РАМАЗОН- ҚУРЪОН ОЙИ
Рамазон ойи рўзасини тутишни биз мўминларга фарз қилган, тавба-истиғфорларимиз сабаб барча гуноҳларимиздан фориғ бўлиш ва қилган озгина солиҳ амалимиз учун кўпдан - кўп ажр мукофот берадиган роббимизга чексиз ҳамду-саноларимиз бўлсин. Таровиҳ намозларини ҳамда кечаларини қойим қилишни бизларга суннат қилган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳисобсиз саловот ва саломларимиз бўлсин. Дарҳақиқат, Рамазон ойи аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш ойи ҳисобланади. Бу ойни ҳар лаҳзасини ғанимат билишимиз, кечаларини Қуръон қироати ила бедор ўтказишимиз барчамизга фазилатли амаллардан ҳисобланади. Зеро, Рамазон ойида Аллоҳнинг гўзал каломи нозил бўлган. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185 - оятида шундай деб марҳамат қилади: "Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин". Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар, улуғ уламоларнинг сўзлари, мақтовлар айтилган, китоблар ёзилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир", деганлар. Аллоҳ таоло ўзининг каломини нозил қилишда айни бу муборак ойни ихтиёр қилишидан ҳам Рамазон ойининг афзал эканлигини ҳис этишимиз мумкин. Аллоҳ таоло Қадр сурасининг 1- оятида:" Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик" деб марҳамат қилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръони каримни Жаброил алайҳиссалом назоратидан тўлиқ ўтказиб олар эдилар. Бу улуғ фаришта билан биргаликда Қуръони каримни дарс қилардилар. Салафи солиҳларимиз ҳам бу муборак ойда Қуръони карим учун алоҳида этибор ва кўпроқ вақт ажратганлар. Фақиҳ олимлар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни бутунлай йиғиштириб Қуръон мутолаасига киришганлар. Хусусан, Усмон ибн Аффон (р.а) Қуръони Каримни ҳар куни хатм қилганлар. Бошқа баъзи уламолар Қуръони карим қироатини ҳар уч кунда тамомлаганлар. Имом Қатода Қуръонни ҳар етти кунда хатм қилсалар Рамазон келганда ҳар уч кунда ўқиб тушурар, охирги ўн кунлик кирганда эса ҳар кечада хатм қилардилар. Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ Қуръони каримни Рамазонда олтмиш марта хатм қилардилар. Имом Молик, Суфён Саврийлар эса Рамазон кириб келганда ҳам қўшимча ибодатларини йиғиштириб, ўзини Қуръон тиловатига бағишларди.
Рамазон ойида барчамиз гуноҳлардан пок ҳолда чиқишимизни Аллоҳим насиб айласин.
Абдухолиқов Ғайрат – Имом Термизий ўрта махсус
ислом таълим муассасаси 2- босқич талабаси
Izohlar