18.03.2023

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳудудида “18 март – Умумхалқ хайрия ҳашари” муносабати билан умумхалқ ҳайрия ҳашари ўтказилди

Ислом дини инсониятни ҳар доим покликка, озодаликка, атроф-муҳитни асраб-авайлашга тарғиб қилиб келган. Ислом динида ҳар бир иш ва ибодат энг аввало поклик орқали амалга оширилиши лозимлиги ҳам муқаддас динимизда тозаликка эътибор қай даражада юксак эканлигининг нишонасидир. Табиатдаги ҳар бир нарса, ҳайвонот ва наботот олами инсон ҳаётида беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, уларни асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш Яратган томонидан берилган неъматларга шукрона келтириш аломатидир. Ҳадиси шарифда айтилганидек, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради ва Ўз бандасининг устида (унга берган) неъматининг асарини кўришни яхши кўради, ночорликни ва ўзини ночор тутиб юрувчиларни ёмон кўради.
Обод ватаннинг файзу таровати ҳам обод бўлади. Зотан, поклик, саранжом-саришталик юртимизнинг янада чирой очишига замин яратади. Бунда халқимизнинг йиллар давомида шаклланган эзгу қадрияти – ҳашар муҳим ўрин тутади. Ҳар йили мамлакатимизда муқаддас қадамжолар, ўтганлар мангу ором топган қабристонлар, кўчалар, умуман бутун атроф-муҳитни ободонлаштириш, тозалаш борасида айнан умумхалқ ҳашарларининг ўрни беқиёсдир. Юртимизда ташкил этилаётган умумхалқ ҳашарлари мана шу озодаликни, покизаликни таъминлаш, табиатни асраб-авайлаш борасидаги гўзал тадбирлардандир. Халқимизнинг эзгу қадриятларидан бири ҳисобланган ҳашар натижасида нафақат атроф-муҳит покиза ҳолатга келтирилади, шунингдек инсонлар ўртасидаги эзгу фазилатлар мустаҳкамланади, ўзаро муносабатлар, алоқалар ривожланади. Халқимиз ҳаётида барча халқларга ибрат бўла оладиган, инсонларни ободликка, аҳиллик ва дўстликка ундайдиган одатлар саноқсиз. Мана шундай ибратли одатлардан бири, албатта ҳашардир. Зеро, ҳашар башарият аъзоларини бирдамликка, меҳр-оқибатга, ҳамжиҳатликка, покизаликка ундайдиган эзгу одатлардандир.

Бугун Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон Республикаси Вазрларлар Маҳкамасининг 2023 йил 4-мартдаги тегишли қарорига асосан “18 март – Умумхалқ хайрия ҳашари” муносабати билан, шунингдек Рамазон ойини муносиб қарши олиш ва уни кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида “Обод ва файзли маҳалла - юрт кўрки” шиори остида таълим муассасамизда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш учун таълим муассасаси педагог-ўқитувчилари, ишчи-ходимлари ва талабалари иштирокида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

Талабалар ўқитувчилари бошчилигида таълим муассасасининг ички ва ташқи ҳудудида супуриш, тозалаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бордилар. Дарс хоналари, йўлаклар, таълим муассасасининг ички ва ташқи ҳовлиси тозаланди. Ҳовлидаги гулхонага экилган гулларга ишлов берилиб, бегона ўтлар олиб ташланди, дарахтлар ва йўлакларнинг четки қисмлари оқланди, таълим муассасаси ҳудудига манзарали ва мевали кўчатлар ҳамда манзарали гуллар ўтказилди. 

Шунингдек таълим муассасаси талабалар турар жойида ҳам ҳашар ўтказилди. Талабалар турар жойи биносининг ички ва ташқи қисмлари, каридорлар ва барча хоналар тозаланди. Ҳовли атрофи, бинонинг орқа қисмлари маиший чиқиндилардан тозаланди. Ҳовлида экилган манзарали кўчатларга ишлов берилди ва таглари юмшатилиб оқланди.

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar