10.02.2023

Буюук жасорат (1 қисм)

1483 йил 14 февралда Андижонда таваллуд топган. Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили: буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода. Бобурнинг отаси — Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси — Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Бобур барча темурий шаҳзодалар каби тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олади. Бобур отаси йўлидан бориб, машҳур сўфий — Хожа Аҳрорга ихлос қўяди ва унинг тариқати руҳида вояга етади, умрининг охирига қадар шу эътиқодга содиқ қолади. Отаси Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради. Бобур ҳукмронлигининг дастлабки 2-3 йилида мавқеини мустаҳкамлаш, бек ва амалдорлар билан ўзаро муносабатни яхшилаш, қўшинни тартибга келтириш, давлат ишларида интизом ўрнатиш каби муҳим чора-тадбирларни амалга оширади. Бобурнинг дастлабки сиёсий мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди.

Темурийларнинг ўзаро урушлари кучайган кезларда Шайбонийхон Мовароуннаҳрни истило қилишга киришади У 1499 йили Жиззах ва Самарқанд орқали Қарши ва Шаҳрисабзгача босиб боради, катта ўлжа билан Дашти Қипчоққа қайтади. Орадан кўп ўтмай катта куч билан Мовароуннаҳрга қайтган Шайбонийхон Бухоро ва Қоракўлни эгаллайди, 1500 йили Султон Али Мирзо калтабинлик билан Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади. Бироқ, шаҳар аҳолиси ва зодагонларининг маълум қисми темурийлар ҳукмдорлигини тиклаш тарафдори эди. Улар Фарғона ҳокими Бобурга мактуб йўллаб, Самарқандни ишғол қилишга даъват этганлар. Бобур темурийлар салтанатини ҳимоя қилиш ва уни сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилиб, Шайбонийхонга қарши бир неча йил давомида муттасил кураш олиб борса-да, аммо мамлакатда ҳукм сурган оғир иқтисодий танглик ва сиёсий парокандалик шароитида мақсадига эриша олмайди. Бобур Самарқанд тахти учун курашаётган пайтда Андижонни Султон Аҳмад Танбал эгаллаб олади. Бобур 200-300 навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб, Ғазни ва Қобулни эгаллайди. Қобулни эгаллагач, мустақил давлат тузишга жадал киришади, қўшинни тартибга келтиради, қаттиқ ички интизом ўрнатади. Қобулга, умуман Афғонистонга Бобур ўз юрти каби қаради, қурилиш, ободонлаштириш, касбу ҳунар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ишларини бошлаб юборди. Шаҳар ичидаги Боло Ҳисор қалъасини ўз қароргоҳига айлантириб, уни қайта таъмирлатди, янги иморатлар қурдирди ва оиласи билан шу қалъада яшади. Унинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари шу ерда туғилади.

 

Хайрулло Мардонов – Таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари.

 

 

Izoh qoldirish

Izohlar