Илмсизлик оқибати
Ҳар бир мамлакатнинг, жамиятнинг тараққиёти у ерда илму фаннинг нақадар ривож топгани билан узвий боғлиқдир. Илмга ва уни ўрганишга қаратилаётган эътибор ўша давлатнинг эртанг ити кунини белгилаб беради.
Илм — ақл нуридир. У инсонларни борлиқни ҳис этиш, воқеликни идрок этиш, маънавий ва моддий оламни англашга, тафаккурини шакллантиришга ундайди. Илм яшаш чироғидир. У инсонларга бахт келтиради, ёруғликка чорлайди, жаҳолатдан йироқлаштиради. Зиёли инсонлар жамиятнинг етакчилари ҳисобланади.
Динимизнинг бош манбаи булган Аллохнинг каломининг биринчи вахийси хам "ўқи" деб бошланади. Шундай экан барча мусулмонлар ўз холи тақозо қилган илмни олиши керак масалан Намоз ўқимоқчи булган киши намоз илмларини, қассоб сўйиш илмини билиши фарздир.Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир», дея марҳамат қилганлар. Бешикдан то қабргача илм эгаллашга интилиш мўмин кишининг ҳаёт тарзи бўлиши керак.
Билим тўғрисида халқимизнинг ҳам жуда кўп мақол ва иборалари мавжуд. Билим олишнинг эрта-кечи бўлмайди, дейди доно халқимиз. “Илм олиш игна билан қудуқ қазиш”, деб бекорга таъкидламайди. Илм чексиз олам, тубсиз қудуқдир. У чек-чегарасиз, уни тўлиқ эгаллашга умрлар етмайди, керагини ўқиш илм соҳибининг маҳоратига, тажрибасига, сабр-тоқатига ва албатта устозу муаллимлар кўрсатмаларига боғлиқдир.
Маърифатга эга бўлмай туриб мақтаниш бу жаҳолатдир. Шунинг учун донолар айтадики, илм эгарланган отдир, билганга дўст, билмаганга душмандир.
Таъкидлаш керакки, тарихда ҳам илмсизлик оқибатида юзага келаётган барча муносабатлар низоларга айланиб, жамиятнинг тараққиётига раҳна солган. Илмли инсонлар яшайдиган, истиқомат қиладиган, фаолият юритадиган маконлар чароғон ҳисобланса, маърифатсизлар макони, уларнинг истиқомат манзили зимистондир. Улар илмли инсонларга ҳамиша хасад кўзи билан боқади, уларни орасига турли нифоқлар солиб, обрў ва манфаат топишга ҳаракат қилишади.
Илмли инсоннинг сўзи равон, аниқ ва тушунарли бўлади, илмсиз одамда ишончсизлик кучли бўлиб, нутқида мавҳумлик кўпроқ бўлади. Жоҳил кимса аниқ бир манфаатни кўзлаб илм йўлида юрса-да, манфаатга эришганидан сўнг шу илмга содиқликни йўқотади, илмнинг соф фазилатларини сохталаштириб, янги фойда сари одимлайди. Бундай инсонлардан барча йироқда юришни лозим деб билади.Инсонлар туғилганидан то сўнгги нафасигача илм талаб қилиб, уни тўла ҳис қилган ҳолда умр бўйи ўзини толиби илм ҳисоблаб юриши лозим, бу уларнинг икки дунё саодатга эришиш калитидир.
Қуръоннинг ояти карималарида илмнинг чегараси йўқ эканлиги, у инсонларни юқори даражаларга кўтариши, илмли, олим кишиларнинг шаъни нафақат жамият орасида, балки Яратганнинг наздида ҳам юксак бўлиши таъкидланган.
Илму маърифат сабаб инсон мақсадларига етади. Билим эгаллашнинг айни палласи эса ёшликдир. Бинобарин, “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш мисолидир”.
Юртимизда билимли бўлиш учун барча шароитлар етарли. Биз илм сирларини мукаммал ўрганиш йўлида жаҳон кезган, ҳаётини ирфонга бағишлаган буюк алломаларнинг авлоди эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Биз аждодларимиздан фахрланамиз, шунинг баробарида зиммамизга юклаган масъулият залворини ҳам ҳис этамиз. Қимматли вақтимизни бекорчи ишларга сарфламаслигимиз ҳамда биз учун яратилган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда маърифатли бўлишга жидду жаҳд қилишимиз лозим.
Вақт билан ҳамнафас яшаш, бугуннинг янгиликларидан бохабар бўлиш замондан орқада қолмасликнинг муҳим шартидир. Шу жиҳатдан, бугунги кунда ёшларни дунёвий илмлар эгаси ва касб ҳунарли бўлишлари муҳим вазифалар сирасига киради.
Хушматов Умрзоқ - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси
Izohlar