14.03.2026

ЗАКОТ – ИСЛОМ УСТУНЛАРИДАН БИРИ! (2-қисм)

Закот имкони бор мусулмонга Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган муқаддас бурчдир. Мусулмон киши закотга амал қилар экан, иқтисодий муомалага эмас, илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодат қилади.

Имом Ғаззолий (р.а.): "Аллоҳ таоло ўз бандасига жон неъмати ва мол неъмати бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир",- деганлар.

Демак, закот ибодати туфайли закот берувчи киши ўзининг ихтиёридаги мол-дунё Аллоҳ таоло томонидан берилган неъмат эканини бу молу-дунёга вақтинчалик соҳиб бўлиб турганини тушуниб этади. Шунинг учун у, қўлидаги молу-дунёни Аллоҳ кўрсатган ҳалол-пок йўлларга сарфлашга интилади. Бу нарса иқтисодда жуда муҳим бўлиб, ҳар бир шахс, ҳар бир жамият учун иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда зарур омилдир. 

Ислом таълимоти бўйича, мол ҳисобга етганидан кейин, унинг ичида закотга ҳақдорларнинг моли пайдо бўлади. Яъни бировнинг ҳақи аралашади. Ўша бировнинг ҳақи чиқариб берилгунича мазкур мол пок ҳисобланмайди. Ўзининг ҳалол молига бировнинг ҳақини- ҳаром молини қўшиб олгандек бўлади. Аллоҳнинг  амрига бўйсуниб, закот чиқариб берилсагина, ўша мол покланади. 

Ислом жамиятидан бошқа жамиятларда бундай тушунча йўқ. Замонамиздаги кўпгина молиявий муаммолар айнан шу руҳнинг етишмаслигидан келиб чиқмоқда. Ҳар бир мусулмон бой вақтида закотини чиқариб бермаса, қолган моли ҳам ҳаром бўлишини ва ҳалокатга учрашини яҳши билади. 

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларидан бирида: "Қачон  бир молга закот аралашса, албатта,  уни ҳалок қилади"-деганлар. Шу билан бирга закот молнинг ўсишига кўпайишига энг муҳими, баракали бўлишига ва турли бало-офатлардан сақланишига ҳам сабаб бўлади. 

Расулуллоҳ (с.а.в.): "Молларингизни закот ила ўраб, ҳимоялангиз",-деганлар. Закот ибодати закот берувчига ҳам кўплаб фойда келтирар экан.  Демак, у жамиятга ҳам катта фойда келтиради. Шунинг учун ҳам, закот ибодати татбиқ қилинган жамиятларда кўпгина мушкулот муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Ижтимоий таъминот масаласини олиб кўрайлик. Ислом бу масалани закот орқали ўн беш аср олдин ҳал қилиб қўйган. Ҳозирги замонда эса, кўп давлатлар бу муаммони ҳал қила олмай бошлари қотиб ётибди. Умуман, "ижтимоий таъминот" деган истилоҳни ҳозирги жамият АҚШ ва Англия орқали 1941-йилдан ишлата бошладилар. Унгача бу нарса ҳаёлларига ҳам келмаган. 

Закот масаласи орқали ижтимой таъминот масаласи ҳал этилишини тушуниб етиш қийин эмас. Бунинг учун закотдан тушган маблағ  кимларга сарфланишига бир назар солинса, кифоя. Закот қуйидаги кишиларга бериши керак: 

Шундай қилиб, жамиятдаги барча ижтимоий масалалар ҳал қилинади. Закот туфайли жамиятда камбағаллик, тиланчилик, кўчада қолган кишилар, қаровсиз қолган қариялар ва болалар муаммоси ҳамда шунга ўхшаш кўпгина муаммолар ҳал этилади.

Ҳозирги кунда иқтисодий муаммолардан бири жамиятдаги мавжуд пул маблағларининг маълум бир жойга тўпланиб, "айланмай" туриб қолиши эканини иқтисодчилар кўп такрорлайдилар. Одамлар қўлидаги пулни қайтариб ололмай ҳукуматлар, иқтисодий муассасалар қийналадилар. Нақд пулга эҳтиёж камайиб, янги пул чиқарилаверса, пулнинг тушиб кетиши ҳам сир эмас. Закот ила худди шу муаммони ҳал қилишга ҳам йўл очилади. ҳар йили тўпланиб қолган пулнинг маълум миқдори бойларнинг қўлидан камбағалларнинг қўлига ўтади ва натижада "айланмай" туриб қолган нақд пулнинг  маълум миқдори ўз-ўзидан айланишни бошлайди. 

  Жамиятда закотга ҳақдор кишилардан бир тоифаси қалбларини улфат қилиш зарур бўлагн кишилардир. Яъни, ислом жамиятига ҳайрихоҳ бўлишларига ҳожатлари тушадиган одамлардир. Бу тоифага янги мусулмон бўлган кишилар ёки мусулмон бўлишидан умид қилинган кишилар киради. Бу дегани бошқа халқлар вакиллари билан алоқаларни яхшилаш масаласида ҳам закот хизмат қилаяпди, деганидир. 

“Аллоҳнинг йўлида дегани" деган бандга эса, асосан ҳарбий ҳаражатлар киради. Яъни жамиятдаги аскар армияни тутиб туриш учун керак бўлган сарф-ҳаражатларга ҳам закотдан сарфланади. ҳозирги кунда бу мақсаддаги сарф-ҳаражатлар давлатлар учун асосий муаммо бўлиб турганини ҳисобга олсак, бу билан жамиятнинг яна бир оғири енгиллашади. 

 Ҳозирги вақтда жамиятдаги мавжуд ҳақиқий бойликни аниқлаш жуда мушкул. Чунки, мол эгалари солиқ тўлашдан қочиб,  ўз моли-мулклари, даромадларини турли усуллар билан яширадилар. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий ҳисоб-китоб қилиш, келажакга режалар тузиш ишини мушкиллаштирмоқда. 

Умар ибни Абдулазиз ҳалифалиги даврларида кенг ҳудудли ислом давлатида закот тўпланиб, закот оладиган одам топилмай қолган. Бу давлатдаги ҳар бир оила закот бериш даражасига етган деганидир. Шунда уламолар йиғилишиб, тўпланган закотни "Аллоҳнинг йўлида" бандига амал қилиб, Африкада исломни тарқатиш ишларига сарфлаш керак, деган фатво чиқарганлар. Бугунги кунда кўпгина закот ибодати адо этилмаётгани маълум.  Баъзи жойларда эса, қисман адо этилаётгани ҳам аниқ. Баъзи жойларда бу масалани қайтадан ўрганиб,  йўлга қўйиш ҳаракатлари ҳам бор.

 

Давутов Саййидбурхон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar