07.04.2023

Жонлиқ сўйишнинг шаръий асослари

        Жонлиқнинг гўшти ҳалол бўлиши учун сўяётганда унга жон берган Зотнинг номини тилга олиш зарур. Сўйимлик ҳар қанча тоза ва гигиеник қоидаларга амал қилган ҳолда сўйилмасин, биргина мана шу иш қасддан тарк этилса, шариъат мезонида унинг гўшти ҳалол бўлмайди. Мазкур амалёт истилоҳда “Тасмия”, яъни, Аллоҳ таолонинг исмини айтиш, деб юритилади. Мана шу иш қасддан тарк қилинса, сўйилган ҳайвон ўлимтик ҳукмида бўлиб қолади. Тасмияни тарк қилишдаги ҳукмда мусулмон ва аҳли китоб баробар . Бебимсиллоҳ ёки Аллоҳ таолодан ўзганинг номи айтиб сўйилган жонлиқнинг гўштини еб бўлмаслиги борасида Аллоҳ таоло Ўз каломида бир неча бор таъкидлаб ҳукм қилган. Зеро, юқорида айтиб ўтилганидек, жонлиқ сўйишнинг ўзи ибодат бўлиб, уни Аллоҳдан ўзганинг номи билан сўйган киши ўша номи зикр қилинган нарсага иботад қилган бўлиб қолади. Қуйида бу ҳақдаги бир неча оятларни келтирамиз:

إِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالدَّمَ وَلَحْمَ الْخِنزِيرِ وَمَا أُهِلَّ بِهِ لِغَيْرِ اللَّهِ

“Албатта, У зот сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқанинг гўштини ва Аллоҳдан бошқага сўйилганни ҳаром қилди...” .

Мазкур оятда Аллоҳдан бошқанинг номи айтиб сўйилган жонлиқ ўлимтик, ҳаром қон ва чўчқа гўшти қаторида зикр қилинмоқда.

وَلَا تَأْكُلُوا مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللَّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ لَفِسْقٌ ۗ وَإِنَّ الشَّيَاطِينَ لَيُوحُونَ إِلَىٰ أَوْلِيَائِهِمْ لِيُجَادِلُوكُمْ ۖ وَإِنْ أَطَعْتُمُوهُمْ إِنَّكُمْ لَمُشْرِكُونَ ‎﴿١٢١﴾

“Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, бу иш фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қиларлар. Агар уларга итоат қилсангизлар, сизлар ҳам мушриклардан бўласизлар” 

        Бу оятда эса Аллоҳнинг номи айтмай сўйилган жонлиқнинг гўшти еб бўлмаслигига очиқ ойдин буюрилмоқда ва бу фосиқлик ҳамда шайтоннинг васвасаларидан экани маълум қилинмоқда.

قُل لَّا أَجِدُ فِي مَا أُوحِيَ إِلَيَّ مُحَرَّمًا عَلَىٰ طَاعِمٍ يَطْعَمُهُ إِلَّا أَن يَكُونَ مَيْتَةً أَوْ دَمًا مَّسْفُوحًا أَوْ لَحْمَ خِنزِيرٍ فَإِنَّهُ رِجْسٌ أَوْ فِسْقًا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ

Менга ваҳий қилинган нарсада таомланувчи учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар ўлимтик ёки оқизилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, албатта, у ифлос, ҳаромдир. Ёҳуд фосиқлик ила Аллоҳдан ўзганинг номига сўйилган бўлса (ҳаромдир)...” деб айтинг” 

Бу ўринда ҳам шундай, бўғизлашда Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган жонлиқ ваҳий орқали ҳаром қилинган озуқалар сафида келтирилган.

إِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالدَّمَ وَلَحْمَ الْخِنزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ

Сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқа гўштини ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди...” 

        Шу ва бошқа ояти карималар ҳамда бир қанча ҳадиси шарифларни жамлаган ҳолда уламолар Аллоҳ таолонинг исми қасддан тарк этилган ёки Ундан ўзганинг номи айтиб сўйилган жонлиқларнинг гўшти ҳаром эканини таъкидлашган. Зеро, Аллоҳ таолодан ўзганинг номини зикр қилиш қасддан Унинг номини айтмаслик маъносини касб қилади.

      Шу ўринда сўйючилар борасида қисқача маълумот бериб ўтсак. Сўйишга қудрати ва ҳайвонни сўйиш билан ҳалол қилинишига ақли етган ёш боланинг, мажнуннинг, маст одам ва аёл кишининг сўйган ҳайвонлари ҳалол ҳисобиланади. Агар ёш бола, мажнун ва бошқаларнинг сўйиш ва тасмия айтишга ақли етмаса, улаорнинг сўйимлиги ҳалол бўлмайди. Аммо унутган ҳолда тасмия айтилмай сўйилган ҳайвон ҳалолдир .

Зеро, ҳадиси шарифда “Умматимдан хато ва унитиш(нинг гуноҳи) кўтарилган”, дейилган. Тобароний ривояти. Бундан ташқари мавзуга оид бир қанча ҳадислар ҳам бор.

Тасмияни айтиш вақти

      Тасмия айтиш вақти сўйиш чоғидир. Агар басмала айтгандан сўнг бошқа бир амалга киришса, қаралади. Агар киришган амали сув ичиш ёки чақирган кишига жавоб беришга ўхшаш оз бўлса, тасмияга халал бермайди ва сўйилган ҳайвон ҳалол бўлади. Агар тасмиядан кейинги амал кўпайиб кетса, масалан, таҳорат олиш вақтича чўзилиб кетса, жонлиқ ҳалол бўлмай қолади. Ётқизилган қўйга басмала айтилса, сўнгра қўй ўрнидан туриб кетиб бир муддатдан сўнгра яна ўша қўйни сўйиш учун ётқизилса, ҳалол бўлиши учун басмалани қайта айтиш шарт бўлиб қолади.

      Бу масалалар бир қоидага таянади. Аслида жонлиқ сўйиш икки турга бўлинади. Бири ихтиёри сўйиш, бошқаси мажбурий сўйиш. Ихтиёрий сўйиш деганда истаган вақтингизда ётқазиб сўя оладиган жонворлар назарда тутилади. Изтирорий, яъни мажбурий сўйиш эса овларда ёхуд хонаки жонивор бирор нарсадан ҳуркиб, қочган ва тутқич бермаётган, яқинлашилса инсон ҳаётига жиддий хавф соладиган вақтда уни тиғли асбоб билан жароҳатлаб ўлдириш назарда тутилади.

       Юқорида айтган қоидамиз эса қуйидагича – ихтиёрий сўйишларда тасмия жонворга хос бўлади. Яъни, бир жонворга айтилган тасмия билан бошқаси сўйиб қўйлса, у ҳалол бўлмайди. Мажбурий сўйишларда эса тасмия иш қуролига хос бўлади. Яъни, бир тиғли қуролга айтилган тасмия нишондагидан бошқа қайси жониворни яралаб ўлдирса ҳам у ҳалол бўлаверади.

        Демак, ҳайвонни сўйиш олдидан айтилган басмала, яъни тасмия шу сўйилаётган ҳайвонга хос бўлади. Ов қилишда эса овнинг асбобига хос бўлади. Шунга кўра бир қўй ётқизилиб, унга басмала айтилиб, сўнгра ўша басмала билан бошқа қўй сўйиб қўйилса, сўйилган жонворнинг гўшти ҳалол бўлмайди. Аммо басмала айтиб нишонга олган ов қуроли билан нишондагидан бошқа ҳайвон овласа, у ҳалол бўлади. Агар қассоб бир қўйни ётқизиб, басмала айтса ва сўнгра қўлидаги пичоқни қўйиб, уни бошқа пичоқ билан сўйса, ҳалол бўлади. Чунки баён қилинганидек, бу ҳолатда басмала сўйиш асбобига эмас, балки сўйиладиган ҳайвонга хосланган.

       Эслатма: Тасмияни, яъни бисиллаҳи Аллоҳу акбар лафзини айтиш билан жонлиқнинг бўғзига пичоқ тортиш ўртасида бошқа иш, ҳатто кичик амал ҳам аралашмагани маъқул. Зеро, жонлиқ сўйиш луқманинг ҳалол-ҳаром бўлишига алоқадор масала бўлгани сабабли бу ўта ҳассос ва долзарб масала саналади. Бу каби ишларда эса эҳтиёткорликка амал қилиш лозим.

Ихтиёрий сўйишда тасмияни сўйиш учун ният қилиш шарт. Агар тасмия айтиб, сўйиш нияти ҳаёлига келмаса, гўшт ҳалол бўлади. Чунки у одатда сўйиш учун бўлади. Шиндай экан у сўйишдаги тасмия ўрнига ўтди, деб ҳисобланади. Лекин бошқа феъллардаги каби иш бошлаш маъносида “Бисмиллаҳ” деган бўлса, сўйгани ҳалол бўлмайди. Сўйиш вақтида тасмия айтишнинг шартлигига Ҳаж сурасининг 36 ояти далил бўлади .

فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ

“Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг”.

       Маълумки, туяни битта чап оёғини боғлаган ҳолда тик турганча сўйилади. Яъни, оятда ана шундай сўйиш учун тайёр қилинганда унга Аллоҳнинг исмини зикр қилиш буюрилмоқда. Демак, сўйимликка сўйиш учун боғлаб тайёр қилингач тасмия айтилиши керак экан.

Қолаверса, мазкур оят туяни наҳр қилиш (бўғзидан эмас, кўкрагидан сўйиш) ҳолати ҳақида бўлиб, бўғизлаш ҳам унга ўхшайди. Шунинг учун бўғизлашга ҳам наҳрнинг ҳукми жорий бўлади .

 

 

Юсуф Хушвақтов – Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Izoh qoldirish

Izohlar