17.04.2023

Лайлатул қадр - минг ойдан афзал кеча

Рамазони шариф пайғамбаримиз алайҳиссалом орзу қилган ва биз уммат интиқ бўлиб кутган энг фазилатли ойдир...

Бу ойда ибодатларимиз, дуоларимиз, тавба-истиғфорларимиз қабул бўладиган муборак ойдир. Рамазон ойида Қуръони каримни ўзимизга лозим тутишимиз, хайр-у саховат ва меҳру мурувват ила бир биримиз билан мусобақалашадиган яхшилик ойи ҳамдир. Яна бу муқаддас ойда муборак бир кеча бўлиб, у минг ойдан кўра афзалроқдир. Кимки бу кечани ибодат билан ўтказса, бошқа пайтда минг ой ибодат қилгандан зиёда савоб топади. "Лайлатул қадр" - "белгилаш кечаси" деган маънони англатади. Йил давомида қилинадиган турли амаллар, ҳукм, топиладиган ризқ, бир сўз билан айтганда тақдир белгиланадиган кечадир. Бу кеча ҳақида Аллоҳ таоло: "... минг ойдан яхшироқдир" (Қадр сураси 3-оят) деб марҳамат қилган. 1000 ой- салкам 84 йилга тенг. 84 йил эса - 30 минг кунга тенг.

Лайлатул қадр кечаси қачон бўлади? Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ соллалоҳи алайҳи васаллам: "Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади", дедилар (Имом Насоий ривояти).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: - Қадр кечаси Рамазон ойининг сўнги ўн кунлигидадир. Ким унда иймон билан Аллоҳнинг розилиги учун ибодат қилса, албатта, Аллоҳ таоло у банданинг аввалгию кейинги гуноҳларини кечиради. Лайлатул қадр тоқ кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёки охирги кеча қадр кечасидир" - дедилар. (Имом Аҳмад ривояти). Аксар уламоларнинг фикрига кўра, Қадр кечаси ҳар Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир. Оиша онамиз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларини ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар". (Имом Бухорий. Имом Муслим ривоятлари) Ҳақиқатан, бугунги кунда юртимизнинг барча жомеъ масжидларида хатми Қуръонлар бўлиб турган бир пайтда, биз уммат ҳам таровиҳ намозларида қойим туришимиз, кундузлари эса рўзадор ҳолда бўлишимиз айни Расулуллоҳ алайҳиссаломга мос уммат бўлганлигимизнинг битта кўринишидир. Расулимиз алайҳиссалом: "Қадр кечасини 27 - ёки 29 - кечадир. Бу кечада ер юзида фаришталар сони майда тош заррачаларидан ҳам кўп бўлади"- дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).

Бу кечанинг қандай аломатлари бор?

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "У очиқ, иссиқ ҳам совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади", (Ибн Хузайма ривояти) дедилар. Имом Табарий ва Имом Байҳақий ривоятларида ушбу кечада касалликлар пайдо бўлмаслиги, шўр сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туришларини айтиб ўтишган.

 

Абдухолиқов Ғайрат – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2- босқич талабаси

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar