14.07.2022

ҚУРБОНЛИК ҲУКМЛАРИ ВА УНИНГ ҲИКМАТИ

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй», деган. (Кавсар, 1-2).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га Кавсарни берган Аллоҳга ҳар қанча шукр қилинса, шунча оз. Чунки биз умматларга ҳам кўплаб яхшиликларини ато қилган. Холис Аллоҳнинг Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Худонинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.

Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.

Михнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг:

«Эй одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик ва «атийра» лозимдир. «Атийра» нималигини биласизларми? У сизлар, «ражабия» деб атайдиган нарсадир», деганларини эшитдим».Сунан эгалари ривоят қилганлар.

«Кавсар» сурасининг юқорида келган ояти ва ушбу ҳадис Ҳанафий мазҳаби уламоларининг ҳур, муқим, бой мусулмон одамга қурбонлик қилиш вожибдир, деган гапларига ҳужжатдир.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа ҳадисларида:

«Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Можа ва ал-Ҳокимлар ривоят қилган ҳадисда эса:«Ким имконга эга бўлиб туриб, қурбонлик қилмаган бўлса, зинҳор намозгоҳимизга яқинлашмасин», дейилган.

Қурбонлик қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган ҳайвондир.

Фуқаҳолар истилоҳида қурбонлик «Махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир».

Қурбонлик шариатга иккинчи ҳижрий санада киритилган.

Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир.

Қурбонлик қилиш ҳур, балоғатга ёшига етган, оқил, муқим ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Ҳанафий мазҳаби бўйича мусофирга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.

Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит кунининг тонги отиш билан киради ва учинчи ҳайит кунининг қуёши ботиши билан чиқади. Фақат, қурбонликни ҳайит намозини ўқиб бўлгандан кейингина қилина бошланади.

Агар қурбонликка аталган ҳайвон қочиб кетиб, ўрнига бошқаси олинган бўлса, кейин аввалгиси ҳам топилиб қолса, иккисини ҳам сўйилади.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.

Ҳадиси шарифларга биноан, уламоларимиз оддий ҳолатларда Қурбонликнинг гўштини учга бўлиб, бир қисмини егани, иккинчи қисмини камбағалларга бергани, учинчи қисмини сақлаб қўйгани яхши, дейдилар.Муҳтожлар кўпайганда эса, уларнинг риоясини қилиш зарурдир.

Яна ҳадиси шарифларда қурбонликка танланган ҳайвоннинг баркамол бўлиши лозимлиги ҳам таъкидланади. Бу ҳақидаги ҳадиси шарифлардан иккита ҳикматни мулоҳаза қилишимиз мумкин.

Биринчи ҳикмат:

Мусулмонларнинг Аллоҳга нисбатан юксак одоблари.

Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун, унинг соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмаслиги ва етмаслиги аниқ. У зотга фақат тақво етади, холос. Гўшти ва қони етмаса ҳам, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир.

Иккинчи ҳикмат:

Камбағалларнинг кўнгилларини кўтариш. Уларга яроқсиз бўлиб қолган, нуқсонли ҳайвонлар гўштини эмас, энг афзал ҳайвонлар гўштини совға қилиш яхши иш. Бунда камбағалларнинг кўнгиллари кўтарилади. Ўзларини муҳтарам кишилар сифатида ҳис этадилар.

✍️Аббос Қосимов, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директор ўринбосари

 


 

Izoh qoldirish

Izohlar