«Фатво бериш ва унинг одоблари» мавзусидаги тадбир
Таъкидлаш жоизки, диний таълимот ўта нозик ва ҳассос бўлгани туфайли диний қадриятлар ва туйғуларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозим. Уларга нисбатан кўр-кўрона муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароси, ким бўлишидан қатъи назар, Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадриятларини ҳурмат қилишга мажбурдир.
Албатта, диний ҳукмларни сўрамоқчи бўлган одам хар қандай кишидан сўрайвермайди. Диний масалаларни кимдан сўрашнинг ҳам тартиб ва қоидалари бор.
Ижтимоий тармоқларда айрим диний илмдан узоқ бўлган шахсларнинг шаръий масалаларда ўзбошимчалик билан сўз юритиб, одамларнинг фикрларини чалғитаётганлари кишиларни қаттиқ ранжитмоқда, мўмин-мусулмонларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Афсуски, бу ишга қўл ураётганлар, қилаётган ишларининг оқибатини ўйлаётганлари йўқ. Улар мен ҳамма нарсани биламан деб ўйлайди-ю, аммо ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам залолат ботқоғига тортаётганларини билмайди. Диний илмсиз одамнинг шариатга оид мавзуда ҳақни айтяпман дейиши худди туғма кўрнинг: «Карвонга ўзим йўл кўрсатаман!» – дейишига ўхшайди. Илмсиз равишда фатво берувчиларни осмонлару ер фаришталари лаънатлаши, қолаверса, фатвога журъатлилар дўзахга журъатлилар экани ҳадисда очиқ айтилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Фатвога журъатлироғингиз, дўзахга журъатлироғингиздир», дея қатъий огоҳлантирганлар.
Шу ўринда Ўзбекистон мусулмонлари идораси республикамиздаги расмий фаолият олиб бораётган Ислом дини йўналишидаги ташкилотларнинг марказий бошқарув идораси ҳисобланишини таъкидлаш жоиздир. Идора ўз ваколати асосида шариатга оид масалалар юзасидан барча шаклдаги мурожаатларга халқимиз учун анъанавий бўлган ҳанафийлик мазҳаби асосида фатво ва хулосалар бериб келмоқда.
Шу муносабат билан бугун Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида «Фатво бериш ва унинг одоблари» мавзусида таълим муассасаси устоз ва талабалари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга Термиз шаҳар "Ҳаким-Термизий" жоме масжиди имом-ноиби Ҳабибуллоҳ Саидов домла ташриф буюрди.
Тадбирда Ҳабибуллоҳ домла Саидов «Фатво бериш ва унинг одоблари» мавзусида қуйидагича маъруза қилиб бердилар: Ислом шариати ўзгарувчан тизим эмас. Шариат дунёдаги барча соҳаларга диннинг ҳукмини, чегарасини ва ўлчовини билдиради. Бошқа соҳа вакиллари шариатни ўз қаричлари билан ўлчаб, талқин қилишларига асло изн берилмайди!
Яна бир муҳим жиҳатни эслатиб ўтиш ўринли. Қонун устувор бўлган давлатда ҳар бир фуқародан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини суиистеъмол қилмаслик талаб этилади. Ҳар бир шахс ўзининг диний нуқтаи назари ва динга муносабати билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини Ўзбекистон Республикасининг диний фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганидан ўзгача ҳолатда амалга ошириши ноқонуний диний фаолият ҳисобланади.
Айниқса, халқимизнинг тўқсон фоиздан ортиғини мусулмонлар ташкил этишини ҳисобга олсак, Ислом динига оид масалаларга янада жиддий ёндашиш лозимлиги аён бўлади.
Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековнинг “Фатво бериш ва унинг одоблари” мавзусидаги видеоролиги тадбир иштирокчилари эътиборига тақдим қилинди.
Тадбир сўнгида куни-кеча ўтказилган Наврўз байрами муносабати билан ўтказилган “Ош мусобақасида” иштирок этиб, фахри ўринларни эгаллаган мусобақа ғолиблари диплом билан тақдирланди.
Таълим муассасаси Матбуот хизмати
Izohlar