06.03.2023

Мазҳаблар ҳақида замонавий фатво

Бисмиллаҳир Роҳманир роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар булсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Бугунги кунда энтернет тармоқларида баъзи қўштирноқ ичидаги шахслар мусулмонларнинг ўрталарида фитна чиқариб, битта мазҳабда амал қилаётган инсонларнинг ўрталарини ажратиб, бемазҳаблигга даъво қилаётганларга раддия.

Аллоҳ таооло Оли Имрон сураси 103-оятида:

"وَٱعۡتَصِمُواْ بِحَبۡلِ ٱللَّهِ جَمِيعٗا وَلَا تَفَرَّقُواْۚ وَٱذۡكُرُواْ نِعۡمَتَ ٱللَّهِ عَلَيۡكُمۡ إِذۡ كُنتُمۡ أَعۡدَآءٗ فَأَلَّفَ بَيۡنَ قُلُوبِكُمۡ فَأَصۡبَحۡتُم بِنِعۡمَتِهِۦٓ إِخۡوَٰنٗا وَكُنتُمۡ عَلَىٰ شَفَا حُفۡرَةٖ مِّنَ ٱلنَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنۡهَاۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمۡ ءَايَٰتِهِۦ لَعَلَّكُمۡ تَهۡتَدُون"

103. Барчаларингиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушланглар, айрилманглар. Ўзаро душман бўлганингизда Аллоҳ дилларингизни улфат қилганини, Унинг фазли туфайли биродарлашганингизни эсланглар. Олов жари ёқасида турганингизда сизларни ундан қутқарди. Ҳидоят топишингиз учун Аллоҳ оятларини шу тарзда баён этади.

 

Маккаи Мукаррамада жойлашган, дунёдаги энг мўътабар мусулмон ташкилоти бўлмиш Робитаи Олами Исломий ҳузуридаги Ислом фиқҳи Академияси қарорини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ислом фиқҳи академиясининг 1408 ҳижрий санада бўлиб ўтган ўнинчи йиллик мажлисда қабул қилинган мазҳаблар ўртасидаги фиқҳий хилофлар ва мазҳабга мутаассиблик қилиш ҳақида.

Робитаи Олами Исломий қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси кенгаши ўзининг Маккаи Мукаррамада, 1408 ҳ.с. 24 сафар. (1987 м.с. 17 октябр) шанба кунидан 1408 ҳ.с. 28 сафар (1987 м.с. 21 октябр) чоршанба кунигача бўлиб ўтган ўнинчи йиллик мажлисида эргашиладиган мазҳаблар орасидаги фиқҳий хилофлар ва баъзи бир мазҳаб атбоълари томонидан содир бўладиган, мўътадиллик чегарасидан чиқадиган ва ҳатто бошқа мазҳабларга ҳамда уларнинг уламоларига таъна тоши отишгача етиб борадиган кўнгилсиз таассуф масаласини кўриб чиқди. Мажлис ўсиб келаётган ҳамаср авлоднинг ақлида ва тасаввурида мазҳаблар орасидаги ихтилофлар ҳақида ориз бўладиган муаммоларни текшириб чиқди. Кўпинча, ўша(ёш)лар бу муаммоларнинг маъносини ҳам, асосини ҳам билмайдилар. Натижада, баъзи адаштирувчилар, модомики, Ислом шариати битта бўлса, унинг асли Қуръони Карим ва Суннати Набавияда собит бўлган бўлса, нима учун мазҳаблар ихтилоф қиладилар, нима учун улар бирлаштирилиб, мусулмонлар битта мазҳабда бўлмайдилар ва бир хил шаръий мазҳабга эргашмайдилар, деб кўпчиликни йўлдан оздиришга ҳаракат қиладилар. Шунингдек, мажлис мазҳабий мутаассибчилик ва ундан келиб чиқадиган муаммоларни, хусусан, бугунги кунда пайдо бўлган, янги иждиҳодий йўл тутишга даъват қилаётган, Ислом уммати қадимги исломий асрлардан бери қабул қилиб келаётган мавжуд мазҳабларга ва уларнинг уламоларига тил теккизаётган, кишилар орасига фитна солаётган хатокор янги йўналишлар ҳақидаги масалани ҳам кўриб чиқди.

Мажлис мазкур масалани, унинг сабабларини ва ундан келиб чиқадиган залолату фитналарни атрофлича ўрганиб чиқиб, икки томонга-адаштирувчи ва мутаассибларга қуйидаги баёнотни эслатма тарзида йўллашга қарор қилди:

Биринчи хилдагиси, эътиқодга оид ихтилофдир. Бу иш воқеъликда Ислом юртларига бало-офатлар олиб келган, мусулмонларнинг сафини бузган ва тафриқага солган катта мусибатдир. Бу жуда ҳам афсусланарли ва бўлмаслиги вожиб ишдир. Ислом уммати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ва рошид халифалар давридаги саломат ва пок ислом фикрини тамсил қилувчи «Аҳли суннат вал жамоат» мазҳабида жам бўлмоғи лозимдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ўзлари: «Сизларга Менинг суннатимни ва рошид халифаларнинг суннатини тутмоқлик лозимдир. Бас уни маҳкам тутинглар», деб эълон қилганлар.

Иккинчиси, фиқҳий мазҳабларнинг баъзи масалаларга оид ихтилофидир. Буни тақозо қилган илмий сабаблари бор. Бу ишда Аллоҳ Таолонинг катта ҳикмати, жумладан, бандаларига раҳмат ва шаръий далиллардан ҳукм чиқаришга кенг йўл очиш бордир. Сўнгра бу нарса бир неъмат ва фиқҳий-қонуний бойлик бўлиб, Ислом умматига диний ва шаръий ишларда кенглик яратиб беради.

Иккинчидан: мазҳабларни тарк қилишга даъват қилаётган, одамларни янги ижтиҳодий йўлга мажбурламоқчи бўлаётган ва мавжуд фиқҳий мазҳабларга ва уларнинг имомларига таъна тошини отаётган тоифаларга келсак, бизнинг фиқҳий мазҳаблар ва уларнинг имомлари фазилатлари ҳақидаги ҳозирги баёнотимизда улар учун ўзларининг тутган бу жирканч услубларидан тийилишни, одамларни адаштириб, ораларини бузишни ва уларни тафриқага солишни вожиб қилувчи нарса бор. Ҳозирги пайтда биз беҳуда, одамларни тафриқага солувчи даъватга эмас, Ислом душманларининг хатарли уринишлари қаршисида бирлашишга муҳтожмиз.

Шу билан бирга эътироф қилинган мазҳабларга эргашувчилар бир-бирларини ҳурмат қилишлари лозимлиги қайта-қайта таъкидланган эди. Қолаверса мазҳаблараро ихтилоф қилиш ҳаромлигига алоҳида аҳамият берилган эди.

 

Хулоса ўрнида бу ҳадисни келтиришни  лозимдеб тобдим.«Сизларга Менинг суннатимни ва рошид халифаларнинг суннатини тутмоқлик лозимдир. Бас уни маҳкам тутинглар»,

“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

2 босқич талабаси  Алияров Нурмуҳаммад

Izoh qoldirish

Izohlar