Имомни ортида турган муқтадийлар Қуръон ўқийдими?
Имомни ортида турган муқтадийлар Қуръон ўқимай туради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимни имоми бўлса, имомининг қироати унинг учун қироатдир”. Бунга саҳобалар ижмо қилишган. Бу иккиси ўртасида муштарак рукн. Аммо, муқтадийнинг иши қулоқ солиб, жим туришдир”[1].
Бу борада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Шулардан бринчи ҳадис:
عن جابرعن النبي صلى الله عليه و سلم قال : { من صلى خلف الإمام ،فإن قراءة الإمام له قراءة }
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким имом ортида намоз ўқиса, албатта, имомнинг қироати унинг учун (ҳам) қироатдир”.
Иккинчиси имом Муҳаммад “Муватто”да ривоят қилган ҳадис:
روى محمد بن الحسن في « موطئه « أخبرنا مالك عن نافع عن ابن عمر ، أنه كان إذا سئل ، هل يقرأ أحد مع الإمام ؟ فقال : إذا صلى أحدكم مع الإمام فحسبه قراءة الإمام ، وكان ابن عمر لا يقرأ خلف الإمام
Муҳаммад ибн Ҳасан “Муватто”да ривоят қилганлар, бизга Молик Нофеъдан, у Ибн Умардан хабар беради, у киши “Имом билан (намоз ўқиган ҳар бир киши ортидан Қуръон) ўқиб турадими”, деб сўралса айтардилар: “Агар бирортангиз имом билан намоз ўқиса, имомнинг қироати унга кифоя қилади”. Ибн Умар имомнинг ортидан Қуръон ўқиб турмасди.
Имом Таҳовий ҳам бу борада қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
أثر آخر، رواه الطحاوي في « شرح الآثار « حدثنا يونس بن عبد الأعلى حدثنا عبد الله و زيد بن ثابت و جابر بن عبد الله، فقالوا : لا يقرأ خلف الإمام في شيء من الصلوات . انتهى
Абдуллоҳ ибн Муқсимдан ривоят қилинади, у Абдуллоҳ ибн Умар, Зайд ибн Собит, Жобир ибн Абдуллоҳлардан сўради: “Имомни ортидан намозларда бирир нарса ўқилмайди”, дейишди”.[2]
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ إنَّمَا جُعِلَ الإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ , فَإِذَا قَرَأَ فَأَنْصِتُوا .[3]
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, Имом унга эргашиш учунгина (имом) қилинди. У Қуръон ўқиган вақтда жим туринглар”.
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ أَنَّ النَّبِيَّ قَالَ : مَنْ كَانَ لَهُ إمَامٌ فَقِرَاءَةُ الإِمَامِ لَهُ قِرَاءَةٌ .
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимнинг (олдида) имоми бўлса, имомининг қироати унинг қироатидир”.
Юқорида зикр қилинган ҳадисларда кўрдикки, имомни орқасидан қироат қилмаслик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари, буйруқлари орқали собит бўлган экан. Шу далиллардан Ҳанафий мазҳабимиз ҳар бир масалада саҳиҳ ҳадисларга асосланганлигига ишонч ҳосил қиламиз.
Термиз шаҳар “Ҳаким Термизий” жоме
масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ Саидов
[1] Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя фий шарҳи бидаятил мубтадий. – Байрут: Дору иҳёут туросил арабий. Дорул фикр, 2004. – Б. 43.
[2] Абу Жаъфар ат-Таҳовий. Шарҳ маоний ал-асор. – Байрут: Дорул алам ал-кутуб, 2011. – Б. 69.
[3] Абу Исо ат-Термизий. Сунанут Термизий. – Қоҳира: Дару мактабатул исламий, 2001. – Б. 89.
Izohlar