25.04.2023

АЛ-МУКАРРАМ (ҲУРМАТЛАНГАН)

АЛ-МУКАРРАМ (ҲУРМАТЛАНГАН)

فِي صُحُفٍ مُّكَرَّمَةٍ

ҲУРМАТЛАНГАН САҲИФАЛАРДАДИР (АБАСА, 13). 

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган тафсирларга кўра, Қуръони Карим Аллоҳ таолога жуда қадрлидир. 

Имом Замахшарий ва Насафийга кўра, у Лавҳдан фаришталар томонидан нусха олинган саҳифаларда собит қилинган бўлиб, Аллоҳ наздида ҳурматлидир. 

Шунингдек, ушбу ўриндаги “саҳифалар” муфассирларга кўра, Лавҳул маҳфуз, ўтган анбиёларнинг китоблари, малоикалар қўллари, ёки мусулмонларнинг мусҳафларини ҳам билдириши мумкин. Буларнинг бари эса Қуръони Карим ҳурматланадиган ўринлардир. 

Самарқандийнинг келтиришича, Қуръоннинг “саҳифалар” деб номланиши унда турли-туман нарсалар баён этилгани ва сураларининг кўплиги туфайли ҳамдир. Кошифийга кўра эса, Қуръоннинг “саҳифалар” деб аталашига сабаб уни улуғлаш сабабиданки, у барча саҳифалардаги сир-асрорларни ўзида жамлайди. 

 

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar