17.04.2023

Қадр кечасининг фазилатлари

Қадр кечаси ва унинг фазилати тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”.

Сура бошдан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир. Бу кечада шу йилдан келгуси йилгача бўладиган ишлар, ҳукмлар, ризқлар, ажалларнинг миқдори ўлчанади. Аллоҳ таоло бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўймоқликни амр этади.

“Лайлатул-қадр” сўзининг маъноси “белгилаш, ўлчаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради.

Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи икки хил маънода – қадри улуғ, иккинчиси, миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Унда инсоният тарихида мисли кўрилмаган бир кеча ҳақида – инсонларга дунё ҳаётидан чин инсоний ҳаёт кечириб ўтиш йўл-йўриқларини кўрсатиб берадиган сўнгги мукаммал илоҳий дастуруламал бўлмиш Қуръони карим нозил бўла бошлаган ниҳоятда қадрли Қадр кечаси ва унинг фазилатлари ҳақида сўз боради.

Қадр кечаси шарофатли ҳукмлар чиқариш ва ўлчаш-белгилаш, Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада Ўзи ҳоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиши ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарига топшириш кечаси бўлгани учун Парвардигор Ўз элчиси эътиборини шу фазилатли кечага қаратмоқда. Буюк- ватандошимиз аллома Абул Қосим Замахшарий (р.ҳ) айтади: “Бу сурада Аллоҳ таоло Қуръони каримни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган, иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган, учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган”.

Аллоҳ таоло мазкур сурада “Қадр кечаси”нинг даражасини баланд қилди. Бунинг асосий сабабларидан бири  бу кечада Қуръони каримнинг нозил бўлганлигидир. Пайғамбаримиз (сав) шундай марҳамат қилдилар:

“У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди. Гўё у зотга умматларининг умрларини қисқа, бошқа умматлар қилган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда Аллоҳ у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди”.

Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинади. Расул акрам (сав):

“Кимики Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур”, - дедилар.

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расул (а.с.)дан уни аниқлаб айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27 кеча экани маълум бўлган (Бағавий тафсири).

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган амалларни қилишимизда ёру мададкор бўлсин!                   

                                                                                         Жалилов Ёқуб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1-босқич талабаси

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar