Ислом терорга қарши
Террор йигирманчи асрнинг охирига ва йигирма биринчи асрнинг аввалига келиб оламшумул муаммога айланди. Бу бало жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Энди жаҳон уруши, ядро ҳалокати хавфи ҳақида гаплар қолиб ҳамма террор ва унинг хавф – хатари ҳақида гапирадиган бўлиб қолди. Кўпчилик иттифоқ бўлиб террорнинг дини, ирқи ва миллати бўлмайди ҳаммамиз бу офатга қарши биргаликда курашишимиз лозим демоқда. Авваллари бўлмаган бу нарсани таърифлашга ҳам ҳаракат қилинмоқда. Ҳали террорнинг таърифида бир қарорга келинмаган бўлса ҳам кейинчилик террорни ўз мақсадига эришиш йўлида бошқаларнинг жони, моли ва обрўсига куч ва қурол ишлатиш йўли билан зарар етказишни террор деб атамоқдалар.
Бу масалаларга Ислом дини таълимотларида қандай қаралади деган савол пайдо бўлади. Албата, бу каби саволларга Қуръон ва Суннатда жавоблар тайёр. Жавоб беришдан аввал террордан тортилаётган зарарларга бир назар солайлик. Уларнинг рўйхати бошида бегуноҳ одамларнинг кўплаб ҳалок бўлиши туради. Кейин кишиларнинг молу мулклари зое бўлиши, шарафларига
путур етиши, халқлар орасидаги муносабатларнинг ёмонлашиши,
дунёда хавф – хатар бардавом бўлиши каби кўпгина инсонятга
зарарли нарсалар келади. Ислом инсониятга зарар етишига мутлақо қаршидир. Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсоният бахт – саодатини таъминлаш учун жорий қилинган диндир. Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад
кўзда тутилгандир:
1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсади.
2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш мақсади.
3. Инсон динини муҳофаза қилиш мақсади.
4. Инсон наслини муҳофаза қилиш мақсади.
5. Инсон молу-мулкини муҳофаза қилиш мақсади.
Террор эса айнан ушбу мақсадларга қарши фаолиятдан
иборатдир. Террорнинг бош зарари бегуноҳ инсонларнинг
ўлдирилишига Ислом қанчалар қарши эканини билишнинг ўзи бу
илоҳий диннинг террорга қанчалар қарши эканини очиқ – ойдин кўрсатиб беради.
Исломда ҳар бир жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Шу
боис бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни
ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Чунки жонлар кўп бўлгани билан ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана ўша жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг
ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолиш эса, ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сақлаб қолган билан тенг. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий
соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилди.
Ушбу ҳадисда кофир бўлса ҳам, инсон жони Ислом наздида қанчалик қадр-қийматга эга экани кўриниб турибди.
Ҳадиси шарифда «муъоҳид» - аҳдномаси бор ғайридинни
ўлдиришнинг оқибати қандоқ бўлиши ажойиб ўхшатиш ила васф қилинган. Мазкур жиноятни қилган одам «жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди». Жаннатга кириш, ундаги хушбўй-миску-
анбарлардан ҳидлаб, лаззат олиш у ёқда турсин жаннатнинг умумий
ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Яқинига йўлай олмаслик қай даражада бўлади? Бундоқ жиноят қилган одам жаннатда қирқ йиллик йўл юриш масофасидан ҳам узоқроқда бўлади. Чунки, жаннатнинг «ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур». Бас, шундоқ экан, ҳар бир мўмин мусулмон ўзи билан
тинч-тотувликда яшамоқчи бўлган ҳар бир ғайридинни ҳурматини
жойига қўйиши, унга зинҳор ёмонлик қилмаслиги зарур.
Террордан дунёга келаётган ҳар бир зарарга қарши юқоридагига ўхшаш кўплаб таълимотлар мавжуд. Уларнинг ҳар бири
ҳақида алоҳида китоб ёзиш мумкин. Шунинг учун бемалол Ислом террорнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қаршидир дейиш бизнинг бурчимиздир. Мусулмонлар террорга қарши курашнинг биринчи сафларида бўлиши лозимдир.
✍🏼 Абдуллаев Фатхулло - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3- босқич талабаси
Izohlar