АБУ БАКР РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ БОРАСИДА ВОРИД БЎЛГАН ҲАДИСЛАР
(Тарих ал-Хулафо асаридан)
Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ким Аллоҳ йўлида бир жуфт нарса садақа қилса, жаннат эшикларидан: «Эй Аллоҳнинг бандаси, мана бу яхшидир!» деб чақирилади. Ким намоз аҳлидан бўлса, намоз эшигидан, ким жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан, ким садақа аҳлидан бўлса, садақа эшигидан, ким рўза аҳлидан бўлса, рўза эшигидан-Райён эшигидан чақирилади». Шунда Абу Бакр: «Ўша эшиклардан чақириладиган киши учун қандай зарурат бор. Ўзи бирор киши уларнинг ҳаммасидан чақириладими?» деди. У зот: «Ҳа. умид қиламанки, сен ўшалардан бўласан, эй Абу Бакр!» дедилар».[1]
Абу Довуд, ал-Ҳоким «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
Расулулллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Абу Бакр! Сен албатта, менинг умматимдан жаннатга кирадиган кишиларнинг биринчисан», дедилар.[2]
Икки шайх Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг ичида мен учун суҳбатида ва молида энг ишончлиси Абу Бакрдир. Агар мен ўзим учун Роббимдан бошқани халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин Ислом биродарлиги ва муҳаббатидир» дедилар.[3]
(Бу ҳадис ибн Аббос, ибн Зубайр, ибн Масъуд, Жундуб ибн Абдуллоҳ, Бароъ, Каъб ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ, Анас, Абу Воқид ал-Лайс, Абу Муъалло, Оиша ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумлардан ҳам ривоят қилинган. Бу мутавотир ҳадис сирасига киради).
Ал-Бухорий Абу Дардодан ривоят қилади:
«Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларида ўтирган эдим. Бирдан Абу Бакр келиб қолди. Салом берди ва: «Мен билан Умар ибн Хаттоб орасида бир гап ўтган эди. Сал надомат қилиб, мени кечиришини сўрадим. У бош тортди. Энди сизга келдим», дедилар. У зот уч марта:
«Аллоҳ сени мағрифат қилур, эй Абу Бакр», дедилар. Кейин Умар надомат қилди ва Абу Бакрнинг уйига бориб:
«Абу Бакр борми?» деди.
«Йўқ» дейишди.
Бас, у Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб салом берди. Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари (ғазабдан) бошқача бўла бошлади. Ҳаттоки Абу Бакр қўрқиб кетди ва чуккалаб олиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мен икки карра золимроқ эдим», деди. Набий солаллоҳу плпйҳи васаллам икки марта:
«Аллоҳ мени сизларга юборганда сизлар менга «ёлғон айтдинг», дедингиз. Абу Бакр «рост айтдингиз», деди, ўзини ҳам молиниҳам аямади. Ўзи сизлар соҳибимни тарк қиласизларми, йўқми?!» деб икки марта айтдилар. Шундан сўнг унга ҳеч озор берилмади».[4]
Ибн Адий ибн Умардан ривоят қилади:
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзи сизлар соҳибимни тарк қиласизларми, йўқми?! Аллоҳ мени ҳидоят ва ҳақ дин билан юборганида сизлар менга «ёлғон айтдинг» дедингиз. Абу Бакр: «Рост айтдингиз», деди. Агар Аллоҳ уни соҳиб деб атамаганида эди, уни халил тутар эдим. Лекин Ислом биродарлигидир»дедилар.[5]
Ибн Асокир Миқдомдан ривоят қилади:
«Уқайл ибн Абу Толиб ва Абу Бакр сўкишишиб қолди. Унинг Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга қаробатидан Абу Бакр ҳижолат чекди ва ундан тескари ўгирилди. Кейин Набий солаллоҳу алайҳи васалламга бундан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам одамлар орасида: «Ўзи сизлар соҳибимни тарк қиласизларми, йўқми?! У билан сизларнинг нима ишларингиз бор?! Аллоҳга қасамки, сизлардан ҳар бир кишининг уйининг эшиги зулматдир. Абу Бакр бундан мустасно. Албатта, унинг эшигида нур бордир. Сизлар менга «ёлғон айтдинг» дедингиз. Абу Бакр: «Рост айтдингиз», деди. Сизлар молларингизни ушлаб қолдингиз, лекин у моли билан менга ёрдам берди. Мени кўмаксиз қолдирдингиз, у менга хайрихоҳ бўлди ва эргашди» дедилар».[6]
Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким димоғдорлик билан кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмайди» дедилар. Абу Бакр «Эй Аллоҳнинг Расули, кийимимнинг бир тарафини тутиб турмасам, бўшаб, осилиб қолаверади», деди. Шунда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен буни димоғдорлик билан қилмайсанку», дедилар».[7]
Нуралиев Умид – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси АРМ мудири
Таълим муассасаси матбуот хизмати
[1]Саҳиҳу ал-Бухорий. 3666-рақам. Саҳиҳу Муслим. 1027-рақам.
[2]Абу Довуд. 4652. Мустадраку ал-Ҳоким. III, 73 б. Ҳокимнинг лафзи қуидагича: «Жаброил қўлимдан тутиб, умматим ундан киритиладиган жаннат эшигини кўрсатди» дедилар. Абу Бакр: «Эй Расулуллоҳ! Мен сиз билан бирга уни кўришни хоҳлардим» деди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Аммо, сен, умматимдан унга кирувчиларнинг биринчисисан» дедилар.
[3]Саҳиҳу ал-Бухорий. 466-рақам. Саҳиҳу Муслим. 2382-рақам.
[4]Ал-Бухорий. 3661-рақам.
[5]Ал-Камил. IV, 278 б.
[6]Тариху Дамашқ. XXX, 110 б.
[7]Саҳиҳу Бухорий. 3665-рақам. Муслим Абу Бакр қиссасини қолдириб ривоят қилган.
Izohlar