ВОЖИБ БЎЛГАН САДАҚА
Шариатда мискин ва фақирларнинг ҳаққи булган садақалардан бири Рамазон ойида чиқариладиган фитр садақасидир.
Аллоҳ таоло:
«Батаҳқиқ, ким закотила покланса ва Роббиси исмини зикр қилса, нажотга эришур»,деган (Аъла, 14—15).
عَنْ كَثِيْرِ بنِ عَبْدِ اللهِ عَنْ أَبِيْهِ عَنْ جَدِّهِ t أَنَّ رَسُولَ اللهِ ﷺ سُئِلَ عَنْ هَذِهِ اْلآيَةِ فَقَالَ: نَزَلَتْ فِي زَكَاةِ الْفِطْرِ. رَوَاهُ ابْنُ خُزَيْمَةَ.
Касир ибн Абдуллоҳдан, у отасидан, отаси бобосидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралган эди. «Фитр садақаси нозил бўлган», дедилар».
Ибн Хузайма ривоят қилган.
Шарҳ: Юқорида зикр қилинган оят фитр садақасининг фарзлиги ҳақидадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилганидан кейин ҳеч қандоқ гап-сўзга ўрин қолмайди.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ t قَالَ: فَرَضَ رَسُولُ اللهِ ﷺزَكَاةَ الْفِطْرِ طُهْرَةً لِلصَّائِمِ مِنَ اللَّغْوِ وَالرَّفَثِ وَطُعْمَةً لِلْمَسَاكِينِ مَنْ أَدَّاهَا قَبْلَ الصَّلاَةِ فَهِيَ زَكَاةٌ مَقْبُولَةٌ وَمَنْ أَدَّاهَا بَعْدَ الصَّلاَةِ فَهِيَ صَدَقَةٌ مِنَ الصَّدَقَاتِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَةَ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин, деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур».
Абу Довуд, Ибн Можа ва ҳоким ривоят қилган ва «саҳиҳ» дейишган.
Шарҳ: Фитр садақаси ва фитр закоти бир-бирининг ўрнига ўтиши, садақа ва закот сўзлари бир-бирининг ўрнига ишлатилавериши айтиб ўтилган эди. Ушбу ривоятдаги «намоз»дан мурод, ийди фитр намозидир. Фитр садақасини ийди фитр намозидан олдин бериш зарур эканини шу ердан билиб оламиз.
Ҳанафий мазҳабида садақаи фитр вожиб ҳисобланади. У садақа Рамазондан фитр(оғиз очиқлиги)га чиқиш муносабати ила берилгани учун ҳам фитр садақаси номини олган.
Фитр садақаси иккинчи ҳижрий санада жорий қилинган. Бошқа садақалар молдан қилинса, бу садақа киши бошидан қилинади.
Ушбу садақа нима учун шариатимизда жорий қилинганининг сабаби, ҳикмати юқоридаги ривоятдан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш бўлсин, мискинлар учун таомланиш бўлсин, деб жорий қилинган.
Рўзадор одам Рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида билиб-билмай турли гаплар оғзидан чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ноқулай амалларни қилиб қўйган ва шу сабабдан кўнгли ғаш юрган бўлиши мумкин. Ана ўша ғашликларни ювиб юбориш учун садақаи фитр тўлаш жорий қилинган.
Фитр садақаси мискинларга берилади, улар уни таом қилиб ейдилар, хурсанд бўладилар. Ийд кунлари қувончларига қувонч қўшилади. Шунинг учун ҳам ҳар ўлкада ўша ернинг энг кенг тарқалган таомидан садақаи фитр берилсин, дейилган. Шунда энг кўп одам манфаат олган бўлади.
Фитр садақаси ҳуру қул, эркагу аёл, ёшу қари, бою камбағал, ҳамма-ҳаммага вожиб бўлади. Ўзида йўқларнинг номидан уларга нафақа бериш лозим бўлган кишилар беради.
Ҳанафий мазҳаби бўйича пули ва моли нисобга етган кишигина садақаи фитр бериши вожиб бўлади. Лекин амалда жумҳурнинг моли нисобга етмаганлар ҳам беравериши керак, деган сўзи жорий бўлган.
Ривоятларда баён этилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида фитр садақаси хурмо, арпа, майиз, қурт ва буғдойдан берилган. Мазкур таомнинг қийматини берса ҳам бўлади. Аввал айтиб ўтилганидек, фитр садақаси рўзадан чиқиш муносабати ила бериладиган садақадир.
“ Ҳадис ва ҳаёт” китоби асосида тайёрланди
Хайрулло Мардонов – Имом Термизий шрта махсус ислом
таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари
Izohlar