12.04.2023

ҚУРЪОН ОЙИНИ БЕҲУДА ЎТКАЗИБ ЮБОРМАЙЛИК!

Раҳмат ва мағфират ойи бўлган моҳи рамазонни бизларга фарз қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таалога ҳамд-у санолар, оламларга раҳмат қилиб юборилган пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га дуруд-у саловатларимиз бўлсин!

Азизлар авваламбор сизларни аввалги ўн кунлиги раҳмат, кейинги ўн кунлиги мағфират, сўнги ўн кунлиги дўзахдан нажот бўлган ойларнинг султони моҳи рамазон ойи билан муборакбот этаман. 

Бу ойда Қуръон нозил қилинганлиги сабабидан ойларнинг султони бўлди.

Имом Бухорий (р.а) рамазону шариф кириши билан ҳадис ва илм аҳллари билан музокараларни тўхтатиб, Қуръони карим тиловатига киришар эканлар. У зот ва барокат рамазон ойида ҳар кундузи битта ҳатм, рамазондан сўнг ҳар уч кунда битта ҳатм қилар эканлар.

Бу ой Қуръон ойидир. Бу ойда бизни Қуръон карим тиловатидан нима чалғитиб қўяяпди? Дўстларимиз билан кўп суҳбатлашишми? Ижтимоий тармоқлардан ортиқча фойдаланишми? Ёки бўлмасам ортиқча уйқуми? 

Шу нарсаларга эътибор қилайлик, чунки рамазон ойи Қуръон ойидир. Бу ойда имкон қадар коўпроқ Қуръон ўқийлик.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а) айтадиларки: "Сизларнинг мақсадларингиз сурани тугаши бўлмасин, яъни тугатиб қўяй, охирига етказиб қўяй деган маънода шошилиб, тезлатиб, тугашини кутиб, малолланиб ўқиманг. Аллоҳнинг каломини муҳаббат ила шошилмасдан, тартил билан ўқинг"-дедилар.

Ҳатто, Ибн Аббос (р.а):"Менга бақара сурасини шошилмасдан тартил билан ўқишим, бутун Қуръонни тезлик билан ўқишдан кўра яхшироқдир."-деган эканлар.

Демак Қуръони каримни тиловат қиладиган бўлсак уни шошмасдан тажвид ва тартилга асосланган ҳолатда ўқийлик.

Мана рамазон ойини 1/3 қисми ҳам ўтди. Қуръон ўқий билганларимиз қанча Қуръон ўқдик? Ўқий билмаганларимиз қанча эшитдик? 

Бу ой барокат ойидир. Албатта, бу китоб ҳам барокатли китобдир. 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таало ўзининг каломида: "Биз сизга нозил қилган китоб, барокатли китоб" - деди.

Шундай экан бу муборак ойда кўпроқ Қуръон ўқийлик, эшитайлик, ўрганайлик ва ҳаётимизга татбиқ қилайлик. Фақат ва фақат барака устида ҳаёт кечирамиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таало барчаларимизга бу ишларни насиб ва муваффақ қилсин!

 

 

Ярашев Хабиб – Имом Термизий ўрта махсус 

ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси

Izoh qoldirish

Izohlar