03.06.2026

ЖОНЛИҚ СЎЙИШДА АЛЛОҲ ИСМИНИ ЗИКР ҚИЛИШ БАЁНИ

Ҳайвонни сўйишда "басмала" айтиш қасддан тарк қилинса, сўйилган ҳайвон ўлимтик ҳукмида бўлиб қолади. "Басмала"ни тарк қилишдаги ҳукмда мусулмон ва аҳли китоб баробардир. Сўйишга қудрати етган ва ҳайвонни сўйиш билан ҳалол қилинишига ақли етган ёш боланинг, мажнуннинг, мастнинг ва аёл кишининг сўйган ҳайвонлари ҳалол ҳисобланади. Агар ёш боланинг, мажнуннинг кабиларнинг сўйишга ва “басмала” айтишга ақли етмаса ҳалол бўлмайди. Аммо унутган ҳолда "басмала" айтилмасдан сўйилган ҳайвон ҳалолдир.

عن ثوبان رضي الله عنه: قَالَ رَسُوْلُ اللهِ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: {رُفِعَ عَنْ أُمَّتِي الْخَطأُ وَالنِّسْيَانُ وَمَا اسْتُكرِهُوا عَلَيْهِ} رواه الطبراني في الكبير 

"Умматимдан хато, унитиш ва мажбурланиш (сабабли келиб чиқадиган гуноҳ) кўтарилгандир

"Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар" айтиш вақти

"Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар" айтиш вақти сўйиш вақтидир. Агар басмала айтгандан сўнг бошқа бир амалга киришса, киришган амали сув ичишга ўхшаш ё бирор инсонга жавоб беришга ўхшаш оз бўлса, басмалага халал бермайди ва сўйилган ҳайвон ҳалол бўлади. 

Агар басмаладан кейинги амали кўпайиб кетса, яьни таҳорат миқдорича чўзилса ҳалол бўлмай қолади. Ётқизилган қўйга басмала айтилса, сўнгра қўй ўрнидан туриб кетиб бир муддатдан сўнгра яна ўша қўйни сўйиш учун ётқизилса, ҳалол бўлиши учун басмалани яна айтиш шарт бўлиб қолади.

 Ҳайвонни сўйиш олдидан айтилган басмала шу сўйилаётган ҳайвонга хос бўлади. Ов қилишда эса овнинг асбобига хос бўлади. Шунга кўра бир қўй ётқизилиб унга басмала айтилса, сўнгра ўша басмала билан бошқа қўй сўйилса ҳалол бўлмайди. Аммо басмала айтиб нишонга олган ов асбоби билан нишонидан бошқа овни овласа ҳам ҳайвон ҳалол бўлади. 

Агар қассоб бир қўйни ётқизиб басмала айтса сўнгра қўлидаги пичоқни қўйиб бошқа пичоқ билан сўйса ҳалол бўлади. Чунки баён қилинганидек басмала сўйиш асбобига эмас, балки сўйиладиган ҳайвонга айтилади. 

Сўйишда кесиладиган томирлар

Ихтиёрий, яъни оддий ҳолатда ҳайвон кўкраги ва ҳалқумининг орасидан сўйилади. Зарурий, яъни бўйнидан сўйишга имкон бўлмаган ҳолатларда имкон етган жойни жароҳатлаш билан сўйиш ҳосил бўлади. Ихтиёрий ҳолатдаги сўйишда кесилиши лозим бўлган томирлар тўрттадир:

  1. Ҳалқум яъни нафас юрадиган кекирдак, 
  2. қизил ўнгач 
  3. иккита қон томир. 

Ушбу амаллар тўлиқ, ўз ўрнида, етарлича бажарилса, шунда жонлиқ шариатга мувофиқ, ҳалол сўйилган бўлади.

 

Ҳошимжон Низомиддинов – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси 

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar