17.02.2023

АНВАР ШОҲ КАШМИРИЙНИНГ ҲАДИСЛАРНИ ЎРГАНИШ ВА ЎРГАТИШДАГИ ЙЎЛИ

Кашмирий “Сунан Термизий”ни шарҳлар экан, бошқа шориҳларга нисбатан ўзгача йўл тутган. Кашмирийнинг ҳадиси шарифларни шарҳлашдаги узига хос тутган йўлларини икки қисмга ажратиб ўрганиш мумкин. Улар: 

– биринчиси, алломанинг ҳадисларни ўрганиш ва ўргатишдаги умумий йўналиши, 

  •  иккинчиси, “Саҳиҳи Бухорий” китобидан дарс беришда Анвар Шоҳ Кашмирийнинг ўзига хос тутган йўли; 
  1. Алломанинг ҳадисларни ўрганиш ва ўргатишдаги умумий йўналишларини ўрганадиган бўлсак, Алломанинг бу борада ўзига хос сифат ва хусусиятлари бор. Бундай хусусиятларни у зотдан кейин ҳали бировда кўрилмаган. Уларнинг гўзаллиги қалблардан  жой оларди:

– Шайх ҳадиснинг рижоллари (санаддаги кишилар) борасида қисқа маълумот бериб кетган. Агар бобда уни келтиришга эҳтиёж туғилса ё уни зикр этишда бирор бошқа манфаат бор деб ҳисобласа, албатта уни батафсил келтирарди. Жарҳу таъдил (ровийларни айбли ё адолатли деб билиш илми) да гапни кўп чўзмаган. Анвар Шоҳнинг ўзи бундай деган: “Мен рижоллар борасидаги нақлларни, ҳамда улар ҳақидаги деди-деди, миш-мишларни кўп келтирмадим. Чунки мен буни адолатли деб топишдаги асосий мезон деб ҳисобламайман. Айримлари гап мувофиқ кетаётганда сукут қилиниб ўтказиб юборилади. Ихтилоф чиққанда ё баҳсу мунозарага чорлаганда айбли деб топилади. Бу эса бирор нарсани ўзгартира олмайдиган, етарли бўлмаган, балки баҳсу мунозарага керак бўладиган ишдир”[1].

– Кашмирий мазҳаб имомлари ўртасидаги ихтилофларнинг келиб чиқишига асос бўлган ишларни, хусусан, далил келтиришда кўп такрор-такрор келадиган масалаларни баён қилишга алоҳида эътибор қаратган. Бу борада кўнгилни хотиржам қиладиган даражада маълумот берган.

– Аллома қадимги уламоларнинг гапларидан, хоссатан, аҳли илмларнинг кўпчилигига етиб келмаган  сара маълумотларни нақл қилган.

– Бирор  бир китобни ё асарни зикр этса, ниҳоятда холислик билан  қадрини туширмасдан ё мақтаб кўкка кўтармасдан унинг илмий даражаси, хусусиятларини  айтиб ўтган. Бу билан толиби илмларга осонлик яратган  ва тўғри, ҳақиқий илмга восита қилиб берган. 

– Аллома баҳсларни ва лафзларни такрор-такрор келтириб муаммоларга ечим топишга уринган.

– Кашмирий гапни қисқа қилишга, изоҳларни кўпайтириб юбормасликка ҳаракат қилган. Натижада худди илмини яшираётган, зиқналик қилаётгандек бўлиб кўринади. Аслида бу у кишининг сўзлари фасоҳатли, чуқур маъноли эканидан дарак беради. Ҳатто шайхнинг  айрим гапларини шарҳлаш, тушунтиришга  бир рисола ёзишга  эҳтиёж туғилади.

– Анвар Шоҳ мавзуга тегишли бўлган гапларни зикр этиш билан қаноатланмаган, балки гоҳида шундай  ишларни зикр қилганки, у билан мавзунинг орасида нозик боғлиқлик мавжуд. Буни баён этишга интилгани ва толиби илмларга манфаат бўлишини кўзлагани учун амалга оширган.

– Баъзан айрим нарсаларни зикр этиб уни илмий танқид қилган ва шогирдларига илмий танқид йўлларини ўргатган, ҳамда уларга бу нарсанинг асосини билдириб қўйган. Сўнгра илм аҳлларининг гапларидаги хусусият, белгиларини уқтириб, бу ишда эҳтиёткорроқ бўлиш лозимлигини таъкидлаган[2]. Буюк уламоларимиз қадр-қиммати борасида ҳар томонлама пишиқ ўрганиб сўнг гапириш, албатта, матлуб бир ишдир.

Мана шулар ҳадисларни  ўрганишдаги Анвар Шоҳ Кашмирийнинг умумий хусусиятларнинг энг асосийларидир[3]. Бу услублар ҳадислар билан ишлайдиган ҳар қандай кишига дастур бўладиган муҳим нуқталардир. Буларни диққат билан ўрганиб, ҳадисларни англаш ва шарҳлашда қўллаш айни муддаодир.

 

Низомиддинов Ҳошимжон - Имом Термизий

 ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
 

[1]Сайид Шоҳид Росул  Кокохел.Аллама Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий фий зовъи интажатиҳи ал адабияти вал илмийяти.-Покистон:Ҳоваланпур.2009.-Б.201.

[2] Сайид Шоҳид Росул  Кокохел.Аллама Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий фий зовъи интажатиҳи ал адабияти вал илмийяти.-Покистон:Ҳоваланпур.2009.-Б.202.

[3] Батафсил маълумот олиш учун алломанинг “Арфуш-шазий” китобига, ”Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар”, “Амолий”, “Файзул  борий” китобларига мурожаат қилишингиз мумкин. 

 

Izoh qoldirish

Izohlar