Ваҳҳобийларнинг келиб чиқиши хақида
Аҳли сунна вал жамоа уламолари, бу фирқа пайдо бўлган дастлабки даврнинг ўзида, уларни Исломни ичидан бузиш учун чиқарилган адашган фирқа эканлигини таъкидлаганлар. Мазкур фирқанинг номи, унинг асосчиси бўлган Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Тамимийнинг (ҳ. 1115-1207 / м.1703-1792 й.) исмидан олинган.
Шайх Сулаймон ибн Абдулваҳҳоб томонидан “шайтоннинг шохи” Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобга қарши раддия сифатида ёзган “Соваиқул илаҳийя фир-радди алал ваҳҳобийя” китобларида айтадилар:
“Йўлингизни ботил эканига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган қуйидаги хадиси далолат қилади:
“Куфрнинг боши машриқ тарафдандир”.
Яна бир ривоятда:
“Иймон Ямонийдандир, фитна эса мана бу тарафда, шайтоннинг шохи чиқадиган тарафдандир”.
Ўша даврларда яшаган Аҳли суннанинг ҳанафий мазҳаби муҳаққиқ олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ (ҳ. 1198-1252 /м. 1784-1836 й.), “Раддул Мухтор” китобларининг “Ибн Абдул-Ваҳҳобнинг издошлари бўлган замонамизнинг ҳаворижлари тўғрисида” бобида қуйидагиларни айтадилар:
“Бас, уларни ҳавориж деб аташ учун, уларга қарши чиққанларни кофир деб эътиқод қилишлари етарлидир, худди замонамизда воқеъ бўлгани каби, ибн Абдул-Ваҳҳобнинг издошлари Нажддан чиқдилар ва икки Ҳарамни эгаллашди. Улар ўзларини ҳанбалий мазҳабида деб билиб, бироқ фақат ўзларинигина мусулмон деб ҳисоблаб, уларга хилоф бўлган барчани мушрик деб эътиқод қилишди. Шундай қилиб, Ахли суннадагиларни қатл этиш ва уларнинг олимларини ўлдиришни ўзларига ҳалол ҳисобладилар, токи Аллоҳ таъоло уларни шавкати ва мулкидан маҳрум қилиб, шаҳарларини вайрон қилгунига ва мусулмонлар қўшини уларни устидан 1233 йилда зафар қозонгунига қадар”.
[Раддул Мухтор алад Дуррил Мухтор»,]
Уларда оммани алдаб тарки дунёчилик қилиш бор. Оқил инсон тасаввур қила олмайдиган жаҳолат бор. Улар табиатан қўпол, қаттиққўл, дағалдир ва улар қўзғалон (исён) чиқариш учун фурсат пойлаб турадилар. Ислом кучсизланган вақтдагина уларнинг овозлари чиқиб қолади. Уларнинг сўзлари намоён бўлиши билан худосизликлик (даҳрийлик) мустаҳкамлашиб уларни иши аҳамиятлик бўлиб қолади ва тарихнинг барча даврида шундай бўлган. Уларнинг хусуматлари ақлий ва назарий илмларга йўналтирилган. Фирқанинг барчаси (“Маййит ўзидан бошқанинг амалидан манфаат олмайди” деган эътиқодда бўлганлари учун) “Саййидим, сизни Аллоҳ рахмат қилсин” дейдиган одамларга қарши қаратилган.
Бугунги кунга қадар, мана 200 йилдан бери Аҳли сунна вал жамоанинг юзлаб буюк уламолари ваҳҳобийларга раддиялар бериб келадилар. Улардан шофеъийлар муфтийси (Макка шаҳрида муфтийлик қилган) шайҳ Ахмад ибни Зайний Даҳлон ўзларининг “Фитнатул Ваҳҳобия” номли китобларида, ваҳҳобийларни икки Ҳарами шарифни қандай эгаллаганликлари, у ерда ёшу-қарини дин номи билан қандай қатл қилганларини айтиб ўтганлар. Худди шу ишлар бизни замонимизга келиб ҳам турли шаҳарларда содир бўлди.
Шайх Мустафо бин Аҳмад ал-Шаттий ал-Ханбалийнинг 1406-ҳижрий санада Истанбулда чоп этилган “Ан-Нуқулу аш-шаръийяти фий-радди ала ал-Ваҳҳобийяти” ва шунингдек Ал-Азҳар шайхи бўлмиш Аҳмади аз-Завоҳирийнинг “Яҳудан ла Ҳанобилан” номли китобларини ўқинглар”
Дин ишларини фақат далил билангина олинади деб даъво қилаётган баъзи бирларини кўрасиз. Агарда улардан далилларни кўриб чиқиш усуллари (қоидалари) ҳақида сўрасангиз, уларни қаттиқ тошдан ҳам жоҳил эканликларини англайсиз. Бундан ташқари, улар араб тилининг асл моҳиятидан бўлмаган асосдалар (яъни араб тилидаги сўзларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қиладилар) ҳамда уламоларни ҳурмат қилмайдилар. Бу уларнинг нодонликларидан бошқа нарса эмасдир. Бунинг устига ўзида хантал уруғича (зарра миқдорича) илм бўлмаса ҳам, ўзига ишониб гердайиб юрганларини ҳам учратасиз”.
У киши яна айтадилар:
وهؤلاء ظهروا في هذا العصر وازداد انتشارهم ولبسوا على الناس بتربية اللحى وارتداء الدشاديش البيضاء وحمل السواك في الجيوب، فظن الناس أنهم أهل العلم والتقوى، وليسوا كذلك بل هم أهل الجهل والفساد، وجهلهم جهل مركب، فهم لا يعلمون ويظنون أنهم يعلمون .وهؤلاء الناس الذين يتسمون "بالسلفية" والسلف منهم براء، ولا سلف لهم إلا الحشوية والكرامية، وجهلة اليهود، هؤلاء الناس تدعمهم دولة آل سعود .بل هم ما انتشروا لعلمهم ولا لأعمالهم الصالحة، وما انتشروا إلا لأن هذه الدولة الظالمة تدعمهم، وهذا الدعم معلوم لكل من خبرها لهم.
“Булар мана шу асрга келиб зоҳир бўлиб, кенг тарқалдилар. Сақолни узун ўстириш, оқ узун кўйлаклар кийиш, ёнларида мисвок кўтариб юриш каби ишлари билан одамларни чалғитдилар. Бу нарсалар, одамлар уларни илм ва тақво аҳллари деб ўйлашларига сабаб бўлди. Аслида эса, булар ундай эмаслар, балки улар илмсиз ва бузғунчи кишилардир. Илмсизликлари ҳам мутлақ жоҳиллик (жаҳл мураккаб)дир. Улар хеч нарсани билмайдилар, лекин биламиз деб ўйлайдилар. Ўзларини “салафийлар” деб атаётган бу одамлар, ўтмишдаги салаф (солиҳ)ларга хеч қандай алоқаси йўқдир. Улар ўша солиҳларимизга салафлар (эргашувчилар) эмас, балки хашавийлар, карромийлар ва жоҳил яҳудийларнинг салафларидир. Бу одамларни Оли Саъуд (Саудия) давлати қўллаб туради. Булар илмлари ёки солиҳ амаллари сабабли кенг тарқалганлари йўқ, балки уларни ушбу золим давлат қўллаб тургани учунгина тарқалиб кетди. Бу ёрдамнинг қандай эканлиги, улардан хабари бўлган ҳар бир кишига маълумдир”.
[Саид Фуда, “Шариат илмларини замонамиздаги ҳолатининг таҳлили” ]
ВАҲҲОБИЙЛАРНИНГ ЎЗИГА ҲОС БЕЛГИЛАРИ
Ваҳҳобийлик фирқаси издошларининг баъзи бир асосий белги-аломатларини санаб ўтамиз:1) Аҳли суннадан уларни ажратиб турувчи энг асосий фарқи – Аллоҳнинг зоти ва сифатлари масаласида бўлиб, уларнинг тажсим (Аллоҳга жисм сифатини бериш) ва ташбиҳ (Аллоҳнинг сифатларини махлуқотларни сифатига ўхшатиш) ботил ақийдаларидир.
Кўпчилик ваҳҳобийлар (“салафий”лар) ўзларининг биродарларини билиб олиш учун берадиган биринчи саволлари: «Аллоҳ қаерда?» деган саволдир (яъни Суннатга мувофиқ инсоннинг исломи учун “калимаи шаҳодат” талаб қилиниши тўғрисида ижмо қилинган масалада, унга қўшимча қилиб, бошқаларни мусулмон деб ҳисоблаш учун ёмон бидъат талаб ўйлаб чиқарганлар). Улардан бўлган жоҳиллар, Қуръон оятлари ва ҳадисларда келган муташобиҳ оятларнинг зоҳирий маъносига асосланган ҳолда, Аллоҳнинг сурати, жисмоний тана аъзолари, чегараси бор, У Аршда жой олиб ўтиради, У дунёнинг тарафларининг бирида жойлашган ва ҳар тунда пастки осмонга айнан Ўз зоти билан тушиб келади деб эътиқод қиладилар ҳамда улар билан бунда ҳамфикр бўлмаган барча Аҳли сунна мусулмонларини куфр ва адашувда айблайдилар
Ваҳоланки, Аҳли сунна вал жамоаси ақийдасига мувофиқ ижмо қилинганки, Аллоҳ таолога макон, тараф, ҳаракат, жисм сифатини бериш мумкин эмас (чунки, айнан шу нарсалар сабабли яҳудий, насроний ва бошқа динлар Аллоҳни махлуқотларга ўхшатиб, бузуқ эътиқод қилиб, куфрга кетганлар). Яъни, биз суннийлар Аллоҳ таоло макон ва замонни яратишдан аввал қандай бўлса, уларни яратгандан кейин ҳам ўзгаришсиз ўшандайдир деймиз ҳамда Аллоҳ таолони бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, дунёнинг олти тарафи (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост) ўрай олмаслиги, У Зотни Аршга ва бошқа ҳар қандай Ўзининг махлуқотига эҳтиёжи йўқ эканлигига эътиқод қиламиз (“Фиқҳул акбар”, “Ал-васия”, “Ақидатут-Таҳовия”, “Ақидатун-Насафия”).
2) Ақийдада адашувларига ёрқин мисол бўлиб - Аҳли суннанинг икки ақийдавий мазҳаби бўлмиш мотурудийлар ва ашъарийларга ҳужум қилиб, уларни адашганликда айблайдилар, баъзилари ҳатто уларга такфир айтиш (кофир деб эълон қилиш)гача борадилар. Аҳли суннанинг буюк имомлари – Имом Ашъарий, Ғаззолий, Боқилоний, Нававий, Қуртубий, Розий, Суютий, Асқалоний, Субкий раҳимаҳумуллоҳлар ва бошқа минглаб уламолар ақидада ашъарий мазҳабида бўлишганини ҳамда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг издошлари бўлган ҳанафийлар (Имом Мотурудий, Насафий, Тафтазоний, Сараҳсий, Марғилоний, Мулла Алий Қори, Ибн Ҳуммом, ибн Обидийн раҳимаҳумуллоҳ сингари минглаб буюк имомлар) мана минг йилдан кўп вақт ичида, ҳамма даврларда мотурудия мазҳабида бўлишганини ҳисобга олсак, бор-йўғи 250-300 йил олдин пайдо бўлган ваҳҳобийлар томонидан мазкур ақийда мазҳабларини Аҳли сунна эмас ва ҳатто куфрона ақийдалари бор деган таъкидлари, Ислом шариатига нисбатан қанчалик қабиҳ жиноят эканлигини кўрсатиб турибди.
3) Тасаввуф ва сўфийларга ҳужум қиладилар, тариқатларни, тасаввуф шайхларини буткул рад қиладилар. Ваҳоланки, Аҳли сунна вал жамоанинг барча 4 мазҳабининг уламолари, тасаввуфни шариат фанларидан бири бўлган – руҳий тарбия, зуҳд ва тақво фани эканлигини ҳамма даврларда таъкидлаб келганлар. Юқорида санаб ўтилган Аҳли сунна имомларнинг аксари сўфий бўлганларини инобатга олсак, ваҳҳобийларни бу даъвоси ҳам асоссиз эканлиги аён бўлади.
4) Мазҳабсизлик, яъни Аҳли суннанинг 4 фиқҳий мазҳабга эргашмайдилар. Улар 4 мўътабар мазҳабни рад қилиб, ўзларининг мазҳабларига эргашадилар. Уларнинг ичидаги энг ҳийлакорлари эса, ўзлари қайси юртда эканликларига қараб, шу юртда энг кўп тарқалган мазҳабда эканлигини таъкидлаган ҳолда, ўз бидъат ақийдалари ва манҳажларини тарқатмоқчи бўладилар. Бизни юртдан чиққанлари ўзларини ҳанафийман деса, шофеъийлар ичида яшайдиганлари шофеъийликни, моликийлар яшайдиган юртлардагилари моликийликни даъво қиладилар. Уларнинг кўпи ҳанбалий мазҳабига эргашганини таъкидласа ҳам, аслида ҳанбалий мазҳабининг аввалги барча имомларига кўп масалаларда (шу жумладан ақийда борасида ҳам).хилоф қиладилар,
5) Еттинчи ҳижрий асрда яшаган Ибн Таймияга кўр кўрона тақлид қиладилар (ўзларига манфаатли бўлган фатволарини танлаб олган ҳолда). Шунингдек унинг шогирди Ибн Қаййимга ва ҳижрий 12 асрда яшаган Муҳаммад ибн Абдул-Ваҳҳобга (уни замонасининг қутби, аср мужаддиди, шайхул-ислом, мужтаҳид-мутлақ деб улуғлайдилар) ҳамда уларнинг бидъат мазҳабларини кўтар-кўтар қилган замонавий шайхлари – Ибн Боз, Албоний, Усаймин, Фавзон ва бошқаларига ҳам кўр-кўрона тақлид қиладилар.
6) Ваҳҳобийлар учун барча даврларда энг долзарб бўлган масала – қабрларни зиёрат қилиш масаласидир. Суннатнинг ушбу муҳим қисмини (яъни, ўлимни эслаб туриш ва ўлганларни ҳаққига дуо қилиш учун зиёрат қилиш) улар тўлиқ рад қиладилар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш ҳам қораланади, авлиёлар, уламолар ва бошқа қабрларни айтмаса ҳам бўлади. Сиз, хеч қачон, бирор бир ваҳҳобийни авлиёларнинг қабрини ва ҳатто ўз қариндошларининг қабрини зиёрат қилганини қўрмайсиз. Қабристонлар улар учун қатъий таъқиқланган жой ҳисобланади. Ушбу масалани, ўзларидан бошқа мусулмонларни мушрик ва адашганга чиқариш учун асосий қурол қилиб олганлар. Шу сабабли ҳам, бугунги кунда Шом ва Ироқ ҳудудларида уруш олиб бораётган ваҳҳобий ақидасида бўлган гуруҳлар томонидан (“Ал-қоида”дан чиққан ИШИД, “Жабхатун нусра” ва бошқалар) ўзлари эгаллаган ҳудудларда мавжуд бўлган саҳобаларни, ислом олимларини, ҳатто Пайғамбарлар дафн қилинган дейилган қабрларини портлатиб юборилмоқда, саҳобалар ва Аҳли сунна уламоларининг қабрларини очиб, таналарни номаълум ерларга йўқ қилинмоқда. Булар ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни муборак қабрларини ҳам бузиб, у зотни муборак таналарини Масжидларидан олиб чиқиб кетишга тайёр, бунга тегишли фатво ҳам олиб бўлинган. Уларнинг Носир Албоний деган олими (ваҳҳобийлар уни Ислом тарихидаги энг буюк муҳаддис деб тақдим қиладилар) ўзининг камида 5 та китобида Мадинадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларининг яшил қуббасини бузиб ташлаш ҳамда у зотни қабрларини масжиддан олиб чиқиб кетишга даъват қилганлиги ҳозир хеч кимга сир эмас (1. Аҳкам ал-жанаиз ва бидауха; 2.Талхис ахкам ал-жанаиз; 3. Тахзир ал-сажид мин иттихаз ал-қубур масажид; 4. Ҳужжат ал-Набий; 5. Манасик ал-Ҳаж вал Умра).
7) Мусулмонларни ширкда айблаш учун топган яна бир масалалари – бу шариат чегарасида рухсат берилган тавассул ва истиғоса масаласидир, яъни Суннатга мувофиқ 4 мазҳабда ижмо қилинган ушбу масалаларни нафақат рад қиладилар, балки уни ҳам мусулмонларни мушрикка чиқариб, уларни қони ва молини ҳалол деб эълон қилиш учун яна бир қурол сифатида ишлатадилар (тавассул ва истиғоса юзасидан Аҳли суннанинг мутақаддим ва мутааххир уламоларининг тушунтиришлари ҳақида алоҳида мақолалар берамиз, иншаАллоҳ).
8) Авлиёларнинг кароматларини, табаррук олишни рад қиладилар. 7 ва 8 бандда кўрсатилган масалалар бўйича, қадимда бўлган, кейин йўқ бўлиб кетган мўътазилийлар фирқаси билан тўлиқ мос фикр билдириб, ҳудди улар сингари Аҳли сунна вал жамоага хилоф қиладилар.
9) Аҳли сунна мусулмонларининг асосий қисми улар учун бидъатчи ёки мушрик ёки нотўғри манҳажда (услубда) ёҳуд ақийдада адашган ҳисобланади. Агар кимдир уларга бир донагина масалада хилоф қилса, шу заҳоти уни бидъатчи ёки мушрикка чиқарадилар. Бунда, сени тафтиш қилиб ковлаштиришни ушбу хилофни топмагунча давом эттирадилар.
10) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда[5] ҳаворижлар тўғрисидаги башоратларда кўрсатилгандек, ваҳҳобийлар пайдо бўлганидан бери фақат мусулмонларга қарши «жиҳод» қиладилар. Улар фақатгина мусулмонлар яшайдиган юртлардагина уруш олиб борадилар ва қаерга бормасинлар, натижада, уларнинг адашувлари ва бидъатларига қарши чиққан мусулмонларнигина ўлдирадилар. Ислом тарихида уларни кофирлар юртида, кофирларга қарши жиҳод қилганининг бирон бир ҳолати кузатилмаган.
Бироқ, улар «мушрик» деб эълон қиладиган ашъарий-мотурудий бўлган сўфийлар томонидан кофирларга қарши ҳақиқий жиҳод олиб борганларининг исботи тарихда жуда ҳам кўпдир. Мисол тариқасида, сўфий бўлган Салоҳуддин Аюбий (салбчиларга қарши урушиб, Қуддуси шарифни озод қилган), Султон Муҳаммад Фотиҳ (Рум империясига қарши урушган ва Қустантинияни фатҳ этиб, саҳиҳ ҳадисда башорат қилинган шарафга эришган) Нуруддин Занкий (салбчиларни Шом диёридан қувиб чиқарган), Жалолуддин Мангуберди, Абдул-Қодир Жазоирий, Имом Шомил, Умар Мухтор ва бошқа мужоҳид саркардаларнинг номларини санаб ўтишнинг ўзи кифоя қилади.
--------------------------------
Жалилов Ёқубжон Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1 - босқич талабаси
Izohlar