26.04.2023

ҲАЁ - ИЛОҲИЙ ХИСЛЛАТДИР

 Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

الإِيمانُ بِضْعٌ وستُّونَ شُعْبَةً والحَياءُ شعْبةٌ مِنَ الإِيمَانِ

“Имон олтмишдан ортиқ бўлакдан иборат. Ҳаё имоннинг бир шўъбасидир” (Имом Бухори ривояти). Бошқа ривоятда “Имон олтмишдан ортиқ ёки етмишдан ортиқ бўлакдан иборат”, дейилган.

 Ҳадиси шарифда имоннинг шўъбаларидан айнан ҳаё зикр қилинди. Зеро, у бaрчa фaзилaтлaр боши ва имоннинг қолган бўлакларига ундовчи сифатдир. Унинг аҳамияти беқиёс. 

   Шарм бандани дунё шармандачилиги ва охират азобидан огоҳ этиб, маъсиятлардан тўсади. Уламолар ҳаёни таърифлаб бундай дейишган: “Ҳаё шундай хулқки, у гўзал амалларни қилишга ва ёмонликларни тарк этишга ундайди”. Шу боис, динни ўрганиш, ҳақни гапиришда ҳаё қилинмайди.

Ҳаё икки хилдир: туғма ва касб қилинадиган. Ҳадиси шарифда айнан касб қилинадиган ҳаё назарда тутилган. Чунки туғма ҳаё инсон табиатида бор. Қачон киши касб қилинган шармни ўзига сингдиролса, у бора-бора табиий ҳаёга айланади.

Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга ўрнакдирлар. У зоти бобаракотда ҳаёнинг икки тури ҳам мужассам эди. Туғма ҳаёда чимилдиқдаги қиздан ҳам шармлироқ, касб қилинадиганида эса, энг юқори мақомда эдилар. Буюк саҳобалардан ҳaзрaт Усмoн (розияллоҳу анҳу) ҳам жуда ҳаёли бўлганлaр. Ҳатто у зотдан фaриштaлaр ҳам уялгaн.

Ҳаё барча яхшиликлар бошидир, у энг гўзал зийнатдир, имон аломатларидандир, Аллоҳнинг сифатларидан ҳамда У Зот суйган хулқдир. Шу юксак фазилатнинг кетишига маъсиятлар сабаб бўлади. Шармнинг йўқолиши барча яхшиликларнинг кетиши, демакдир.

Ибрагимов Убайдулло – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1-босқич талабаси

Таълим муассасаси матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar