Исроф қилиш – сахийлик эмас!
Исроф – вақт, пул, мол каби Аллоҳ таоло берган неъматларни ножўя сарфлашдир. Исроф қилувчилар “мусриф” деб аталади. Аллоҳ мусрифларни ёқтирмайди. Исрофнинг зидди тежамкорликдир.
Аллоҳ таоло бизга етказган ҳалол неъматлардан ўзимиз истаганча фойдаланишимиз мумкин. Аммо исроф қилиш ва манманликка берилишга йўл қўймаслигимиз лозим.
Ҳақ таоло Қуръони каримда айтадики:
يَا بَنِي آدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
“Эй одам фарзандлари! Сажда қилинадиган (Аллоҳга бўйин эгадиган) ҳар ерда зийнатларингизни (ташқи, кўркам кийимингизни) кийинг. Енглар, ичинглар, аммо меъёрдан ошманг. Аллоҳ меъёрдан ошувчиларни ёқтирмайди”. (7:31)
Ҳозирги кунда кенг тарқалган вақт исрофи бўлса яна бир бошқа томондан тўй ва шунга ўхшаш маросимларда қилинаётган исрофнинг турли хил кўришлари мавжуд.
Замонамизда Айримлар пул ва молдан ташқари вақтини ҳам исроф қилади. Вақт ҳам Аллоҳнинг неъмати эканини унутадилар. Пайғамбар алайҳиссалом бир кунни уч қисмга бўлардилар. Бир қисмини ибодат билан, бир қисмини рўзғор ишлари билан, яна бир қисмини халқ ишлари билан ўтказар эдилар. Халқ ишлари учун ажратилган вақт кифоя қилмаса, оилаларига ажратган вақтдан олар, ибодат вақтига тегмас эдилар.
Қуръони каримдаги Аср сурасини Аллоҳ таоло: “Аср (вақти)га қасамки...” деб бошлайди. Бу оятда вақтнинг одамлар учун қанчалик юксак аҳамиятга эга экани таъкидланган.
Айни дамда ўтказилаётган тўй ва маросимларга келадиган бўлсак бу риёдан ўзга ҳеч нарса эмас.
Кимдир ўғлини уйлантирмоқчи ёки қизини узатмоқчи бўлса, умри давомида йиғган барча мол-мулкини сарфлаб янаям етмаганига кимлардандир қарз бўлиб тўй қиладиган замонга келиб қолдик. Бу жамиятнинг бир ачинарли муаммосига айланди. Халқимизни "Одамлар нима дейди?"-деган бир бемани савол шу даражада исрофли маросимлар қилишга мажбур қиляпди. Аллоҳнинг каломига мувофиқ исрофларсиз ҳаёт кечиришимиз учун барчамиз бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилмоқлигимиз вожибдир.
Юсуфов Зоҳиджон – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси.
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar