06.03.2023

Бузғунчилар аслида ким?

Бир оят шарҳи

 

Ҳозирги глобаллашув даврида бутун жаҳонга хавф солиб турган терроризм ва диний ақидапараст фирқалар ўзларининг бузғунчи ва жирканч ғоялари билан дунёдаги барча тинч ва тотув яшаётган халқларнинг қалбига қўрқув солиб, уламолар ва дин арбобларига қарши чиқаяптилар. Лекин Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло ўзининг каломида 14 аср муқаддам бундай бузғунчи мунофиқларга қуйидагича хитоб қилган:

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ لاَ تُفْسِدُواْ فِي الأَرْضِ قَالُواْ إِنَّمَا نَحْنُ مُصْلِحُونَ {11}

أَلا إِنَّهُمْ هُمُ الْمُفْسِدُونَ وَلَـكِن لاَّ يَشْعُرُونَ {12}

“Уларга:” Ер юзида фасод қилмангиз”-дейилса, улар : “Албатта биз ислоҳ қилувчилармиз”-дейдилар. “Огоҳ бўлинг-ки  уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар .” (Бақара сураси 11-12-оятлар).

 Ушбу ояти каримани юртимиз уламолари қуйидагича тафсир қиладилар: Мунофиқлар ўз табиатларидан келиб чиқиб, ер юзида фасод ишлар-кофирлик, гуноҳ, бузуқлик, зулм қиладилар. Агар уларга бу номаъқул ишлари эслатилиб, “ер юзида фасод қилманг”, дейилса, улар мазкур номаъқул ишларидан қайтиш тугул, балки баланддан келадилар ва:

“Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз”, дейдилар. Яъни, қилаётган фасодларини ислоҳ-яхшилик деб даъво қиладилар. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши ушбу оятни ўқиб туриб, бу оятнинг аҳли ҳали-ҳануз келганлари йўқ, деган эканлар.

Аммо бизнинг вақтимизга келиб, улар ер юзини босиб кетдилар. Исломдан хабарлари йўқ, қилган ишлари дину диёнатга, мўмин-мусулмонларга қаршиликдан бошқа нарса бўлмаган кимсалар ўзларини ислом жон куярлари деб, бонг урадилар. Аммо бундай бузғунчи мунофиқларнинг гаплари пучдан бошқа нарса эмас.

Бу бузғунчилар ислом асослари бўлмиш оят ва ҳадисларни ўзларининг фосид мақсадлари йўлида талқин қилиб, тинч тотув яшаётган халқларнинг  кўнглига қўрқув солишлари ва бегуноҳ инсонлар ва ёш болаларни ўлдириб, аёлларни қул қилиб, олим-уламоларни ҳақорат қилишлари ва бошқа дин вакилларини таҳқирлашлари катта гуноҳ эмасми. Аллоҳ таоло ўз бандаларини яхшилик ва тақвога буюриб, гуноҳ ишлар ва адоватдан йироқ бўлишга чақиради. Набий с.а.в.  “Ким илмсиз равишда Қуръон (тафсир)дан бир оғиз гап айтса, ўзини дўзхдаги ўриндиғига тайёрланаверсин”-дедилар. Термизий ривояти.

Бу ҳадисдан ким илмсиз Қуръонни тафсир қилса, у катта гуноҳ қилганлиги тушинилади. Бу бузғунчи кимсалар қилаётган ишлари билан ўзларида заррача илму-маърифат йўқлигини намоён қилмоқдалар. Шунга қарамай ўзларининг жирканч мақсадларини амалга ошириш учун интернет тармоғи орқали ёлғон ваъдалар бериб, ўзларининг сафларини кўпайтиришга интилмоқда. Интернет тармоғи орқали бузғунчи кимсаларнинг Ислом дини ҳақидаги нотўғри ва нохолис маълумотларига ва ёлғон ваъдаларига ишонмаслигимиз ва доим огоҳ бўлишимиз лозим.

 “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

2 босқич талабаси Абдураҳмонов Усмонжон

 

Izoh qoldirish

Izohlar