огоҳлантирув бўлади. Унинг бу сифатлари барчага тегишли.
Абу Абдруҳамон Суламий ўзининг “Ҳақоиқ ат-тафсир” (Тафсир ҳақиқатлари) асарида Муҳаммад ибн Али (Ҳаким Термизий)дан бу оят ҳақида шундай нақл қилади: “Ражо (умид) туйса – башир, хавф туйса – назирдир”.
Ушбу тафсирни Бурсавий ҳам юқорида келтириб ўтди. Яъни кишидаги умидворлик Қуръондаги башоратларга, хавф қилиб, Аллоҳдан қўрқиш эса унинг огоҳлантиришларига боғлиқ бўлади. Таъкидлаш лозимки, умид ва хавф – имон саломатлигининг асоси саналади. Бунинг асоси эса Қуръондан олиниши маълум бўлмоқда. Демак, Қуръон нафақат киши учун энг қийматли бўлган имон неъматини берувчи, балки бу улуғ неъматни мувозанатда тутиб турувчи ҳамдир. Мувозанатдан чиққан ҳар бир нарса эса ҳалокатга маҳкумдир. Шунинг учун, Фахриддин Розий ушбу оят тафсирида келтирганидек, унинг башир ва назир сифати яхши ва ёмон оқибатни англатгани сабабли Қуръонни фаҳмлаш – муҳим ишларнинг ҳам энг муҳими саналади.
Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar