26.04.2023

АЛ-МУТАҲҲАР

مُّطَهَّرَةٍ

ПОКЛАНГАНДИРЛАР (АБАСА, 14). 

Тафсир китобларида келишича, Қуръоннинг поклиги қарама-қаршилик, ихтилоф, нопоклик ва ширкдан муназзаҳлиги, ёлғон ва айбдан поклигидир. Шунингдек, у нопок шайтонлар қўли тегишидан пок бўлиб, уни фақат покиза фаришталаргина тутурлар. Ҳар ҳолда ҳам Қуръони Карим пок қўлларда бўлишга ҳақли Китобдир.

Бошқа бир оятда эса қуйидагича келади:

رَسُولٌ مِّنَ اللَّهِ يَتْلُو صُحُفًا مُّطَهَّرَةً

“У (баййина) Аллоҳ тарафидан юборилган Расул бўлиб, покланган саҳифаларни тиловат қиладир” (Баййина, 2).

Қуръони Каримнинг кетма-кет келган ҳурматланган, юксалган ва покланган каби сифатлари доимгидек ушбу Китобнинг янгидан-янги қирраларини очаверади. Ушбу Калом ўз Эгасининг ҳурмати, олийлиги ва поклиги сабабидан ушбу сифатларга эгадир. Албатта, Қуръонни ўқиш ва уқиш ила киши ушбу калом Эгаси ҳузурида ҳаққоний ҳурмат, юксак даража ва покликка эришади. Шунинг учун ҳам бу сифатлар унда мажозий ва тақлидий эмас, балки ҳақиқий тарзда қарор топади. Чунки Қуръон ва уни нозил қилган Зот ушбу сифатларнинг ҳақиқий манбаидир. Киши Қуръон орқалигина башарий зоти моҳиятини ҳамда илоҳият поклиги ва олийлигини мулоҳаза қилади. Натижада пастдан юқорига ҳаракат қилиш қувватини топиб, ўз асли ва даражасини англайди. Нафсоният оламидаги қарама-қаршилик ва номутаносибликни илоҳият олами мувофиқлиги ва уйғунлиги билан кетказади. Гўёки фитрати ва табиатига лойиқ шифо ва ғизога етиб, безавол тириклик қозонади.

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта  илмий ходими

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar